Вилоят ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасалари ва Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибидаги шифохоналар, оилавий поликлиникаларнинг жамоалари вилоят марказидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли боғдаги халқ сайли янада файзли, тароватли ўтиши учун астойдил ҳаракат қилдилар. Уларнинг байрам жозибадорлиги, шукуҳини янада бойитиш, Наврўз анъаналари, удумларини тараннум этиш, соҳада кечаётган янгиланишлар, тараққиёт сари интилишларни намоён қилиш борасидаги изланишлари байрам кўргазмаларида ўз ифодасини топди.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази саломатлик посбонларининг саъй-ҳаракатлари билан шакллантирилган бетакрор кўргазмалар Наврўзи олам мазмун-моҳиятини тўла мужассам этганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Уларда гўзаллик ва нафосат айёмининг барча қирралари ўз аксини топганди. Баҳорий пишириқ ва ноз-неъматларнинг кўплигини айтмайсизми. Сўриларда давра қурган опа-сингилларимиз лапарлар айтиб, Нав­рўзни куйлашмоқда. "Келин салом" саҳнавий чиқишларида эса миллий қадриятларимиз тарғиб этилмоқда. Вилоят кардиология маркази, вилоят онкология ва вилоят эндокринология диспансерлари ходимларининг сайл тантанаворлигини оширишга қаратилган ҳаракатларига ҳам тасаннолар айтиш мумкин.

- Байрамни хайру саховат тадбирларисиз тасаввур этиш қийин, - дейди вилоят стоматология поликлиникаси бош шифокори Аҳмаджон Қосимов. -Кўпйиллик анъанага кўра дошқозонда ош дамладик. Уни сайл қатнашчиларига тортиқ қиламиз.

Ким билан суҳбатлашмайлик, шундай дориломон кунларга етказганига шукрона айтиб, мустақил юртнинг фараҳбахш айёмларидан фахр туяётганлигини изҳорлайди. Боғдаги "Нилуфар" чойхонасида кечган мушоира чоғида ижод аҳиллари томонидан бундай эътирофлар бири бирига уланди. "Шифокор ва ҳаёт" газетаси ва "Тиббиёт ва замон" журнали вакиллари шоир ва публицист Содиқ Сайҳун, Рустамали Мамадалиев, иқтидорли шоир Мусо Акмаллар мазкур тадбирда фаоллик кўрсатишди.

Бу йилги Наврўз ғоят халқчил ва миллий анъаналар улуғланган ҳолда ўтганлиги билан ёдда қолди. Вилоят даволаш-профилактика муассасалари жамоалари уни ҳар қачонгидан ҳам завқли ва кўтаринки руҳда нишонланишига ўз ҳиссаларини қўшдилар. Айниқса, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали бадиий ҳаваскорлик дастаси томонидан саҳналаштирилган "Ассалом, Наврўз!" композицияси байрам қатнашчилари дилларини ғоят хушнуд этди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.

Суратларда: байрам шодиёнасидан лавҳалар.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ

тасвирга олган.