Маълумки, РОИМ томонидан "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасида жорий йилда барча вилоятлар ва туманлар даволаш-профилактика муассасаларига чиқиб амалий ёрдам бериш ва аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш вазифалари ўз ифодасини топган. Шу боис ҳам февраль ойида вилоят онкология диспансерида, Чортоқ, Учқўрғон, Норин туманларида онкоэҳтиёткорлик ва ўсма касалликларининг олдини олиш бўйича "Маҳорат дарслари" доирасида умумий амалийт шифокорлари, тор мутахассислар ва ўрта тиббиёт ходимлари ўртасида ўқувлар ташкилланган эди.
Март ойида ҳам мазкур жараён давом эттирилди. Республика онкология илмий маркази офтальмология бўлими илмий раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Зиёвиддин Исломов ва болалар жарроҳлик бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Тожиддин Мустафоевлар томонидан беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилди. Уйчи, Учқўрғон туманларида ва Наманган шаҳрида навбатдаги анжуманлар уюштирилди. Машғулотларга туманлар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида фаолият юритаётган педиатрлар, офтальмологлар ва бирламчи тизим умумий амалиёт врачлари жалб этилди.
Қизғин, баҳс, мунозаралар тарзида кечган анжуманларда асосий эътибор тиббиёт ходимларининг онкологик касалликларга бўлган ҳушёрлиги ва билимларини оширишга қаратилди. Қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан тегишли жавобларни олдилар.
- Жорий йилда тиббиётнинг қуйи тизимларида фаолият олиб бораётган шифокорларнинг билимини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз, - дейди вилоят онкология диспансери бош шифокори Муяссар Эргашева. - "Сут бези хавфли ўсмалари", "Бачадаон бўйни хавфли ўсмалари", "Бош мия ўсмалари" каби мавзулардаги "Маҳорат дарслари" боис омманинг онкологик хасталиклар тўғрисидаги тушунчаси бойимоқда. Соғлом турмуш тарзи талабларига риоя этиш саломатликни асрашнинг муҳим шарти эканлигини ҳаммма англаб етмоқда.