Шифокорга иши тушмаган одамнинг ўзи йўқ. Иссиқ жонда, гоҳ ундай, гоҳ бундай ҳолатлар рўй беради, ўшанда нажот шаксиз саломатлик посбонларидан изланади. Уларга дардимизни айтамиз, тавсияларига кўра муолажалар оламиз, тезда соғайиб кетсак, кўнглимиз миннатдорчилик туйғуларига тўлиб-тошади. Ахир у меҳрини аямади, ширин сўзини аямади, қимматли маслаҳатини аямади. Хуллас, соғлиғимиз тикланиши учун сидқидилдан қайғурди. Эзгу ниятли врачу ҳамширалар хизматига олқишлар ёғилиши одатий ҳол. Ҳозирда чуқур билими, мукаммал малакаси билан нажоткорлик бурчини ҳалол ва фаол ўтаётган олийжаноб касб эгалари талайгина. Улар беморлар ихлосини қозонишган, атрофларидан доимо умидланиб талпинадиган беморлар аримайди.
Афсуски, шоли ичида курмак бўлганидек врачу ҳамширалар, фельдшерлар ўртасида қасамига носодиқ, беморига носамимий, касбига номуносиб кимсалар ҳам йўқ эмас. Улар нафақат ўзлари шаънини булғашяпти, балки юзлаб, минглаб фидойи касбдошларининг номига ҳам доғ туширишмоқда. Биз қуйида ана ўшаларнинг айримлари хатти-ҳаракати ҳақида ёзиб, сиз газетхонларни ва соҳа ходимларини мушоҳадага чорлаймиз. Бундан кўзлаган мақсадимиз шуки, тиббиётчи деган юксак ва шарафли касбнинг обрў-мавқеига путур етказилишининг олдини олишдир. Алал-оқибат эл оғзида "Дўхтирлар таъмагир бўлиб кетяпти", "Дўхтирларда инсоф қолмаяпти", "Дўхтирларга сира ишинг тушмасин...", "Дўхтирларнинг беморларга шафқати йўқ" қабилидаги аччиқ, аммо ҳақиқатга йўғрилган гаплари камайишига эришсак, ажаб эмас.
ЭЧКИГА ЖОН ҚАЙҒУСИ-Ю, ҚАССОБГА ЁҒ ҚАЙҒУСИМИ?
Туни билан инқиллаб чиққан Гулнора тонг ёришаётганда эрига зорланди.
- Дадаси, дўхтирга олиб бормасангиз бўлмайди шекилли, сизни аяб тишимни тишимга қўйиб чиқдим, бўлмади, аҳволим оғирлашгандан оғирлашяпти, - деди мадорсизлигидан оғзи қуриқшаб паст овозда.
Ҳабибулло хотинининг пешонасига шошиб кафтини босди, босдию худди куядигандек дарров тортиб олди.
- Кетдик, ҳароратинг жуда баланд...
Улар шошилинч тиббий ёрдам бўлимига киришганида оқ халатли врач билан ҳамшира башанг кийинган қирқ ёшлардаги йигитнинг атрофида парвона эдилар. Муассаса эшиги олдидаги қимматбаҳо қора "Малибу"нинг эгаси бўлса керак-да.
Эру хотин хижолат қилиб, ташқарига чиқиб кутиб туришди. Лекин эшик қия очиқлигидан ичкаридаги гап-сўзлар бемалол эшитилиб турарди.
- Ҳамидхон ука, ваҳимага ўрин йўқ. Қон босимингиз сал кўтарилибди, холос. Ҳозир Маҳбубахон поповерин билан дибазолни қўшиб, укол қилса, ўрнига тушади қолади.
Улар анча жимиб кетишди, яна бирдан овозлари кўтарилди.
-Мана шу одатингиз ёмонда, бизда хизматлар бепул.
- Яхши биламан, дўхтир ака, ахир сизлардаям тирикчилик бор, қачон келсам, навбатда қатор-қатор бемор турганига қарамай, ҳаддим сиғиб остонангизни дангал ҳатлаб киравераман-ку.
- Тушунган одамсизда ука, майли-майли. Саҳардаги ризқдан юз ўгириб бўлмас. Қўлингизнинг очиқлигига гап йўқ!
Врач ва ҳамшира йигитни залгача кузатиб чиқишди. Ҳамиша хизматига шайлигини таъкидлашиб ҳам қўйишди.
Эру хотин ёнларидан беписанд ўтиб кетаётган ҳар иккисининг хурсандлигидан оғзи қулоғидалигини кўриб, "Кайфиятлари чоғ, бизниям яхши кутволишар" деган ўйда орқама-орқа хонага кириб боришди.
