"Соғлом она - соғлом бола" дастури доирасидаги тадбирлар амалиётига йилнинг ўтган даврида алоҳида эътибор қаратдик. Туғиш ёшидаги аёлларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикка жалб этдик. Туғишга моънелиги борлар ҳам аниқ ҳисобга олинганлар.
Болаларнинг 14 ёшгачасини 100 фоиз тиббий кўрикдан ўтказдик. Ҳар хил касаллик аломатлари аниқланганларга муолажалар тавсия қилдик. Соғломлаштириш жараёнлари давомли.
Албатта, соғлом оилани соғлом йигит - қиз яратади. Агар никоҳланувчилар тиббий кўригини талаблар даражасига кўтармасак, бунга эришиш қийин. Ҳозиргача тиббий кўрикка келган ёшларнинг 300 дан зиёдида текширув пайти соғлом оила қуришга моънелик қилувчи хасталик белгилари учради. Зудлик билан даволаниш йўлланмаси ва маслаҳати берилди. Тезда йигит-қизлар саломатлиги тўла тикланди, турмуш қуришга қарор қилишди. Фақат айримлари-бармоқ билан санарли руҳий ҳамда сил касаллигига чалинганларнинггина никоҳи кечиктирилди.
Шунингдек, "Оила ва никоҳ" марказиходимлари, даволаш - профилактика муассасалари, ФҲДЁ бўлими билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатган. Диний идора вакили ёрдамидан ҳам фойдаланилмоқда. Эрта ва қариндош - уруғлар ўртасидаги никоҳга йўл қўймаслик учун тарғибот - ташвиқот кучайтирилган.
Соғлом оиладаги соғлом аёл ҳомиладорлик чоғидан яна назоратда туради. Туғма ирсий касалликларнинг олдини олиш мақсадида витрум пренатал витамин комплекси уларга бепул тарқатилмоқда.
Бола туғилганидан бошлаб эса эмлаш режали амалга оширилиб, келажак учун соғлом авлод вояга етказилади. Ҳамма жойда бўлгани каби бизнинг туманимизда ҳам бунинг учун керакли шароитлар яратилган, вакциналар таъминоти тўкис бўлишига эришяпмиз.
Баҳромжон ҚОСИМОВ,
Косонсой ТТБ бош врачини оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари.