Бундан роса етмиш йил муқаддам Мамажон ака билан Зебихон аяларнинг оилаларида иккинчи фарзанд туғилди. Отаси ўзининг исмига монанд қофиядошлаб, уни Аҳмаджон деб атади. Бу арабий номнинг маъноси мақтовга, олқишга сазовор эканини балки билишмагандиру, лекин кўнгилларида келгусида элнинг хизматига ярайдиган, халққа манзур инсон бўлишини орзулашгани айни ҳақиқат. Шу бола 1963 йили қишлоқдаги 15-мактабнинг битирувчи синфида ўқирди. Каримжон Халилов, Жўрахон Аъзамов, Маҳмуджон Мавлонов, Абдуллохон Қодиров сингари устозлари сабоғини аъло баҳоларга ўзлаштириб, ўткир зеҳни билан тенгдошларининг пешқадами сафида юрувчи ўқувчи кутилмаганда ташкилланган учрашув тадбиридан ғоят мароқ олди.

- Ука - сингиллар! Кечагина мен ҳам сизлардек шу мактаб партасида ўтириб ўқигандим, бугун эса Самарқанд Давлат тиббиёт институтининг талабасиман. Келгусида қишлоғимга врач бўлиб қайтаман. Оппоқ халатни эгнимга кийиб, бемор инсонларни даволайман,-деди талаба Турсунбой Сиддиқов.

Меҳмоннинг сўнгги сўзлари Аҳмаджоннинг кўнглига маҳкам ўтирди. У ҳам кўп ўтмай, ширин орзулар оғушида Андижон Давлат тиббиёт институтига йўл солди. Билимдонлиги омад келтирди. Олийгоҳ талабалари сафига қўшилди. Олти йил тиб илмини ўзлаштирди. 1969 йили йўлланма билан вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Турсун Аҳмедов ҳузурига кирди.

- Ҳозир умумдаволовчи врачлар кўпайяпти-ю, ихтисослашганлар етарли эмас, сизни шаҳар шифохонасига уролог қилиб юборамиз. Тезда Тошкентга бориб, малака ҳам ошириб қайтасиз, - деди бош­қарма бошлиғи эътирозга ўрин қолдирмай.

Аҳмаджон бундай самимий муомала-ю, тавсиядан ғоят қувонч туйди. Айтилган жойга ишга ошиқди. Шифохонада Муҳаммадюсуф Садриддинов бош врач экан. Зарур ёш кадр жамоани тўлдиргани учун унга меҳрини аямади. Пойтахтдаги тўрт ойлик курсда назарий билимини чуқурлаштириб, амалий малакасини мукаммаллаб қайтгач, беморларни даволаш иштиёқи янада кучайиб бораверди. Вилоят касалхонасининг урология бўлимига нафақат кундузлари, ҳатто кечалари ҳам тажриба ўргангани қатнашдан чарчамади. Бўлим мудири Маҳмуджон Ҳожиевнинг беминнат ёрдамчисига айланволишга улгурди. Устози 1973 йили уни ўз ёнидаги штатдаги ходимлари сафига қўшиб олди. Ана энди у юқори малакали уролог-жарроҳнинг муносиб шогирди сифатида бор тажрибасини ўрганиш, ажойиб инсоний фазилатларини ўзига юқтириш учун кенг имкониятга ҳам, қулай шароитга ҳам эга бўлди. Бу жараён 1980 йилгача давом этди. Етти йилда етуклик остонасига етди чамаси, ниҳоят устоз шогирдга мустақил ишлашга, ҳамкасбларига бош бўлишга оқ фотиҳа бериши мавриди келди.

Аҳмаджон Мамажонов йирик ишлаб чиқариш корхонаси-"Электротерм" қошида очилган тиббий-санитария қисмининг урология бўлимига мудир қилиб ўтказилди. Мослаштирилган биноларнинг мукаммал таъмиридан сўнг - 1981 йилнинг май ойидан у беморларни қабул қилишни бошлади. ТСҚ бош врачи Усмонхон Валиевга даволаш ишларини талаблар даражасида йўлга қўйиш учун энг яқин кўмакдош ва елкадош бўлди. Наинки тиббий муолажада, балки ташкилотчилик ва ташаббускорликда ҳам йилдан йилга камолот касб этди. Ўн икки йил бўлим мудирлигида фаолият юритгач, 1993 йили шифохона бош врачлигига лойиқ топилди. У бу орада ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиб, элга танилганди, вилоят раҳбарлари назаригача тушганди. Раҳбар сифатида урологик хасталикларнинг кўпайганлигини, даволашни янги-янги йўллари, усулларини қўллаш ҳаётий талабга айланиб бораётганини чуқур ҳис этгани учун эзгу ният билан юқори ташкилотларга қайта-қайта мурожаат қилишдан тўхтамади. Эл манфаатига дахлдор таклифлари вилоят ҳокимлигида қўллаб-қувватланди. 2000 йилнинг май ойида ТСҚ ўрнида вилоят урология маркази ташкилланди. Муассаса ўз поликлиникасигача эга бўлди. 120 ўринли шифохонада 24 нафар врач ҳамда 67 нафар ҳамширанинг фао­лиятига жавобгарлик билан баббаравар равишда бевосита беморларни даволашда ҳам шахсий намуна кўрсатиш Аҳмаджон ака учун доимий муҳим аҳамият касб этди. Марказнинг болалар, катталар ва аёллар бўлимлари-ю, поликлиника хизмати фаолияти истиқлол даври ислоҳотларига мувофиқ равишда тобора такомиллаштириб борилди.

