Мактабнинг навбатдаги машғулоти бошқарма мутахассислари, вилоят, шаҳар ва туман эндокринологлари ҳамкорлигида кўргазмали тарзда ташкилланди. Бош шифокор Баҳриддин Сиддиқов мактаб фаолияти ҳақида қисқача маълумот берди.
Шундан сўнг, диспансер врач-эндокринологи Наимахон Абдумажидова "Қандли диабет касаллигининг олдини олиш, даволаш бўйича тавсиялар" мавзусида маъруза қилди.
Маъруза давомида бемор болаларга оғзаки тест саволлари берилиб, уларнинг ўз соғликларига нечоғлик эътибор қаратаётгани синовдан ўтказилди. Кўргазма, буклетлар ва маърузалардан яхши хабардор болалар хасталикни даволашда қўлланиладиган дори воситалари, инсулинни қандай сақлаш, парҳезда нималарга эътибор бериш, қайси маҳсулотларда углеводлар миқдори неча фоизни ташкил этиши тўғрисидаги саволларга бурро жавоблар қайтаришди.
Анжуманда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассислари Райҳона Мансурова, Дилшодбек Ҳошимов, Наманган шаҳар 13-оила поликлиникаси бош врач ўринбосари Манзура Тўйчиевалар сўзга чиқишиб, мактаб фаолиятига юқори баҳо беришди. Тиббиётдаги янгиликларни амалиётга кенгроқ жорий этиш ҳамда мутахассисларнинг туманларда сайёр ўқувларини кучайтириш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Тадбир якунида бош врач Б. Сиддиқов "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"даги режалар билан иштирокчиларни таништирди.
Рустамали Мамадалиев.