- Намунча ҳовлиқасизлар? - деди ҳамшира рўйихушламай хотиннинг ранги униққан кўйлагу уй шиппагида шумшайиб туришига, ёнидаги эрнинг юпун кийинганига зимдан разм ташларкан. - Эрталабдан сира тинчлик йўғакан-да, - яна ғудранди у.
Врач эса қўл телефонини қулоғига тутганча, қаёққадир шошилиб, ғойиб бўлиб қолди.
-Дўхтир қайтадиларми? - сўради Ҳабибулло ташвишланиб.
- Қайтмасалар, бирор соатдан сўнг ўринларига кундузги врачимиз келадилар...
- А-а-а?
Эру хотин истар-истамас хонани тарк этишди. Залнинг нариги бурчагида эса ҳалиги врач ўзи тенгги ҳамкасби билан "ҳо-ҳо"лашиб туришарди. Бирдан уларга кўзи тушди.
- Ҳамшира нима деди? - сўради дарров чиқишгани учун.
- Ўзингиз кўриб қўймасангиз бўлмайди, дўхтир ака, - деди илтижоли оҳангда Ҳабибулло ранги бўздай оқариб, ўзини ташлаб юборадиган ҳолатга келган Гулнорага ачиниб.
Врач эринибгина қабулхонага қайтишга мажбур бўлди...
"МЕН ПЕДИАТР ЭМАСМАН!"
Турсунбойнинг тўрт ёшли қизчаси бирдан оғриб қолди. Отанинг капалаги учди. Чунки, Ойдинанинг авзойи бадани ўтдай ёнарди. Лекин совқотгандай титрарди. Нафас олиши тезлашиб, лаблари кўкариб борарди. У тез тиббий ёрдам машинасини чақиришниям ўйламай, ўзининг "Жигули" сида боласини олганча ҳовлиқиб йўлга тушди. Қабулхонада ҳамширанинг ўзи ўтирарди.
- Врачлар борми? - сўради кирибоқ.
- Бор, бор, ҳозир чақираман.
- Тезроқ бошлаб келинг, қизимнинг ҳоли жуда танг, - қистовга олди сабри чидамаётган ота.
Ҳамшира эшикни очганча залга қараб туриб, "Ҳой, дўхтир, оғир бемор келди, кўриб қўйинг!" деди кимгадир.
Зумда ҳамшира билан врач орқама-орқа хонага киришди. Кушеткада инграб йиғлаётган қизчага кўзи тушиб, у жийинди.
- Мунча жонинг ширин бўлмаса, бирпас тишингни тишингга қўйиб тур! Ҳозир бирортаси сени кўриб қўяди.
- Сиз-чи? - ажабланди Турсунбой.
- Мен педиатр эмасман, катталарни даволайман, - деди врач қўлидаги фонендоскопини бўйнига илволганча хонадан чиқиб кетаётиб.
Турсунбойнинг ғазаби қайнади.
- Бошлиғинг ким ўзи?
- Иккинчи қаватда ўтиради, ўшанга мурожаат этинг, педиатр топиб беради.
Ота қизининг ҳолатига томошабин бўлиб туролмади. Эшикни шарт очиб, иккинчи қаватга югурлади. Зиналардан жадал кўтарилиб, бўлим мудири хонасини топди. У кириши биланоқ важоҳатидан чўчиган мудир ўриндан шошиб қўзғалди.
- Нима хизмат, ука?
- Дўхтирларингизнинг виждони борми?
- Тушунмадим.
- Пастдаги ҳамширангиздан сўрасангиз, тушунволасиз.
Мудир Турсунбой билан бирга-бирга қабулхонага кириб борди. Қизчанинг аҳволидан ташвишланиб, халати чўнтагидан фонендоскопини олиб, бемор боланинг кўкрагига қўйиб эшитди. Зудлик билан муолажа буюрди. Ҳамшира зарур дориларни шиприцга тортқизиб, чаққонлик билан қизчанинг танасига юборди. Озгина фурсат ўтгач, Ойдинанинг нафас олиши ўрнига келди, кўзларида табассум учқунлади.
Қувонганидан боши осмонга етган Турсунбой хурсандчилигини яширолмади.
- Яхшиям сиздақа педиатрлар боракан, бўлмаса, болам бечоранинг азоби чўзилаверарди, минг раҳмат-ей!
- Турсунбой ука, мен педиатр эмасману, лекин гўдакми, кичикми, каттами беморга қараш биз врачларнинг муқаддас бурчимиз...
БИРНИКИ МИНГГА, МИНГНИКИ ТУМАНГА...
Юқоридаги икки ҳаётий лавҳа ҳар қандай сергак одамни ўйга толдириши табиий. Умр инсонга бир марта бериладиган илоҳий неъмат эканини назарда тутсак, шифокорлик нақадар савобли, нақадар масъулиятли, нақадар шарафли касблигини чуқур ҳис этамиз. Ана энди биз қаламга олган камчиликларнинг "қаҳрамонлари" қиёфаси эса ҳеч бир замондошимизга ёқмайди, улардан нафратланади. Шундайларнинг ғоят олийжаноб касбдагилар қаторида кун кўраётгани ўта ачинарли. Бундай кимсалар Гиппократ қасамига хиёнат қилаётган калтабинлардир. Улар қасамёдларидаги: "...Беморларга ўз ақл-заковатимга таянган ҳолда фақатгина уларга фойдали бўладиган тавсиялар бераман, турли виждонсизликлар ва уларга зарар келтиришдан ўзимни тияман... Ҳаётим ва касбимни тоза ҳамда соф ўтказаман... Мен ҳар қандай хонадонга фақат беморларни фойдаси учунгина кираман, бемор хоҳ аёл ёки эркак, хоҳ қул ёки озод киши бўлсин, ундан ҳеч нарсани таъма қилмайман... Ҳаётда ва касбимда бахт-саодатга эришиш учун қасамёдимни асло бузмайман..." деган онтига вафо қилмаётганликлари туфайли охир-оқибат тавон тўлайдилар. Халқни ранжитаётган, халқ нафратини қўзғатаётган шифокор бадномлик ботқоғига ботаверади. На иши юришади, на ҳаётда омади кулади. Таъмагирлик кўчасига кирганлар шармандаю шармисорликка юз тутади. Энг ёмони, бундайлар ўз қавмларининг обрўсига путур етказиб қўядилар. Ахир халқимизда "Бирники мингга, мингники туманга татийди" деган пурмаъно нақл юриши бежизмас-ов.
Шифокор беминнат хизмат одами. Агар у миннатга ўрганса, ҳар бир хизмати ортига таъмани яширса, ҳеч ким кўрмаяпти, ҳеч ким билмайди деб ҳисоблаб, данғиллама уй-жойлар, ялтир-юлтир машиналарнинг соҳибига айланишга шошилса, ҳалолликнинг барака келтирувчи, камол топтирувчи омил эканини унутса, баднафслиги шубҳасиз эртами-кечми заволга олиб боради.
Эндиликда бизнинг мамалакатимизда инсонпарвар давлатимиз томонидан тиббиёт тармоғи жаҳон андозалари даражасида хизмат кўрсатиши учун беқиёсу қамрови кенг ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Инчинун, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йил 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашувда таъкидлаганларидек: "Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини юксалтиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар кўрилди. Лекин бугун халқимиз бу хизмат сифатидан рози, дея олмаймиз. Тизимни мутлақо ўзгартириш - давр талаби".
Шифокор бемордан фақат ихлос кутиши шарт, бемор эса нажот. Бундан ортиғи иккисига ҳам бегона бўлса, олам гулистон. Тиббиётчи касбидан ҳақли равишда фахрланса арзийди, давоталаблар халоскорларига миннатдорликларини дил-дилдан таъзиму олқишлар билан изҳорлашлари муносибдан муносибдир. Сиз нима дейсиз, азиз газетхон?
АНА ЭНДИ ИККИНЧИ ҲОЛАТГА ЭЪТИБОРИНГИЗНИ ҚАРАТСАК
СУЮНИШ ҲАМ ПУЛЛИКМИ?
Ёхуд туғруқхоналарда кўҳна удум - суюнчи ортига яширинган замонавий иллат
Кўзлари қувончдан чақнаб кириб келган куёвига пешвоз чиққан эру хотин гап нимадалигини ўша заҳотиёқ пайқашди.
- Қадамларингизга ҳасанот, Мансуржон ўғлим, янги меҳмон муборакми? - деди қайнотаси Муродилла ака.
- Қизгинамнинг эсон-омон кўзи ёриганига аллоҳимга мингдан-минг шукурей! - кўнгли хотиржам тортди Ҳусния опа.
- Нимани кутиб турибсан, тезроқ сандиғингни оч, суюнчини олиб чиқ, суюнчини! - хотинини шоширди эри.
