- Зафаржон Ҳошимжонович, Сиз аввало, мазкур масалага мамлакатимизда қандай эътибор қаратилаётгани ҳақида муштарийларимизга тушунча берсангиз?
- Дастлаб, терминнинг ўзига тўхталсак, "экология" - юнонча сўз бўлиб, унинг маъноси тирик организмларнинг яшаш шароити ёки ташқи муҳит билан ўзаро муносабатини билдиради. Бизнинг юртимизда мазкур масалага мустақилликнинг илк йиллариданоқ алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Чунки, экологик хавфсизлик миллий хавфсизликнинг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида Конституциямиз билан бир пайтда "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонуннинг қабул қилингани ҳам бежиз эмас. Ундан кейин эса яна қатор қонун ва қарорларга эга бўлдик. 2017 йилнинг 21 апрелидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори ғоят муҳим аҳамият касб этди.
- Биз биламизки, инсон яшаши учун азалдан уч унсур - ҳаво, сув ва тупроқ мавжуд. Уларнинг ҳеч бирисиз ҳаёт йўқ. Иккитаси яққол намоёну, биттаси кўзга кўринмайди. Энг аввало, ана шунисини асраш муҳимдан муҳим. Тиббиётимиз бобокалони Абу Али ибн Синонинг: "Агар ҳавода чанг ва ғубор бўлмаганда эди, инсон минг йил умр кўрарди" деган башоратлари ҳеч биримизни лоқайд қолдирмаслиги керак. Афсуски,..
- Афсусингиз ўринли, гарчи ҳамма узоқ умр кўришни истасаям, бепарволик, ўз саломатлигининг муҳим омилига эътиборсизлик қилишдек қусурдан қутулолмаяпти. Бу эса ғойибона дўстни очиқдан-очиқ душманга айлантириш билан баб-баравардир. Булғанган ҳаво киши организмини заҳарлаб боради-да. Ҳозир ер шарида 400 миллиондан ортиқ автомобиль йилига атмосферага 300 миллион тонна ҳар хил заҳарли газлар, чанг ва бошқаларни чиқариб ифлосламоқда. ЮНЕСКОнинг маълумотича, турли мамлакатларда ишлаб турган 260 миллиондан ортиқ автомашиналар йилига 80 миллион киши истеъмол қиладиган кислородни сарфлайди. 100 километр юрган автомобиль бир кишининг бир йиллик кислородини ютади. Демак, ҳавони булғаши у ёқда қолиб, одамлар учун энг зарур ҳисобланган тоза ҳавони ҳам камайтиради. Бу рақамларга бепарво қараб бўладими ахир.
Албатта, салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича юртимизда қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, кейинги йилларда атмосферани ҳимоя қилиш доирасидаги чоралар боис ҳавога заҳарли моддаларни чиқариш кўлами камайди. Масалан, Ўзбекистонда охирги беш йилда 1000 тонна миқдордаги заҳарли газларнинг атмосферага чиқишининг олди олинди. Бундан ташқари мамлакатимизда ҳаво муҳофазаси бўйича жиддий амалий қадамлардан бири автотранспортлар ёқилғининг экологик тоза тури - газга ўтказилишидир.
Атмосфера мусаффолигини таъминлашда корхона ва ташкилотлар атроф-муҳитга зарарли чиқиндилар ва тутунларни чиқаришига қарши воситаларни ишга тушираётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Автомашина эгалари йўлда носоз транспорт билан юришларига чек қўйиш мақсадида давлат табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари билан давлат автомобиль назорати идоралари ҳамкорлигидаги "Тоза ҳаво" ойликлари ташкилланиши самарали натижалар бераётир.
- Сув киши саломатлигида ва унинг хўжалик фаолиятида катта аҳамиятга эга. Одамларнинг сувга муносабати сизни ҳам қониқтирмаса керак. Биз баъзи ҳолларда ўзбекона қадриятларимизни гўё унутиб қўяётгандекмиз. Қария отахон ва онахонларимизнинг: "Сувга тупурма, ёмон бўлади", " Оқин сувда кир чайма!", "Супуриндини сувга ташлама!" деган уқтиргиларида кўпчиликнинг соғлиғига қайғуришдек инсоний хислатлар мужассам эмасми?
