Таъкидлаш жоизки, келажагимиз ворисларининг саломатлигини янада мустаҳкамлаш ниятида амалга оширилган мазкур акция илк бора ташкил этилди. Шу боис ҳам соғломлаштириш жараёнига ғоят пухта ҳозирлик билан киришилди. Чуқурлаштирилган тиббий кўрикка вилоятимиздаги барча академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ёшларни жалб этиш кўзда тутилган эди. Шунинг учун ҳам Наманган шаҳри ва туманлардаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларнинг тор соҳа мутахассислари, вилоят ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларининг энг малакали шифокорлари мазкур тиббий тадбирга сафарбар қилинди.

Икки ойдан ортиқроқ давом этган акция доирасида вилоятимизнинг энг тажрибали шифокор ва мутахассислари ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида бошлаган чуқурлаштирилган тиббий кўрикларни олий ўқув юртларида якунлашди. Қарийиб 72 минг нафардан зиёд талаба ва ўқувчининг саломатлиги энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари ёрдамида текшириб кўрилди. Аниқланган касалликларни зудлик билан даволаш юзасидан тегишли тавсия ва маслаҳатлар берилди.

-  Дастлабки тиббий-ижтимоий тадбир ёш авлод саломатлигини мус­таҳкамлаш борасидаги фаолиятимизда янги қирраларни очди. Айниқса, йигит ва қизларда учрайдиган айрим касалликларни барвақт аниқлаш имконини берди. Бундан ташқари тиббий текширувларнинг бевосита ўқув масканларида уюштирилганлиги талаба ва ўқувчиларнинг вақтини тежашга шароит яратди. Келгусида бу жараённи янада такомиллашган ҳолда давом эттириш ниятидамиз, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Дилшод Ҳошимов.

Эртанги кунимиз эгаларининг тиббий маданиятини юксалтириш масаласига ҳам доимий эътибор кучайтирилаверади. Чунки зарарли одатларга билиб-билмай берилиш ҳолатлари ёш авлод ўртасида кўпроқ учрайди. Айниқса соғ­лом турмуш тарзига амал қилмаслик оқибатида саломатликка путур етади. Республика Саломатлик ва тиббий статистика институтининг Наманган филиали ходимларининг таълим масканларида ўтказган давра суҳбатлари, учрашувлари ёшларнинг тиббий тушунчаларини бойитишда муҳим аҳамият касб этди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.