- Ассалому алайкум, - деди катта йўл ёқасида ишхонасига шошиб кетаётган ҳамширага ёнида қизчасини етаклаб олган аёл.

Сўнг худди синглисидек бағрига босди.

Муқаддасхон аввал кимлигини эслолмади-ю, кейин барибир ёдига тушди...

Ўшанда навбатчи эди. Тун ярмидан ошганда ўта оғир аҳволдаги қизчани олиб келишганди. Ҳушида бор ё йўқ эди... Онасининг нажоткорларга қилган оҳу нолалари ҳали-ҳамон қулоқлари остида жаранглайди.

-Қизимнинг жони омон қолсин, жон дўхтиржонлар. Бу менинг кўзимни оқу - қораси. "Фарзанд кўриш мумкинмас" дейишса ҳам ўлимни бўйнимга олиб, дунёга келтирганман уни. Илтимос ёрдам беринглар.

-Болажонимнинг тепасида туни билан мижжа қоқмагансиз. Ширинсўзлигингиз, жонсараклигингиз ҳали ҳамон ёдимда. Худога шукр, қизим Умидахон буткул соға­йиб кетди. Мактабда аъло баҳоларга ўқияпти. Яқинда гимнастика бўйича чемпион ҳам бўлди. Ҳар доим бўлимингиздаги барча шифокорларни дуо қиламан. Сизларни тез-тез эслаб тураман...

Муқаддасхон Деҳқоновага бундай олқишу раҳматлар тез-тез ёғилиб туради. Шунда беихтиёр касбидан завқланиб, кучига-куч ғайратига-ғайрат қўшилади. Айниқса, келажак авлод саломатлиги учун курашаётганидан, оилалар шодлигию-қувончига шерик бўлаётганидан, касби туфайли элда эъзоз топаётганидан мамнун.

У 1969 йили Чортоқ туманининг Мучум қишлоғида туғилган. Табиатан зийрак, билимга чанқоқ қиз болалигидан оқ халатли ҳамшира опаларга ҳавас билан улғайди.

Мактабни тамомлаб, Чортоқ тиббиёт билим юртига ўқишга кирди. Бу даргоҳда кўплаб устозлардан сабоқ олди, айниқса Фотима Муродованинг сабоқлари уни танлаган касбининг барча сир-асрорларини чуқур ўзлаштиришида муҳим роль ўйнади.

Муқаддас меҳнат фаолиятини туман тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлимида бошлади. Бу орада шоир ва журналист Носиржон Деҳқонов билан тақдир йўлларини боғлади. Бирин-кетин фарзандлар туғилгач, ёш оила Наманган шаҳрига кўчиб келишди.

У 2005 йилдан буён РШТЁИМ болалар реанимацияси бўлими жамоаси билан бирга. Бу даргоҳда катта ҳамшира Гулчеҳра Исматова ҳамда олий тоифали ҳамширалар Хадича Абдувалиева, Шоира Раҳматшаева, Маъсуда Шокирова сингари илғор ҳамкасбларининг иш тажрибаларини ўрганиб, асло кам бўлмади. Бемор болаларнинг чинакам халоскорига айланди.

- Муқаддасхон талабчан ва юқори малакали ҳамшира. Оғир ҳолатдаги бемор болаларнинг аҳволини енгиллаштириш учун астойдил жон куйдиради, уларнинг саломатликлари тезроқ тикланиши учун кечаю-кундуз хизматга шай, - дейди бўлим мудири, олий тоифали шифокор Шоира Файзиева.

- Ёдимда бола пайтимизда қўшни қизлар билан хола-хола ўйнардик. Шунда мен дўхтир опа бўлардим, дугоналаримнинг "бемор" қўғирчоқларига "укол қилиб", дорилар ичкиздириб даволардим. Айни ўқувчилик пайтимда эса ҳамшира опаларнинг уйма-уй юриб, ҳамманинг соғлигидан хабардор бўлиши, шифохонага ётганларнинг соғайгунича бошларда парвоналиги болалар ҳамширасидек нозик касбни танлашимга сабаб бўлган, - дейди у. - Бемор болалар тузалгани сайин ота-оналари ва яқинларининг қувончдан порлаган нигоҳлари, олқишларию миннатдорликларидан, кўнглим тоғдек кўтарилади, оз бўлсада уларга нафим тегаётгани учун ўзимни ғоят бахтли ҳисоблайман деб биламан...

Касбининг фидойиси Муқаддасхон ҳозир ёш ҳамшираларнинг кўмакдоши, севимли устози. Шаҳноза Тожимирзаева, Наима Мадраҳимова, Гулноза Ҳабибуллаевалар унинг сабоқларидан баҳраманд.

Нияти пок, амаллари эзгу, очиққалб кишига ҳамиша толеъ ва омад ҳамроҳ. Оилада суюкли келин бўлиб қайнона - қайнотасининг дуоларини олган аёл. Турмуш ўртоғи Носиржон ака билан уч фарзандларини яхши тарбия қилиб, эл қаторига қўшишди. Ўғли Отабек тадбиркор, Азизбек онасидай тиббиёт ходими. Қизи Меҳриноз Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, эл ардоғидаги таниқли шоира.

Айтганча, Меҳриноз болалар реанимацияси бўлимидагиларнинг ҳам фарзандидек бўлиб қолган. У ижодининг илк паллаларидан бошлаб, онаси билан бирга бу ерда ташкилланадиган турли байрам ва тадбирларида ўзининг гўзал шеър ва маърузалари билан ўзгача файз киритарди.

- Муқаддасхонга ҳавас қиламан, - дейди ҳамкасби Маъсудахон опа. - Шундай беморлар борки, ширинсўз ҳамширага боғланиб қолишади, айниқса болажонлар. Гўё шу ҳамшира муолажа қилса, тезроқ тузалиб кетадигандек.

Дарвоқе, кўп давраларда Меҳринознинг шоира бўлишида, Биринчи Президентимизнинг Наманганга ташрифи чоғида сермаъно назмий ижоди билан назарига тушганлигида, Давлат мукофотига муносиб кўрилишида, улкан ютуқларга эришишида Носиржон аканинг ҳиссаси беқиёс эканлигини эътироф этишади. Аслида Меҳриноз онасининг узун тунлар айтган эртак ва дос­тонлари, ҳикоятлари таъсирида улғайган. Шу боисдан ҳам сўзамоллигию, очиқфеъл­лиги ва камтаринлиги тиббиётчи онасидан андозадир.

Биз соғлом болажонлар сафини кенгайтиришда ҳалол ва фаол хизмат қилаётган, кўнгли либосидек оппоқ Муқаддас опанинг эл-юрт саломатлигини сақлаш йўлидаги беминнат хизматларида янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз.

Манзура ЭРГАШЕВА.