- Сандиғимни аллақачон шамоллатганман, қўққисдан хушхабар келишини ўйлаб, суюнчини кўрпанинг қатига олиб қўйганман, дадаси.
Аёл зумда қирғоқлари зардўзланган кўк фаранг белбоғни олиб чиқиб, куёвининг елкасига ташлади.
- Бу нима оворагарчилик? - деди Мансур хижолатланиб.
- Сираям оворагарчилик эмас, ўғлим. Ахир ота-боболаримиздан ўтиб келаётган кўҳна удумимиз-ку. Суюнчи суюнганнинг сийлови. Қариндошлик риштасининг қадр-қиммати. Қани, дадаси фотиҳа беринг-чи?
- Илоҳим чақалоқнинг қадами қутлуғ келган бўлсин, Мансуржон ўғлим, сизгаям набиралар кўриб, суюнчи улашиш насиб этаверсин!..
Куёвбола тўнғичи туғилганини яна анчагина яқинларига етказди. Ака-укалари ҳам, амма-холалари ҳам, тоға-жиянлари ҳам, ҳатто касбдошу дўстлари ҳам шодлигига шерикланишди. Кун бўйи суюнчи олишдан тўхтамади. Кейин эса, ҳа кейин эса туғруқхонага етиб бордию, бутунлай тескари ҳолатга дуч келди.
- Биринчи фарзанднинг дийдори бошингизни осмонга етказдими? - сўради акушер-гинеколог қаердандир пайдо бўлиб.
- Раҳмат, опажон, раҳмат!
- Раҳматнинг ўзи холосми, суюнчиси қайда қолди? - дея кулимсиради дўхтир.
Мансур қулоғига илгаридан хотини қуйиб юрган сўзларини эслади-ю, ҳовлиқиб костюми чўнтагини титкилади. Холиданинг "Суюнчининг каттасини бўлим мудири олади" деган гапига мувофиқ 10 та 5000 таликни ажратиб, "опажон"исининг қўлидаги касаллик варақаси орасига чаққонлик билан қистиришни уддалади.
- Паҳлавонингизни ўз кўзингиз билан кўриб кетинг, ҳозир тайинлаб қўяман, - деди хушнуд ҳолда суюнчи соҳибаси.
Йигит ўғилчаси ёнига кирганида уни яна ёлғиз қў-йишмади. Хотини қолиб, гўдак атрофида доя билан ҳамшира парвона бўлиб қолишди.
- Ширинтой, дадангизга айтинг сизни қуруққа кўрсатмаймиз, аввал, суюнчисини чўзсинлар, - деди болани бағрига босволган доя.
- Вой опаси, уялтирманг, уларга мен бу ернинг улпиқадасини бир кун аввалроқ тушунтирганман. Бемалол кўрсатаверинг, дадаси сира доғда қолдирмайдилар.
Бу пайтда Мансур чўнтагини кавлашга улгурганди. Иккинчи ўриндагига муносиб миқдордаги пулни эгасига тантанали топшираркан:
- Энди болам билан танишволай, - деди йигит ҳазил аралаш.
Ёнидаги ёрдамчи ҳамшира кутилмаганда бир нарсадан қуруқ қолгандай қовоғини уйди. Гўё у ҳам улушини кутаётгандек эди. Буни хотини Холида пайқаб, гўдаги билан овора бўлаётган эрини секингина туртиб, маъноли имлади. Мансур дарров "хато"сини англади. Ўрнида тузатишга тиришди.
- Нима деяпсиз, паҳлавоним, тушундим-тушундим, ҳамшира опангизни унутганимни, - дея йигит ҳазиломуз ҳолатда кечиккан суюнчи билан унинг қовоғини "кўтарди".
Қўққисдан хонага пақир ва швабра кўтариб "санитарка" кириб келди.
- Намунча палатани бошларингга кўтаряпсизлар, иложи бўлса, чиқиб турсангизлар, бизнинг ҳам вақтимиз тиғиз, гўдак ётган жой покиза туриши керак.
Бу гаплар эгасини топди. Доя билан ҳамшира илжайишганича хонани тарк этишди. Йигит ҳам орқаларидан йўл солаётган эди, жувон бирдан мулойимлашди.
- Ўғилча қуллуқ бўлсин, ука! Ҳозирги гапимга ҳафа бўлманг, ануларга теккизиб айттим-да.
Мансур ниманидир фаҳмлади. Хотини билан кўз уриштирди. Холиданинг "бермайсизми" дегандек ўқрайиши уни яна чўнтак кавлашга мажбур қилди.
