Лекин ҳали янги тармоқда муваффақиятлар билан бирга муаммоларнинг мавжудлиги соҳа ривожи учун тегишли чора-тадбирлар белгиланишини талаб қилаётганди. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 16 мартдаги "Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони айни муддао бўлди. Унда олиб борилаётган ишларнинг натижалари эътироф этилса-да "Шу билан бирга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг самарадорлиги ҳали замонавий талабларга жавоб бермайди, тез тибий ёрдам хизматларининг малакали кадрлар, дори воситалари, тиббиёт ускунаси, ихтисослаштирилган автотранс­порт ва алоқа воситалари билан таъминланганлиги даражаси етарли эмаслигича қолмоқда" деб алоҳида кўрсатиб ўтилди. Шунинг учун Фармонда кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифалар аниқ ва равшан кўрсатиб қўйилди.

Ушбу ҳужжатга шарҳда айтилганидай, Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази деб қайта номланди ва Марказнинг асосий вазифалари белгиланди.

Хусусан, аҳолига бепул асосда малакали ихтисослаштирилган, юқори технологияли шошилинч, тез ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий хизмат кўрсатиш, самарадорлиги бўйича жаҳон талабларига мос келадиган шошилинч тиббий ёрдам тизимининг фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарлик қилиш, кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларнинг профилактикаси, диагностикаси ва уларни даволаш бўйича янги, самарали технологияларни яратиш, хорижий турдош ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш каби йўналишлар Марказнинг асосий вазифалари сифатида қайд этилди.

Фармонга мувофиқ 2017 йилнинг 1 июлигача ягона маълумотлар базаси ва маълумотларни узатиш тармоғини яратган ҳолда, тез тиббий ёрдам бригадаларининг фаолиятини тезкор бошқариш ва мувофиқлаштирилишини таъминловчи Марказ ва унинг ҳудудий филиалларининг мувофиқлаштирувчи - диспетчерлик хизматларини яхшилаш чора-тадбирлар мажмуаси ишлаб чиқилди. Чунки, тез тиббий ёрдам фаолиятида диспетчерлик хизматларини яхшилаш, унинг кечаю-кундуз самарали ишлашини таъминлаш бугунги кун талабидир.

Биз Фармондаги кўрсатмалардан келиб чиқиб, фаолиятимизни танқидий таҳлил этиб, аҳолига шошилинч тиббий хизматни тобора такомиллаштиришга астойдил киришганмиз. Мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда 155 та тез тиббий ёрдам бригадалари ишини, айни маҳалда ҳар бир тумандаги 30 ўринли СУП филиалларимиз хизматидан халқ розилигига эришиш учун нимаики зарур бўлса, шуларни давр талабларига мувофиқ изчил амалга оширишга янада фаол ҳаракат қилаверамиз.

Ҳеч шубҳа йўқки, шошилинч тиббий ёрдам мамлакатимизда юқори поғонага кўтарилади, жаҳон андозалари асосида ривожланади. Бунинг учун хорижий ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлигимизни доимо мустаҳкамлаб бораверамиз. Жумладан, яқинда вилоятимиз вакиллари билан бирга Ҳиндистон давлатида бўлдик. У ердага фармацевтика саноати тараққиё­тини ўргандик, дунёга машҳур тиббий мутахассислар билан мулоқотлар ўтказдик, тажрибалар алмашдик. Ҳиндистонлик ҳамкасблар билан биргаликда Наманганда эндокрин касалликларни даволашда эҳтиёж катта бўлган инсулин корхонаси барпо этиш ва бошқа масалалар юзасидан зарур келишувларга эришилди.

Ишонч билан айтишим мумкинки, шошилинч ва тез тиббий ёрдам халқимизнинг тани соғлигию бахт-иқболини таъминлашга хизмат қилувчи муҳим тармоқ сифатида такомиллашади. Юқори малакали кадрлар, энг замонавий тиббий ускуналар, энг замонавий ихтисослашган автомобиллар, энг зарур дори-дармонлар таъминотидаги муаммолар ижобий ечимини топади. Халқимиз соғлиги биринчи даражали масала, бу борадаги биринчи хизмат ҳолати тўкислиги биринчи ўринга чиқади, албатта.