Пойтахтлик мутахассислар бу гал Янгиқўрғон ва Косонсой туманларида фаолият юритишди.

РИЭИАТМ ходимлари Муниса Расулова билан Малоҳат Раҳимбердиевалар Косонсой туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада беморларни қабул қилишиб, уларнинг таҳлил намуналарини обдон  ўрганишди. Фойдали маслаҳатлар беришди.

- Қандли диабет касаллиги бирдан бошланмайди. Шунинг учун терапия, офтольмология, онкология, неврология, ҳатто стоматология ва бошқа хасталиклар бўйича ҳам энг аввало биохимик таҳлил керак. Натижаларга қараб, ташхис қўйилади, даволаш ишлари бошланади, - дейди М. Расулова.

Олий тоифали лаборант М. Раҳимбердиева туман тиббиёт бирлашмасининг биохимик лабораториясидаги шароитлар билан танишди. Савол-жавоблар ўтказиб, қимматли маслаҳатлар берди.

Шунингдек, мутахассислар "Гулбоғ", "Намуна", "Чўлпонов-2" ҚВПларида ҳам беморларни қабул қилдилар. Уларга фойдали маслаҳат, тавсиялар, тиббиёт ходимларига керакли кўрсатмалар берилди.

Марказий поликлиникада ўтказилган семинар-йиғилишда М. Расулованинг "Йод танқислигининг олдини олиш", "Қанд­ли диабетга чалинмай десангиз" мавзуларидаги маърузалари тингланди.

- Мен 38 йилдирки, участка терапевт врачиман, - дейди олий тоифали шифокор Назирахон Қорахўжаева. - Эндокринологик касалликларнинг олдини олиш, даволаш бўйича "Маҳорат дарслари" машғулотларида катта сабоқ олдик.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.