"Раҳбар аввало, ўзига талабчан бўлиши керак, кейин эса ўзгаларга. Ана шунда жамоасига унинг сўзи ўтади, барча бирдай ортидан эргашади, мақсад муроди ҳосил бўлади", деб уқтираркан тармоқдаги катта-кичик муассасаларга бош врачлик вазифасини кимнинг зиммасига юкламасин. Ҳаётини шахсий намуна мактабига айлантиролган бу аллома раҳбардан сафдошларида, уни таниганларда фақат эзгу амаллари ҳақидаги сабоқнамо хотиралар қолди.

Таниқли шоир ва публицист, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби Эрмамат Нурматовнинг "Эзгуликдан умр чароғон" китобидан ўрин олган икки мухтасар ҳикоя беҳад диққатга сазовор: "Ваҳобжон Умрзоқов "Пахталикўл" санаторийси бош врачи эди. Кечқурун уйга келса, дарвозаси олдида ёғоч тахта уюлиб ётибди. Хотинидан ким олиб келганини сўраганида хўжалик мудири исмини айтибди. Буни эшитиб ҳайдовчисидан дарҳол мудирни ҳузурига келтиришни илтимос қилибди. Ранги қув ўчган мудирдан қачон ёғоч тахта кераклигини айтганини сўрабди. Зудлик билан хатосини тўғрилашга имкон берибди. Мудирга кўчадан машина ушлаб келиб ишхонага, тикланаётган объектга ёғоч тахталарни олиб бориб ташлашни қатъий буюрибди. Эртасига "ҳотамтой" мудир ҳайфсан олибди.

Ваҳоб Бозорович вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармасига раҳбарлик давридаги бир воқеа ҳамон кўпчиликнинг ёдидан чиқмайди. У қизини турмушга узатадиган бўлиб қолибди. Табиийки, тўйга бошқа соҳа вакиллари қатори тиббиётчилар ҳам таклиф этилибди. Маросим серодам, серфайз ўтибди. Қараса, совғага анчагина гилам тушибди. У ўринбосарларини уйига чорлаб, барча гиламларни ногиронлар уйларига тарқаттиради.

Юқоридагилар тўғрисида Чуст туманида соғлиқни сақлаш бўлими мудири сифатида самарали фаолият юритган Раҳматали Мамадалиев мароқ ва фахр билан сўзлаб берганди".

Тўрақўрғон туманида яшовчи тиббиёт фахрийси, олий тоифали инфекционист Абдуллажон Юнусов қуйидагиларни эслайди. "1984 йили вилоят бош инфекционисти вазифасидан туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи ўринбосари вазифасига ўтказилгандим. Аввало, ўз соҳам кўз ўнгимда оқсаётганидан ташвиш чекдим. Келибоқ юқумли касалликлар шифохонаси янги биносининг лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлатишни охирига етказдирдим. Сўнг вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармасидан нажот изладим.

- Ҳозир вилоятдаги саккизта туманда шундай қурилиш ҳужжатлари қилиндию, ҳали асосий масала уларни давлат режасига киритиш, маблағ ажратиш ечим топганича йўқ, - деди бош­қарма бошлиғи Ваҳоб Бозорович. - Ҳақиқатда касалхона қурмоқчи бўлсаларинг, аввалдан уқтириб қўяй: эшикдан қувилсаларинг, тешикдан кириб келаверсаларинг ниятга етасизлар.

Ваҳоб Бозорович мени яхши таниганликлари учун бор гапни яшириб ўтирмадилар. У киши айтганидай вилоят капитал қурилиш бўлимига кунора қатнашдан эринмадик. Натижада 1987 йилда пойдевор ўрни очилиб қурилишга киришилди".

Чортоқлик шифокор Адҳамжон Сотболдиев Ваҳоб Бозоровичнинг камтарлигига кўп бор қойил қолганлигини таъкидлайди:

- У киши чинакамига тилло одам эдилар. Кунлардан бирида туман марказий шифохонасида бош врач жамоа билан эрталабки ҳафталик ишларини белгилаб олиш йиғилишини ўтказаётганида Ваҳоб Бозорович келиб қолдилар. Ўзингиз мажлисхонага кираверасизми ёки бош врачни чақиртирайликми? - деб сўрадик.

- Ҳеч хожати йўқ, ишларингга халақит бермаганим маъқул, - деганларича ҳовлининг ичларига кириб, ҳаммаёқни кўздан кечирдилар. Қачонки, мажлис тугагач, бош врач билан учрашиб, муҳим масалалар бўйича янги топшириқларни бердилар-да хизмат машинасига ўтириб, шошилганча жўнаб кетдилар.

Ваҳоб Бозорович умр йўлдошлари Муҳаббатхон Бойматова билан тўрт қизу бир ўғилни вояга етказишиб, эл хизматига йўллашган. Муборакхон ҳуқуқшунос, Мунира шифокор, Дилоромхон муҳандис, Баҳодиржон доришунос, Дилбархон эса газ мутахассиси. Барчалари бирдай оталарига суюк бўлса, оталари ҳам улар учун азиз ва ардоқли эди.

