Ҳозирда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" учун белгиланган улуғвор вазифалар ижросини таъминлаш тадбирлари авжи паллага кирган. Айниқса соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган саъй-ҳаракатлар диққатга сазовордир. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ўтказиб келинаётган акциянинг иккинчи босқичи олийгоҳларда давом эттирилмоқда. Кейинги кунларда университетга ташриф буюраётган оқ халатли халоскор инсонлар ёш йигит-қизларнинг саломатлигини текширишда фаолликни ўз фаолиятлари мезонига айлантириб юборишган. Чунки, врач ва хамширалар саноқли бўлишгани ҳолда талабаларнинг минглаб эканликлари шуни тақозо этади. Қарийб икки ҳафтада ғоят масъулиятли тадбир муваффақиятли якунига етказилмоқда.
- Билим даргоҳимизда сабоқ олаётган 5200 дан зиёд йигит-қизларимизнинг соғлиғи юқори малакали мутахассислар томонидан тиббий назоратга олинди, - дейди "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати етакчиси Шоҳруҳ Мамадалиев. - Биз ютуқлар негизи юксак уюшқоқликда эканлигини чуқур ҳис этган ҳолда факультетма-факультет гуруҳ-гуруҳ қилиб талабаларни бу муҳим тадбирга жалб қилдик.
Дарҳақиқат шундай. Университетга бириктирилган ҳамшира Фотимахон Муҳиддинованинг айтишича, акцияга аввалдан пухта тайёргарлик кўрилган. Барча талабаларга очилган тиббий карталар жорий тартиб бўйича стол устига териб қўйилган. Қайси талаба кўрикка кирса, унинг картаси ҳамширалар томонидан қўлига тутқазиб турилмоқда. Врачлар ўзларининг ҳузурида бўлганларнинг тиббий тадбирда аниқланган ҳолатларни қайд этиб боришмоқда. Вақт тиғизлиги учун тезкорлик, қатъий интизом ва тартиб ўрнатилган.
Биз кўрик ташкилланаётган хона эшиги олдидамиз. Гуруҳлар бўйича навбатма-навбат ичкарига талабалар таклиф этилса, мутахассислар ҳузуридан мамнун кайфиятда чиқиб келаётганларнинг ҳам орти узилмайди. Кимларни мулоқотга тортмайлик, улар зарур ғамхўрликдан миннатдор эканликларини изҳорлашди.
- Ҳозиргина врачлар кўригидан ўтдим, - дейди филология факультети 2-босқич талабаси Шоҳсанам Ғафурова. - Кўнглим анча хотиржам тортди. Соғлигим яхши экан. Шифокорлар бундан буён нималарга кўпроқ эътиборлироқ бўлишимиз кераклиги ҳақида қимматли маслаҳат ва тавсияларгача беришди. Узоғимизни яқин қилишган, соғлиғимиз учун ўз вақтида қайғуришаётган тиббиётчиларга, тадбир ташкилотчиларига катта раҳмат!
Шундай эътирофларни физика-математика, ижтимоий-иқтисодий факультетларнинг талабалари Иномжон Мамадалиев, Ҳидоят Нуриллаева, Ҳуснида Эшматова кабилардан ҳам эшитдик. Бундай тадбирни талаблар даражасида амалга оширишга Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникаси жамоаси юксак масъулият билан қараётганлиги ҳар куни яққол кўриниб турди.
- Акция доирасидаги юмушларга астойдил енг шимарганмиз, - дейди терапевт врач Муқимахон Ибрагимова. - Энг аввало, талабаларнинг бўйи, вазни ўлчаняпти. Бу билан уларнинг ривожланиши меъёридами ёки орқада қолганми? - деган саволга жавоб изланмоқда. Кейин эса шифокорлар назоратига киритилаётир. Бугунги қизлар эртанги оналар бўлишини назарда тутиб, улар соғлиги турли мутахассислар томонидан кўрикдан ўтказиляпти. Гинеколог Сайёра Нурматова, эндокринолог Муаззам Иззатулаеваларнинг қабуллари эртадан кечга қадар ғоят самарали кечяпти. Умуман, тадбирга поликлиникадан 13 нафар врач ва ҳамширалар ажратилган. Окулист Юлдуз Дадахонова, лор мутахассиси Жамила Қориева, неврапатолог Аъзамҳожи Ботиров, травматолог Мухторжон Тўхтабоевларнинг ҳузурида бўлган талабалар ҳам зўр қониқиш ҳосил қилишди десак, асло янглишмаймиз. Акциядан деярли кутилган мақсадга эришилди.
Ниҳояланаётган тиббий кўрик давлатимиз ёшлар саломатлигини муҳофазалашга катта аҳамият бераётганининг ёрқин намойишига айланди. Зеро, бугунги талабалар - эртанги муаллим ва муаллималардир. Уларнинг соғлом ва баркамоллигини таъминлаш юртимиз тараққиётида доимо муҳимдан муҳим бўлиб қолаверади.
Манзура АБДУЛЛАЕВА,
"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.
Муаллиф тасвирга туширган ушбу суратда кўрик пайти акс эттирилган.