Норинкапа - Норин туманидаги аҳоли айниқса зич жойлашган қишлоқлардан ҳисобланади. Соҳада кечаётган мақбуллаштириш жараёнида бу ерда бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг энг мақбул бўғинларидан бири - 1-оилавий поликлиника вужудга келди. Айни кунларда янги тиббиёт маскани жамоаси қишлоқ аҳлига малакали тиббий хизмат кўрсатяпти. Аввалги ҚВПдан фарқли ўлароқ бир неча турдаги ихтисосликлар бўйича врачлар иш олиб боришяпти.
- Узоғимиз яқин бўлди. Илгари нажот излаб Ҳаққулободдаги кўп тармоқли марказий поликлиникага борардик. Энди бўлса малакали шифокорлар қишлоқнинг ўзида беморларни қабул қилишмоқда. Одамлар бу қулайликдан ғоят мамнун бўлишяпти, - дейди ультратовуш текширувидан ўтаётган Муқаддас Ғуломова.
Икки қаватли муҳташам поликлиникада УТТ мутахассиси билан бирга жарроҳ, травматолог, терапевт, педиатр, акушер-гинеколог ва стоматологлар одамлар саломатлигини мустаҳкамлаш учун астойдил хизмат қилишмоқда. Педиатр Нигорахон Қодирова, умумий амалиёт шифокори Ғания Муталлибова, ультратовуш текшируви врачи Шуҳратжон Расуловлар қисқа фурсатдаёқ норинкапаликлар олқишига сазовор бўлишга эришишди.
- Ҳудудимиздаги Норинкапа, Янгиқўрғонча, Чангитма, Хўжақўрғонча, Сойбўйи ва Истиқлол маҳаллаларида яшовчи 17 минг нафар инсонларнинг саломатлигига масъулмиз, - дейди мудира Шаҳноза Ҳолмирзаева. - Қишлоқда тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш учун 40 нафардан зиёд соғлиқни сақлаш ходимлари сафарбар этилган. Уларнинг барчаси касбига садоқатли, зиммасидаги шарафли вазифани чуқур ҳис этган ҳолда фаолият кўрсатяпти. Иш вақтимиз узайтирилган. Тез тиббий ёрдам бўлими туну кун чақирувларга шай.
ҚОПда шифокорлар учун яшаш уйи ҳам мавжуд. Поликлиникани янада кенгайтириш, биноларни реконструкция қилиш лойиҳалари ишлаб чиқилган. Қисқаси, янги муассаса яқин орада ўзининг бағоят қулай имкониятлари билан одамларниг дардини енгиллаштиришга, энг асосийси, қишлоқда тиббий маданиятни юксалтиришга баҳоли қудрат ҳисса қўшиши шубҳасиздир.