Дастлаб анжуман вилоят мусиқали драма ва комедия театрида очилди. Мавзу доирасида маърузалар тингланиб, ўзаро фикрлашиб олинди. Сўнгра тадбир иштирокчилари вилоятимиздаги бошқарма ва муассасаларга чиқишиб икки кун давомида ҳамкорлик юзасидан кенгашиб галдаги долзарб вазифаларни биргаликда белгилашди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат илмий-тиббиёт кутубхонаси директори Фаина Болкунова, директор ўринбосари Лола Эргашевалар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида бўлишди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маънавият хонаси ҳамда Республика саломатлик ва тиббий статистика институти Наманган вилояти филиали кутубхонаси фаолияти билан яқиндан танишишди. Меҳмонлар ўзларининг қимматли маслаҳат ва тавсияларини беришди.
- Халқаро анжумандан бой таассуротлар олдик, - дейди мамнуният билан филиал кутубхонаси мудираси Мавлудахон Эргашева. - Бугунги кунда интернет ва ахборот кутубхона ресурслари ишини замон талаблари даражасига кўтариш ғоят долзарб масаладир. Биз ўзимизнинг фаолиятимизни бундан буён янада такомиллаштирамиз.
Халқаро анжуман ғоят қизиқарли ва самарали кечди. Маърузалар тўплами билан танишганлар ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам тегишли жавоблар олишди. Келгусида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва ОАВ вакиллари ҳамкорлигида режалаштирилган вазифаларнинг изчил бажарилиши шубҳасиздир.
С. ТОЖИБОЕВ.