- Илойим қўчқорчангиз ўзингизга ўхшаб қўли очиқ бўлсин! - деди суюнчи ундиришни ўзгача усулини "кашф этган" кичик ходим. У тозалашни ҳам унутиб, дуони якунлаганча қаергадир жўнаб қолди.
Йигитнинг кўнгли энди хира тортди. Каттадан кичигигача таъмага танда қўйган кишиларнинг юзсизлигидан малол чекди.
- Холи, куни билан суюнчи йиққандим, бу ерда суюнчи бериб чарчадим, - деди хотинига истеҳзоли боқиб.
- Ҳалитдан чарчаманг, ўғлингиз билан мени эрта-индин осонликча олиб чиқиб кетолмайсиз. Ўз-ўзидан кузатворишмасакан. Китобларга ёзилмаган тартиблари боракан. Эмлагангга, йўргаклагангга, кўтаришворганга, яна...
- Эсингдан чиққанларни, эртага келгунимча аниқларсан. Майли-майли, болали бўлганимиз қувончининг олдида буларга чидаймиз-да...
Ҳа, халқимиз ҳаммасига чидайди-ю, бироқ чидайди деб таъмагирларча чиранганлар қачон инсофга келадилар? Уларни ота-боболарнинг қимматли удумларига доғ тушириб, риёкорлик кўчасида ўзгалар ризқини худди ўзиникидек ўзлаштириш бобида устамонлик қилишдан тийиб қўядиган пайт келмадимикин?!
Хўш, СУЮНЧИ ўзи нимани англатади азал-азалдан? Бу саволга "Ўзбекистон миллий энциклопедияси"да қуйидаги жавобни ўқиймиз: " СУЮНЧИ - бирон қувончли воқеа тўғрисида хушхабар келтирувчига бериладиган совға, мукофот, севинчи... фарзанд (ўғил ёки қиз) туғилганда... 1-марта хушхабар келтирган кишига ёшига қараб берилади. Суюнчи пул, белбоғ, дўппи, яктак, тўн, кийимлик ва жонлиқ (қўй, эчки) каби шаклларда ҳам берилиши мумкин".
Ана энди юқоридаги ҳаётий ҳангомани қандай баҳолашимиз мумкин? Улар суюнганга суюнчи бериш ўрнига, суюнтиришга маълум маънода, гарчи бунинг учун давлат томонидан иш ҳақи олишларига қарамай, асосий сабабчи бўлишганидай, бу хизматларини пулга чақишга ўрганишгани ғалати. Янаям аниқроғи, суюнчи ниқобидаги поранинг қулларига айланиб қолишаётгани равшанлашмаяптими?! Аслида туғруқхонадагилар фарзанд кўрган она ва оталарни ҳеч бўлмаганда гулдаста билан қутлашса, бизнингча, Асакалари кетмаса керак. Виждон уйғоқлиги шунда кўринарди. Уларнинг ниқобли хушомадлари кўнгилларига оғир олсалар ҳам кўчадаги садақа сўровчи, гўё радди-бало тиловчи девонага ўхшамаяптими?! Ажабо, қадимги удумларимизга суянсак, биринчи хушхабарчи балки суюнчига муносибдир. Ўшандаям худди шу хушхабарни, туғруқхонадаги акушер-гинекологмас, доямас, ҳамширамас, "санитарка"мас, асли чақалоқни дунёга келтирган, тўққиз ойу, тўққиз куну, тўққиз соат бағрида авайлаб-асраган аёлнинг ўзи айтишга ҳақли эмасми. Суюнчининг каттасига у муносиблардан муносибимасми. Қолаверса, аёлнинг бунга имкони йўқлиги боис суюнчилашга, суюнчи олишга эгалик ҳуқуқи ўз-ўзидан эркагига ўтмайдими. Эҳ-ҳа, гапирсак, гаплар кўп, бири-бирини етаклайверади. Юқоридаги ҳолатни баҳолашга, қорани оқдан, тўғрини нотўғридан фарқлашни мушоҳадалашга сиз газетхонларни ҳам чорлар эканмиз, бу борадаги ҲУКМ адолатга эш бўлишидан умидвормиз. Зеро, ҳамиша халқ ҳақдир. ҲАЛОЛЛИК ҳар доим инсоннинг инсонлик даражасини белгиловчи мезон бўлиб қолаверади. Таъмагирлик эса, қай соҳада ишламасин, хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлмасин, одамни пастга урувчи, юзтубан кетказувчи, эл аро шармандаю шармисорловчи иллатлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб тураверади.
Манзура АБДУЛЛАЕВА,
"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.