Туғруқ комплекси ҳомиладор аёлларни даволаш, чақалоқлар ва гинекологик касалликлар постларидан иборат. Муқаддасхон Мақсудова, Розахон Хайритдинова, Санобархон Холиқова сингари олий тоифали врачлар кичик жамоаларига бош-қош бўлишмоқда. Барчаларининг мақсадлари ягона, хотин-қизлар ва чақалоқлар саломатлигини сақлаш. Юқорида таъкидлаганимиздай, бир-бирига узвий боғлиқ омиллар эзгу ниятлар ижобатини таъминлаётир.

Биринчи омил-аёлларнинг репродуктив саломатлигига қаратилган тарғибот. Бу борада вилоят репрадуктив саломатлик маркази томонидан тарқатилган "Ҳомиладорлик варақаси" талаблари ҳамда тавсияларига амал қилиш муҳим аҳамият касб этди. Унинг самараси йил давомида сезилди. Қишлоқ врачлик пунктлари, хотин-қизлар маслаҳатхонаси билан биргаликдаги тадбирларнинг нафақат таъсирчанлигига, айни маҳалда нафдорлигига ҳам эришилди. Энди акушер-гинекологлар билан ҳомиладорларнинг, туғиш ёшидаги аёлларнинг алоқалари ўзаро ишонч муҳитида янада мустаҳкамланди. Ҳеч бир аёл тиббий назоратдан четда қолмади   ҳисоб.

Туғруқ комплекси эшиги остонасидан ўтишингиз биланоқ шундоққина кутиш залидаги кўргазмали тарғибот воситалари беихтиёр эътиборингизни тортади. Ҳали врач ҳузурига кирмаёқ қизиққанлар девордаги қатор-қатор баннер-паннолардаги ёзувларни ўқиб, анчагина тиббий маълумотга эга бўлишлари мумкин. "Кўкрак сутининг фойдаси", "Муваффақиятли эмизиш томон 11 қадам", "Ҳомиладорликдан сақланиш усуллари", "Скрининг текшируви" кабилардан тортиб, деворий газетагача кўринарли ҳолатда. Ҳатто яна ҳам нигоҳ тортар қилиш учун ранго-ранг суратлар билан безатилган. Оғзаки тарғиботнинг доимийлиги, фақат бемор ёки туғиш учун келганлар ўртасидагина эмас, тиббий суҳбатлар маҳаллаларда, ҳовлиларда давом этишига эътиборнинг кучайтирилаётгани эса онага ғамхўрлик болага ғамхўрлик эканига фақат турмушдошларигинамас, айни дамда қайнона-қайноталаргача тушунтирилишига олиб бормоқда. "Сизлар хотинларингизнинг, сизлар келинларингизнинг ҳомиладорлиги соғлом кечишига қанчалик кўпроқ қайғурсаларинг, улар туғруқхонамиздан, албатта, соғлом чақалоқни бағриларига босиб чиқишади. Уйларингизни бахтиёрлик қувончига тўлдиришади". Бу тўрақўр­ғонлик акушер-гинекологларнинг доимо тилларида такрорланадиган истак ва даъваткор сўзларидир.

Иккинчи омил-истиқлол ислоҳотлари шарофати туфайли шифокорларга ҳам, даволанувчиларга ҳам қулай шароитларнинг яратилишию, энг замонавий тиббий жиҳоз ва аппаратларнинг келтириб қўйилганидир. Чунончи, "Саломатлик-2" дастури бў­йича "Чақалоқларни интенсив даволаш хонаси"га керакли аппаратлар келтирилган. Эндиликда тўла-тўкис жиҳозларга эга бўлди. "СПАП", яъни иссиқлик берувчи, нафас олишни таъминловчи, қон босимини, пульс­ни назорат қилувчи тиббий ускуналар муҳайё.

Неанотолог врач Замира Қаюмова, ҳамширалар Марғуба Одилова, Азиза Ёқуббоевалар чақалоқларнинг фаол ҳаётга тезроқ кўникиб кетиши, соғлом яшаши учун астойдил жон куйдиришади. Тунлари эса улар навбатчи врач Ҳамидхон Эгамбердиев назоратида бўлишади.

Ҳозирда 7 та туғруқ зали мавжуд. Бу жойлар уй шароитига яқинлаштирилган. Ҳомиладор аёлларнинг бемалол, қўрқмасдан, доялар кўмагида кўзи ёришига тўла-тўкис имконият яратилган. Ҳар бир аёл учун алоҳида шароит мавжудлиги туғруқ жараёнининг муваффақиятли кечишига кафолат беради. Санъатхон Юсупова, Мўътабар Маҳмудова, гинекология постида Санобар Холиқова раҳбарлигида муолажалар олиб борилади. Муҳаррамхон Назарова, Гулнора Абдуллаева, Нилуфар Фазлиддиновадай маҳорати мукаммал ҳамширалар дардманд­ларнинг халоскорлари сифатида ихлосу обрў қозонишган. Улар беморларга ўз вақтида тиббий ёрдамлар кўрсатишади. Гинеколог хасталиклардан фориғ этишгач, кейин ихтисослашган бўлимларда даволанишни тавсия қилишади. Зарурати туғилса, вилоят муассасаларига йўллашади.

