Анжуман аввалида сўз олган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Дилшод Ҳошимов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2857-сонли қароридан келиб чиқадиган вазифаларларга эътиборни қаратди.
Вилоятда мавжуд қишлоқ врачлик пунктлари мақбуллаштирилиб, улар негизида қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилаётганлиги туфайли фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини юқори даражага кўтариш имконияти яратилмоқда. Тўрақўрғон туманида иш бошлаган Файзиобод қишлоқ оила поликлиникаси фаолиятидан аҳоли мамнун бўлмоқда. Мазкур тиббиёт муассасаси мудири Яҳё Аҳмедов ҚОПнинг ташкилий жараёни ва поликлиника ишини йўлга қўйиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ўртоқлашди.
Анжуманда соғлиқни сақлаш муассасалари иш самарадорлигини ошириш ва касалликларни барвақт аниқлаш ҳамда даволаш натижадорлигини таъминлашда патронаж хизмати муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштириш республика марказининг Наманган филиали ўқитувчиси Акрамжон Мамасолиевнинг "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 18 мартдаги "Аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолини патронаж хизмати ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш юзасидан амалга ошириладиган ишларни янада такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруғи ижросини таъминлаш", ВССБ бош мутахассиси Зулфия Мамажонованинг "Патронаж ҳамширанинг ойлик, ҳафталик ва кунлик иш режаларини тузиш ҳамда унинг бажарилишида умумий амалиёт шифокорлари билан ҳамкорликнинг аҳамияти ", бошқарма бош ҳамшираси Райҳона Мансурованинг "Сурункали касалликларнинг ривожланишини олдини олишда патронаж ҳамширасининг роли" мавзусидаги маърузаларида бу ҳақда батафсил тўхталиб ўтилди.
Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси етакчи мутахассислари билан ўтказган селектор йиғилишларида тиббиёт ходимларининг маънавияти ва маданияти пастлиги танқид қилинган эди. Шу боис ҳам вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Абдулла Ғозиевнинг чиқиши "Аҳоли ўртасида тиббий тарғибот ишларини олиб боришда ҳамширанинг муомала маданияти" ҳақида бўлди. Нотиқ тиббиёт ходимлари фаолиятида деонтология масалалари ҳақида батафсил фикр юритди. Тиббиёт муассасаларида маънавий-маърифий ишларни янада кучайтириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Семинарда Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти Наманган филиали статистика бўлими мудири Лола Улуғбоева "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида юритиладиган тиббий ҳужжатларни мувофиқлаштириш тўғрисида" тушунча берди. Анжуман қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мухтасар жавоблар олдилар.
(Ўз мухбиримиз).