Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Соғлом авлод учун" фонди ва Германиянинг "Friedensdorf International" халқаро ташкилоти билан тузилган ҳамкорлик битимининг ижроси натижалари фикримиз далилидир. Немис шифокорлари кам таъминланган оилаларнинг ногирон ва турли касалликларга чалинган фарзандларини соғломлаштириш борасида амалий ёрдам кўрсатишяпти. Қисқа фурсатда ҳамкорлик доирасида ўнлаб 12 ёшгача бўлган бемор болалар даволаш ва реаблитация жараёнларига жалб этилиб, уларни соғломлаштиришга эришилди.
Шу кунларда мазкур халқаро ташкилот вакиллари мамлакатимиз ҳудудларида бўлишиб, малакали тиббий хизматга муҳтож болаларни тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Бинобарин, Наманган вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида кечган жараёнда туғма ногирон ва турли сабабларга кўра саломатлигига путур етган болалар тезкор даволаш учун саралаб олинди. Кам таъминланган оилалардаги ҳаракат таянч тизимининг туғма ирсий касалликлари ва жароҳатлар асоратлари, овқат ҳазм қилиш тизимининг туғма нуқсонлари ва бошқа касалликлар бўйича жарроҳлик амалиётларига эҳтиёж сезаётган болалар алоҳида кўрикка жалб қилинди.
Германиянинг "Friedensdorf International" халқаро ташкилоти директори ўринбосари, жаноб Кевин Дахлбрук ва инсонпарварлик дастурлари бўйича вакил Марейк Янсен хонимлар маҳаллий шифокорлар иштирокида ҳар бир бемор боланинг ҳолатини чуқур ўрганиб, ота-оналар билан суҳбатлашдилар.
- Ҳамкорлигимиз ижобий самаралар бераётганидан мамнунмиз, - дейди жаноб Кевин Дахлбург. - Келгусида болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги фаолиятимизни янада кенгайтириш ниятидамиз.
Тақдир тақозоси билан саломатлигини йўқотган болалар соғлиғини тиклаш ғоят хайрли иш. Айниқса хорижий клиникаларда юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилиши эътиборга моликдир. Шу билан бирга кўрик давомида бир неча нафар болаларни юртимиз шифохоналарида ҳам соғломлаштириш учун тавсиялар берилди.
- Фарзандларимиз келажагини ўйлаб амалга оширилаётган савобли ишлар кўлами ортиб боряпти. Бугунги тиббий кўрикка набирамни олиб келгандик. Уни даволашга оид зарур маслаҳатлар олдик, - дейди тўрақўрғонлик Саноатхон Шарипова.
"Соғлом авлод учун" фонди Наманган вилоят бўлими раҳбари Хайрулло Ортиқовнинг таъкидлашига, тиббий кўрик натижаларига кўра энг оғир деб топилган бемор болалар жорий йилнинг август ойида Германиянинг нуфузли клиникаларига даволаниш учун жўнатилади.