- Ҳақиқатдан ҳам кексалари ардоқли юртда яшаяпмиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги "Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони бизлар учун айни муддао бўлди. Мақсад жам­ғарма фаолиятини табора фаол такомиллаштириб, кекса ёшдаги фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини янада оширишдан, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўла ҳуқуқли иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, катта авлоднинг жамият, оилалар ва маҳаллалар тинчлик ва осойишталигини таъминлаш, шунингдек, ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ишидаги ролини кучайтиришдан иборатдир. Демак, бугунги ёши улуғларнинг ҳеч бирлари пассив бўлмасликларини, аксинча фаол шахсга айланишларини ҳаётнинг ўзи тақазо этмоқда. Улар фақат оилаларидагина эмас, балки маҳаллаларда, ўқув муассасаларида, жамоат ва иш жойларида намуна тимсоли даражасига кўтарилмоқлари, наинки ўзлари учун, ўзгалару бутун жамият учун фойдали тадбирларда қатнашмоқлари керак.

Улар билан ишлаш, уларнинг бошларини бир жойга қовуштириш, улардаги бой тажрибаларни оммалаштириш, устозу шогирдлик анъанаси изчил давомийлигини таъминлаш "Нуроний" жамғармаси томонидан ташкилланади. Ҳам моддий, ҳам маънавий рағбатлантирилади. Янги йилда жам­ғарма ишини янгичасига олиб бориш учун қонуний ва иқтисодий кафолатлар тўла яратиб қў­йилмоқда. Энди виждонан жон куйдириб ишлайдиган пайт келди. Ахир юксак эътибор бизлардан шунга яраша юксак масъулият ҳисси билан яшашни талаб этади-да.

- Бошқарма тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида пенсиядалигига қарамай, айни маҳалда шифокорлар сафини тарк этмаган, ёшлар билан ёнма-ён беморларни даволаётган меҳнат фахрийлари таҳсинларга сазовор. Улар чарчаш нелигини билишмайди чамаси, ҳамон зўр ҳафсала билан ишлашаётгани соғлиқни сақлашдек шарафли вазифаларига беҳад садоқат намунаси эмасми?

- Худди шундай. "Нуроний" жамғармамиз ҳисобида 464 нафар пенсионерларимиз турса, уларнинг 180 нафардан зиёди ўзларининг билим ва маҳоратлари ҳали ҳам халққа керакли эканлигини яхши билишади. Ҳаётларини ҳамон беморларсиз тасаввур этишолмайди. Қувонарли томони, жамоаларининг ҳам уларга меҳри баланд. Устозлардан сира ажралгилари келмайди. Имкон қадар тажриба ва малакаларини ўзлаштириб олишга интилишади. Уларнинг ҳар бирлари ўзига хос маҳорат мактабига эгаликларини жуда яхши билишади-да. Абдуллажон Мамажонов, Мусохон Саъдуллаев, Муҳаммадюсуф Раҳмонов, Адҳамжон Сотиболдиев, Аҳмаджон Мамажонов, Ҳусанбой Мубораков, Убайдуллахон Ҳожиматов, Раънохон Икромова, Мавлудахон Шукурова, Мўътабар Қирғизова, Роҳатхон Абдуллаева, Гулчеҳра Иброҳимова, Адиба Мадаминова, Маҳфуза Муқимова каби яна ўнлаб ҳамкасбларимизнинг номларини фахр билан тилга оламиз. Улар хизматдошларию, беморлар ўртасида баланд мавқе-мартабага эга инсонлардир. Бутун умрини халқ саломатлигини сақлашга бахшида этаётган бундай фидойиларнинг жамоаларига шахсий ўрнаги, тарбиявий таъсири беҳад катта. Биринчидан, бетаъма ва фаол хизматгина эл ўртасида обрў-эътибор қозонишга олиб келса, иккинчидан, чуқур билимли ва юқори малакали мутахассиснинг атрофидан ҳамиша ўзига ихлос қўйган нажотталаб инсонлар ҳеч қачон аримаслигини исботлаб туради. Касбдошларда кучли ҳавас уйғотади, эзгу интилишларига руҳан куч-қувват бағишлайди. Пенсияда бўлишига қарамай ҳали ҳануз беморлар палатасидан қадамини узмаётган, поликлиникаларда давоталабларни қабул қилишни оғир олмаётган, касбига садоқати беқиёс кексаларни янада қадрлашимиз шартлигини энди ортиқча изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Айниқса, буни даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари "Нуроний"ларни қўллаб-қувватловчи жамғармамиз ҳамкорлигида ҳеч вақт эсдан чиқармайдилар. Байрамларда алоҳида иззат- эҳтиром кўрсатилади.

- Ҳозирда уйда ўтириб, кексалик гаштини сураётган соғлиқни сақлаш ходимларига қандай эътибор кўрсатиляпти?

- Улар алоҳида эъзозга сазоворлар. Чунки, тиббиёт ривожига бутун умрларини бағишлаганликлари учун бунга арзийдилар. Аввало, ўзлари фаолият юритган муассасалар, қолаверса, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маъмуриятига Кенгашимиз доимий ҳамкор ва ҳамнафасдир. Қутлуғ айёмларда аслида ҳаммаларини эсга олишга, ҳаммаларига эзгу тилаклар изҳорлашга, ҳаммаларида мамнунлик кайфияти уйғотишга ўзимизни бурчли деб биляпмиз. Чунончи, хотин-қизлар байрами муносабати билан фахрий онахонларнинг хонадонларига совға-саломлар билан бордик. Айниқса, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари, вилоят ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари, касаба уюшма, хотин-қизлар ташкилотлари раислари катта ташкилотчилик ва ташаббускорлик кўрсатишди. Бундай ҳисоб-китоб қилсак, вилоятимиз бўйича улашилган совғалар қиммати жами 14 миллион 200 минг сўмликдан ортиб кетибди. Наврўз айёми муносабати билан худди шундай тадбирлар яна бир бор такрорланди. 50 дан зиёд меҳнат жамоасининг 426 нафар собиқ ходимлари байрам совғалари билан сийландилар.

Фақат шугина эмас. Улар тиббий кўриклардан ўтказилди. Турли даволаш муассасаларига, санаторийларга имтиёзли йўлланмалар билан таъминлаш эса навбатма-нав­бат амалга оширилмоқда. Биз кекса касбдошларимизни йўқлашни, холларидан хабар олишни сира тўхтатмаймиз, зарур бўлса, моддий ва маънавий кўмагимизни ҳеч аямаймиз. Зеро, улар шунга ҳар жиҳатдан муносиблар. Ўринбой Мирзаалиев, Олимжон Холмирзаев, Эркин Орифбоев, Ҳакимжон Жўраев, Аюбхон Юсупов, Ойшахон Қўчқорова, Мавлудахон Аҳмадбоева, Аҳмаджон Худойназаров сингари ўнлаб фахрийларимиз турли тантаналаримизда ҳамиша давраларнинг тўридан жой олишади. Уларни соғломлаштириш тадбирларига жалб этиш доимий диққат марказимизда турибди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрда ПФ-4906-сон Фармонига ва худди шу санадаги "Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қуватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйи­ча қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-2705-сон Қарорига мувофиқ "Нуроний"лар Кенгаши фаолиятини янада изчиллаштирамиз. Кекса авлод вакиллари ўзларини давлатимиз ғамхўрлиги оғушида эканлигини ҳар куни, ҳар соат ва ҳар дақиқа қалбдан ҳис этиб туришларига эришиш, уларни мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўла ҳуқуқли иштирокчига айлантиришга астойдил интилаверамиз.