Дастлаб шаҳарнинг энг диққатга сазовор жойи Аркда бўлдик. XV-XVII асрларда қайтадан қад ростлаган маҳобатли бинолар, ўтмишда миллийлик асосида моҳирона тикилган кийим-бошлар, мис, кумуш, бронзадан, сополдан ясалиб, ўзгача жило берилган буюмлар, турли меҳнат ва ов анжомлари, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини акс эттирган музейдаги экспонатлар диққатимизни ўзига тортди. Экскурсовод Саид Олимхон Арки ва давлатни бошқариш тизими, ер ости йўллари, зиндон ва бошқа асори-атиқалар бўйича кенг тушунтириш берди.

Арк шаҳарнинг энг қадимий биноси ҳисобланади. Асрлар мобайнида Бухоро хукмдорларининг турар жойи ва қароргоҳи бўлиб хизмат қилган. Айтишларича, майдон 4 гектарга яқин, баландлиги 20 метрли сунъий тепаликда жойлашган. Арк XIII асрда муғул босқинчилари томонидан вайрон қилинганига қарамай, кейин XV асрларда ҳозирги ҳолатига келтирилган ва ўшандай сақланган.

Шаҳарнинг сўлим гўшасида узоқ мамлакатлардан саёҳат ва тижорат ишлари билан келадиган савдогарлар ҳордиқ чиқаришларига имкон яратилган, туя, отлар учун карвонсарой вазифасини ҳам ўтаган. Лабиҳовуз ва унинг қирғоғидаги кулгу дарғаси Хўжа Насриддиннинг мисдан ишланган, эшак минган ҳайкали саёҳатчиларда катта таассурот қолдирди.

Бухороликларнинг энг севимли жойи Лабиҳовуз ғоят файзли меъморий архитектура ансамблидир. У бир неча тарихий обидаларни ўз ичига олади. Маълумотлардан маълумки, 1620 йилда шаҳарнинг асосий сув билан таъминловчи Шоҳруд ариғи қирғоғида ушбу ҳовуз бунёд этилган. Сатҳи 46х36 метр­га тенг. Мазкур сув ҳавзаси сарой амалдори Нодир девонбеги буйруғи билан қурилган экан.

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд буюк пири комил, авлиё сифатида дунёга машҳур эканини яхши биламиз. Бухорога ташриф буюрган ҳар бир киши бу улуғ зотнинг зиёратига талпиниши табиий. Биз ҳам ислом оламида ўзига хос тариқат яратган бобомизнинг устозлари ва оналари, сўнг ўзларининг мангу қўним топган мақбараларида бўлдик. Зиёрат чоғида уларнинг "Дил баёру, даст бакор" яъни "Кўнглинг аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин" деган пурмаъно, ғоят қимматли фалсафалари беихтиёр яна ёдимиздан ўтди.

- Мен тўрт йил аввал дўстларим билан Бухоро шаҳрига келгандим. Шаҳар қиёфаси, тарихий обидаларга уйғун холда яна ҳам мафтункорлик касб этибди, - дейди ҳисобчимиз Исломжон Лутфиллаев.

Бухородан қайтар эканмиз, Минораи Калон, Масжиди Калон, Мир Араб мадрасаси, Чор Минор, Исмоил Самоний мақбараси ҳамма-ҳаммасининг қиёфаси ўтмишимиздан ҳикоя қилиб тургувчи мозийнинг мангу "шоҳид"лари сифатида бизнинг хотирамизга муҳрланганини қалбдан ҳис этдик. Ахир бежиз Бухоро дунё саҳнасида шариф шаҳарлар қаторидан ўрин олмаганлигига иқрорлигимиз янада ортди.

(Давоми келгуси сонда).

Рустамали МАМАДАЛИЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.