Яқинда Наманган шаҳридаги "Ёшлар маркази"да бўлиб ўтган "Стоматологиянинг долзарб муаммолари"га бағишланган республика илмий-амалий анжуманида соҳа фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан фикрлашиб олинди. Уни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент давлат стоматология институти ва Ўзбекистон Стоматологлар ассоциацияси ҳамкорликда ташкиллади.
Анжуманни Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош стоматологи, Ўзбекистон Стоматологлар ассоциацияси раиси Адҳам Ҳасанов кириш сўзи билан очди. Наманган вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров анжуман қатнашчиларини гўзал Наманган диёрига ташрифлари билан қутлар экан, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 5 январь ва 7 февраль кунлари соғлиқни сақлаш тизими раҳбарлари билан ўтказган йиғилишларида соҳа олдига қўйилган масъулиятли вазифалар ижросини таъминлашга интилаётган тиббиёт ходимларининг эзгу ишларига омадлар тилади.
Тошкент давлат стоматология институти ректори Жасур Ризаев тиббиётнинг ғоят муҳим йўналишларидан бири - стоматология хизматини янада такомиллаштириш, тиш касалликларини барвақт аниқлаш ва самарали даволаш борасидаги изланишлар натижалари, тўпланган тажрибалар билан ўртоқлашиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича шифокорлар ва олимларнинг таклифларини ўрганиш мақсадида уюштирилган мазкур тадбирнинг аҳамияти ҳақида тўхталди. Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов эса вилоятда тиббий хизмат сифати ва даражасини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар, айниқса стоматология хизматини янада яхшилашга йўналтирилган чора-тадбирларга эътиборни қаратди.
- Бугунги кунда вилоятда 360 нафар врач-стоматолог халқ хизматида. Соҳа моддий-техник базасини ривожлантириш борасида ҳам муайян ишлар қилинган. Муассасаларимиз "Саломатлик-2" ва "Саломатлик-3" лойиҳалари доирасида замонавий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган, - дейди вилоят стоматология поликлиникаси бош шифокори Аҳмаджон Қосимов. - Мутахассислар малакасини ошириш масаласи ғоят муҳим аҳамиятга эга. 160 нафардан зиёд стоматолог олий тоифа олган. 19 нафар мутахассис АҚШ, Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси, Словакия ва Россия Федерациясидаги халқаро анжуманларда иштирок этган.
Анжуманнинг ялпи мажлисида Тошкент стоматология институти ва Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг йигирма нафардан зиёд олимлари томонидан илмий маърузалар ўқилди. Жумладан, тиббиёт фанлари доктори Адҳам Ҳасановнинг "Ўзбекистонда стоматология хизматининг муаммолари ва уларни бартараф этиш учун таклифлар", профессор Муҳаммаджон Азимовнинг "Одонтоген яллиғланиш касалликларини ташхислаш ва даволаш муаммолари", профессор Саидолим Муртозаевнинг "Юқори лаб ва танглай кемтикликлари бўлган болаларни эрта комплекс даволаш тадбирлари", профессор Раҳим Яқубовнинг "Жағларнинг нуқсони ва шакл бузилишининг ташхислаш ва даволаш", тиббиёт фанлари доктори Бахтинур Худановнинг "Болаларда сут ва доимий тишлар кариеси: замонавий диагностика, профилактика ва даволаш усуллари"га оид чиқишлари тингланди.
Куннинг иккинчи ярмида ҳам илмий мунозаралар давом этди. Дилдан суҳбатлар ва ўзаро мулоқотлар жараёнида стоматология хизматини янада ривожлантириш истиқболлари, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари хусусида сўз борди.
- Бугунги тадбир ғоят муҳим масалаларни қамраб олганлиги билан аҳамиятлидир. Соҳада жуда кўп муаммолар йиғилиб қолган эди. Айниқса болаларда учраётган турли тиш касалликларини самарали даволаш бўйича тушунчамизни бойитдик, - дейди Андижон вилоятининг Марҳамат туманидан келган иштирокчи Мўътабар Рўзибоева.
Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистондан ташриф буюрган стоматологлар учун анжуман "Маҳорат дарси" вазифасини ҳам ўтади. Тиббиёт фани ютуқлари билан батафсил таништирилди. Янги ғоя ва изланишлардан бохабар этилди. Кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш масаласи ҳам диққат марказида турди. Анжуман якунида эса қатнашчиларга сертификатлар топширилди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ
олган суратлар.