Туғруқ комплексида Азиза Ёқуббоева ўзига хос ва ғоят масъулиятли вазифани бажаради. У неанотолог скрининг билан шуғулланади. Яъни янги туғилган чақалоқларнинг товон таҳлилини олиб, вилоят "Она ва бола скрининги" марказига топширади. У ерда гўдакнинг кейинги тақдири аниқланади. Натижа ёмон чиқса, зудликда ўша оила билан телефонда боғланади. Она ва болани биргаликда Наманганга даволаш муассасига етказади. Зарур муолажалар давом эттирилса, чақалоқ келгусида дардманд бўлиб қолишининг олди олинади. Соғлом болалар сафи тўлдирилаверади.

Аслида у аввалдан бу ишга киришган бўлади. Қишлоқ врачлик пунктлари доялари билан узвий ҳамкорлик ўрнатган. Ҳисобдаги ҳомиладорларнинг тиббий назорати чоғида хавфли гуруҳга тааллуқлиси алоҳида ажратилади. Ҳомиласи 16-20 ҳафта оралиғида скрининг текширувига боришини таъминлайди. Демак, барча аёлларга бехатар оналик насиб этиши учун зарур чора-тадбирлар кўрилади.

Гулчеҳра Исоқовадек акушер-гинекологлар, Маърифат Саидова, Каромат Жалолова, Кимёхон Сулаймоновадек доялар янги "меҳмон"ларни кутиб олишади. Лекин қўлни қовуштириб эмас, аксинча ҳаяжонли ва масъулиятли дақиқаларнинг ҳар сониясини ҳушёрлигу сергаклик, чечанлигу чаққонлик билан.

Учинчи омил- гинекологик касалликка чалинганларни даволаш ўз вақтида, юқори малакали амалга оширилаётгандир. Ва умуман, ҳомиладорларни туғдиришу, чақалоқларнинг дастлабки тиббий кўриги ва парваришини ўтказишда ҳам худди шу омил муҳи роль ўйнайди. Мазкур оналар ва болаларнинг нажот масканида деярли барча акушер-гинекологларнинг олий тоифага эгалиги, доя-ҳамшираларнинг аксарияти ҳам юқори тоифа ва малакага эгалиги бежизмас. Билимдон, тажрибали ҳамда изланувчан мутахассисларнинг жамулжамлиги эса муттасил муваффақиятлар қўлга киритилишига олиб келаётганлиги ҳаётий ҳақиқат.

Туғруқ комплексида икки жоннинг омонлиги муҳимдан муҳим. Керак пайти жарроҳлик амалиётигача қўлланади. Акушер-гинекологларга реанимация постдагилар ҳамкору ҳамнафас туришади. Реаниматолог Абдулҳафиз Тожибоев оғир ҳолатларни бошдан ўтказувчи оналарнинг ҳаётини хавф­дан қутқариш учун кеча-кундуз ҳушёру бедорликни касб айлаган.

Тўрақўрғонлик шифокорларнинг 2016 йилги хизматлари муносиб эътирофини топди. Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Тошкентда ташкилланган тантанага туғруқ комплекси мудири Самияхон Исоқова таклиф этилди. Муҳташам Миллий театр залида тақдирлаш бошлангач, мукофотга сазоворларнинг қалбини бир олам шодлигу ҳаяжон қамради. Ниҳоят Наманган вилояти вакиллари тилга олинди: "Тўрақўр­ғон туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқхона бўлими "Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича энг яхши даволаш-профилактика муассасаси" номинациясида кўрик-танлов ғолиби сифатида Диплом билан тақдирланади"

Ғолиб жамоа раҳбари Самияхон Исоқова ушбу мукофотни Ильмира Эркиновна Боситхонованинг қўлидан йиғилганларнинг олқиш қарсаклари остида олар экан, кўнгли беҳад ғурурларга тўлди.

- Истиқлолли юртимиздаги тиббий ислоҳотлар шарофати билан юксак натижаларга интиляпмиз,-дейди у бугун зўр мамнуният билан.- Мамлакатимизда оналик ва болалик муҳофазаси давлат сиёсати даражасига кўтарилган экан, шу эзгу ишда фаол қатнашишга доимо бурчлимиз.

2017 йилда хизматимизни халққа янада манзур қилиш учун бор билиму бор тажрибаларимизни ҳеч аямай сарфлайверамиз. Биз устозларимиз изидан бориб, уларнинг энг яхши анъаналарининг давомчилари бўлиб қолаверамиз.

Самияхон Исоқова устозларини бесабаб тилга олмади. У ишлаётган қутлуғ даргоҳда қанчадан-қанча оналарнинг ҳаётини сақлаб қолган, ёруғ дунёда соғ-саломат кўз очишига имкон яратган, беҳисоб оилаларга ҳадсиз хурсандчиликлар ҳадя этган ҳамкасбларини ҳеч вақт ёдидан чиқармайди, бошқаларни ҳам шундай қилишга ундайди. Ахир ким сув ичган "дарё"га садоқат билан яшаса, у асло камлик кўрмайди. Бу шунчаки гап эмас. Мен суҳбатлашиб ўтириб, беихтиёр шу жамоада бундан икки йил бурун ташкилланган тадбирни эсладим.

Самияхон Исоқова шу жамоада истиқлолдан икки йил муқаддам хизмат фаолиятини бошлаган бўлса, 2008-2010 йилларда тиббиёт бирлашмаси бош врачининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари вазифасини адо этди. Еттинчи йилки, туғруқ комплекси мудири. У "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги" эсдалик нишони билан тақдирланган.

Содиқ САЙҲУН.