- Биз Республика урология маркази ҳамда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти профессорлари билан мустаҳкам алоқагина эмас, изчил ҳамкорлик ҳам ўрнатгандик,-дея эслайди Аҳмаджон Мамажонов,- Юртимизнинг довруқли уролог-жарроҳлари Жуманазар Бекназаров, Асилбек Ғайбуллаев, Фарҳоджон Оқилов, Шуҳрат Мухторовларнинг назарий-амалий кўмакларига таяниб, астойдил фаолият юритганмиз. Айниқса, буйрак хасталикларини, сийдик йўли нуқсонларини бартараф этишда кам ҳарж, асоратсиз ва юқори самарали жарроҳлик амалиётларини уларнинг ўзлари Наманганга келиб ўргатишган. Ҳозирдаги "Маҳорат мактаби" сабоқлари урология шифохонасида бундан ўн етти йил аввал бошланганди дейишга тўла ҳақлимиз.

Дарҳақиқат, марказ бош врачига сафдошлари бўлган Каримжон Тўрабоев, Нурилло Ботиров, Акмалхон Муҳиддиновлар, ёш шогирди Ёдгормирзо Нурматов, Дилфуза Умарова ва Сайфиддин Мамадалиевлар сермашаққат ва шарафли вазифаларни ўн йил юксак масъулият билан бажаришда сидқидилдан ҳамкорлик қилишди. Эришилган муваффақиятларда унга нафақат Тошкентдаги олим-шифокорлардан, аввалроқ Россиянинг дунё­га машҳур Боткин номли тиббиёт марказининг уролог-жарроҳларидан ўрганган амалиётлари беҳад қўл келди.

Шогирдларининг меҳру-ихлосини қозонган устоз ёшларнинг кўнглида бир умрлик ҳурмат-эҳтиром уйғотиши аниқ. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бўлим мудири, тиббиёт фанлари доктори Ёдгормирзо Ҳотаммирзаевич Нурматовнинг қуйидаги эътирофлариёқ шундан далолат:

- Устозимиз Аҳмаджон Мамажоновдан бир умрга миннатдорман. У кишининг рағбатлари билан 1998 йили ТСҚга бўлим мудири этиб та­йинландим. Камолотимда шу инсоннинг ғамхўрликлари катта роль ўйнади. Ўша йиллариёқ хорижий мамлакатларда ва республикамиз пойтахтида қилинган мураккаб операцияларгача ўзлаштириб олдик. Бу борада устознинг устозларигача тажриба малакаларини ўргатишни бизлардан аяшмади. Қанчадан-қанча хаста ҳолларнинг буйрак ва сийдик йўлларини нуқсонлардан, оғриқлардан фориғладик. Бош врачимизнинг ўзлари аденома операциясида олиб ташланган без ўрнини тикиш амалиётини қўллашда, аёлларда кўп учрайдиган пастга тушиб қолган буйракни ўрнига кўтариб тикишда ҳамкасбларига, шогирдларига шахсий ибрат кўрсатганлар. Кичик жамоамизнинг катта муваффақиятлари Германиянинг Дорнье фирмасидан олинган буйрак тошни майдалаш аппарати ўрнатилиши билан ҳам боғлиқ эди. Ўша пайт марказимиз 2005 йилдан буйрак тошини тиғсиз, нур билан йўқотиш бошлангач, дард азобидан тез ва оғриқсиз қутулиш учун келадиган беморларнинг шифокорларга ишончи ва ихлоси янада ортганди.

Аҳмаджон Мамажонов 2010 йилгача марказ раҳбарлигини уддалади. Соғлиқни сақлаш тизимидаги оптимизация жараёнида муассаса тугатилиб, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига қўшиб юборилгач, бўлим мудирлиги вазифаси тажрибали врач зиммасига юкланди. Шу ердан 2012 йили пенсияга кузатилди.

Уролог-жарроҳ "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони соҳибидир. Қатор-қатор Фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. Умр йўлдоши Оминахон Мамажонова ҳам бутун умрини оналар ва болалар соғлигини мустаҳкамлашга бағишлади. Акушер-гинеколог касбида тиббиёт ривожига фаол ҳисса қўшди. Айни маҳалда уларни истиқлолли юртнинг чин иқболли, пиру бадавлат кексалари дея атасак, ҳеч муболаға эмас. Гулсара, Адҳамжон, Фарида, ва Жаҳонгир каби тўрт ўғил-қизни вояга етказишган. Фарзандларининг бири врач, бири ўқитувчи, бири ҳисобдон, бири банк ходимидир.

Эру хотин шифокорлар Маккаи мукаррама зиёратига боришиб, ҳаж амалларини ҳам адо этиш бахтига мушаррафланишган. Бугун қўшақаришган тиббиётимиз фидойилари уйлари тўрида юрт тинчлигини, фарзанду набираларнинг камолини тилашиб, дуо қилишганича шундай замонда яшаётганликларига беҳад шукроналикни тилларидан қўйишмайди.

С. ТОЖИБОЕВ.