- Худди шундай. Бугунги ёшларнинг экологик тарбияси эртанги авлоднинг соғломлигига эришишни кўзда тутади. Соғлом авлод - юрт таянчи. Шундай экан, доимий долзарб масала давлат сиёсатида устувор ўринга эга. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш жадал ривожлантирилаётган, тадбиркорликка кенг йўл очилаётган бир пайтда фаолият юритаёган наинки катта, балки кичик корхоналарда ҳам экология талабларига риоя қилиш тартиби қатъий белгилаб қўйилган. Боиси, оби ҳаётни ифлословчи манбалар орасида энг муҳим ўринни саноат ишлаб чиқаришидан ҳосил бўлган ва маиший коммунал хўжаликдан чиққан оқова сувлар эгаллайди. Уларнинг таркибида тирик организмлар учун хавфли бўлган ҳар хил кислоталар, феноллар, мис, рух, водород сульфати, мишьяк, аммиак, хром ва бошқа заҳарли моддалар, ёғ, нефть маҳсулотлари, турли биоген моддалар мавжуддир. Булар дарё, сой, ариқ, кўл ва сув омборларига бориб қўшилади. Оқибатда ифлосланаётган сувлар касалликларни туғдирувчи, тарқатувчи, ривожлантирувчи омилга айланиб кетиши ҳам мумкин. Юртимизда сув ифлосланиши салбий кўринишларининг олдини олиш мақсадида жиддий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Чунончи, саноат корхоналарида илғор технологиялар қўлланиб, ифлос оқова сувлар миқдорини камайтиришга эришиш учун тозалашнинг механик, кимёвий, биологик ва электролиз усулларидан самарали фойдаланилмоқда.
Эндиликда оилада экологик тарбия билан шуғулланиш ота-оналарнинг, мактаб, лицей, коллежларда ва ниҳоят олий ўқув юртларида шу соҳага иқтисослашган ўқитувчиларнинг ғоят муҳим вазифасига айланмоқда. Юқорида айтганингиздек, бу борадаги азалий қадриятларимизни ота-оналар фарзандларига сингдиришлари сусаяётганига ҳеч қачон йўл қўйиб бўлмайди. Дарахтнинг тўғри шаклланиши ниҳоллигидаги парваришига нақадар боғлиқ бўлганидек, экологик маданиятга, билимга эгаликнинг дебочаси болаликдан жиддий уйғотилади, кейин эса мукаммаллашиб боришига эришилади.
- Инсоннинг табиатга ошнолиги - табиатга меҳри тобора зиёдалашувининг асоси саналади. Меҳрдан эса бутун борлиққа гўзаллик бағишловчи, кўркамлик ва ободлик тимсоли манзарали дарахту гулларни, ям-яшил майдончаларни кўпайтириш, асраш ҳаракати авжланаверади. Наманганимиз наманганликларнинг табиатга бениҳоя шайдоликлари туфайли мафтункор шаҳарга айланаётгани сиз билан бизни ҳам қувонтиради, ҳам фахрлантиради. Шундай эмасми?
- Наманганликларнинг гулсеварликларини Президентимиз Шавкат Мирзиёев сайловолди учрашув йиғилишида ғоят мамнуният билан эътироф этгандилар. Яна кўча ва йўлларнинг қирғоқларидан тортиб, корхона ва ташкилотларнинг, муассасаларнинг олдиларигача турфа турдаги анвойи гулзорлар яратилишига катта ишонч билдиргандилар. Бу ишонч ҳаммага баланд руҳ бағишлади. Ҳатто қиш ойларидан иссиқхоналарда мавсумий гул кўчатлари ўстирилди. Кундан-кунга улар янгидан-янги гулзорларни тўлдириб, беҳад гўзал ва мафтункор манзара бағишлаяпти. Нафақат, Наманган шаҳрига, айни дамда барча туманларгача эзгу ташаббус кенг қулоч ёймоқда. Наманган вилояти экологик қиёфаси нақадар мафтункор, кишининг баҳри дилини яйратувчи тусга кирмоқда. Димоғи чоғ, кайфияти аъло инсоннинг ҳамиша соғлом ва бардам яшаши шубҳасиздир.
Суҳбатдош Манзура АБДУЛЛАЕВА.