"Ҳеч эсимдан чиқмайди, - дея эслайди қизлари Мунира Умрзоқова, - бир куни дадажоним билан суҳбатлашиб ўтирганимизда ёмонлик қилган бахил одамлар билан сира гаплашгим келмайди. Уларнинг юзини кўрмасам деб юбордим беихтиёр. Шунда дадажоним менга ялт этиб қараб, хиёл жилмайганларича: "қизим, кечиримли бўлиш керак, сен ёмонга ҳам яхшилик қилавер, шунда у ўйланиб қолади" уқтирдилар фикримга қўшилмай. Мен бу гапга асло таажжубланмадим.Чунки, дадам доимо ҳаммага яхшиликни раво кўриб яшаганлар-да. Ниҳоятда тўғри қилганликларини энди -энди тушуниб боряпман. У кишини таниганлар мени ҳам ҳозиргача ҳурматлашади. Отангиз ундай эдилар, отангиздан ҳали-ҳали миннатдормиз қабилидаги кўнглимда фахр уйғотувчи эътирофларни айтишади.

Биз ҳам эшитганларимиздан яна ҳикояламасдан туролмаймиз. Ваҳоб Бозорович бошқарма йиғилишини ўтказаётган вақтда туман соғ­лиқни сақлаш бирлашмаси бошлиқларидан бири кечикиб хона эшигини очиб кирибди.

- Кечиринг, машинамиз эскилигидан йўлда "иш кўрсатиб" қолди. Шунинг учун...

- Ҳечқиси йўқ, йиғилишдан сўнг янги машина учун ҳужжат тайёрланг, келаси йиғилишга ўшанда кечикмасдан етиб келасиз, - деди бош­қарма бошлиғи қўққисдан.

- Мен машина сўрамаяпман, - раҳбарнинг қўл остидаги туман бош врачининг хижолатчилиги баттар ортди.

- Ҳеч бўлмаса, раҳмат денг­да, бугуноқ калитини олиб кетаверинг, сўраттиришга зарурат сезмаяпман, янги машиналардан бирини сизнинг туманингизга ажратишни белгилаб берганман...

Бундай мароқли ҳаётий ҳикоячалар Ваҳоб Бозорович умрининг безагига айланган ширин хотиралардир. Ўзидан кўраям ўзгаларни кўпроқ ўйлайдиган инсонларнинг ишхонада ҳам, уйда ҳам кечмишлари мароқли, ибратнамо бўлиши табиий.

Кунлардан бирида Ваҳоб Бозорович қаттиқ шамоллаб, ишга чиқолмай қолибди. Уйига "тез ёрдам" чақиришибди. Ҳамшира бошқарма бошлиғининг орқасига қаторлаштириб банка қў­йибди-да, бош врачининг адолатсизлигидан нолиб, кўзига ёш олганча тили гапдан тўхтамабди.

- Дада, ўн беш дақиқамас, қирқ беш дақиқа бўлди-ку, банкани олсинларми? - дебди қизи ойисининг қистови билан.

- Ҳа, майли етарли, - дея у киши ҳам ҳушёр тортибди. Ҳамширага таскин бериб, муаммолар тезда ечилишини ваъдалабди. Меҳмонни кузатибоқ эрининг ҳолатидан ташвишланган Муҳаббатхон ая унинг ёнига келибди.

- Қани, кўрайликчи, вой-бўй моматалоқ бўлиб кетибдику, оғримадими? Эрининг аҳволига ачинибди у.

- Оғриди аяси, оғриди, гапини бўлгим келмади-да...

Қаранг-а, катта раҳбарнинг бу қадар кичик кўнгиллигига, ўзгаларнинг дарди олдида ўзиникини унутишига.

Пенсияга чиқса-да, Ваҳоб Бозорович врачлигини тарк этмасди. У кунлардан бирида қизи билан ишга отланаётиб, ҳовлидаги йўлакда қоқилиб кетди.

- Абанг сезмасин, - деди секингина қизига. - Кўзимнинг хиралашаётганини билмайди. Билса, ишга қўймайди. Мен эса, уйда биқиниб ўтиришни сира-сира ёқтирмайман. Беморларга нафим тегмаса, шифокорлигим қаерда қолади...

Бундай толега шукроналик отанинг кўнглини тоғдек юксалтиргани юксалтирган эди. Фарзандлар учун эса чексиз фахр бағишлайди. Издош қизлари Мунира Умрзоқова "Ифтихор" шеърини бежиз битмаган.

Сизни поклик тимсоли дерлар,

Табиатдай содда ғоятда.

Меҳрингизни дарёга тенглар

Кимки сафдош бўлмиш ҳаётда.

Зеро, 1978-1994 йилларда вилоятда соғлиқни сақлаш тизимига раҳбарлик қилган Ваҳоб Умрзоқовнинг умри абадийликка дахлдордир. Ўзи орамиздан кетганига қарамай, порлоқ хотираси тиллардан тилларга, диллардан дилларга кўчаверади.

Содиқ САЙҲУН.