Президентимиз таъкидлаганларидек, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, жойларда тиббиёт соҳасидаги вазиятни ўзгартириш ишлари талаб даражасида олиб борилмаяпти. Буни аҳолидан Халқ қабулхоналари ва Президентнинг виртуал қабулхонасига келиб тушаётган кўплаб ариза ва шикоятлар яққол тасдиқлаб турибди. Шундай ҳолат бевосита бизнинг вилоятимиздаги муассасалар жамоалари фаолиятига ҳам таллуқли десак асло хато эмас. Чунки, бугунги муаммо ва камчиликлар кечагина туғилган эмас. Кўп йиллар давомида вужудга келганки, уларни қисқа фурсатда, бирданига ҳал этиб, бартараф қилиш ҳам иложсиз. Лекин изчил ва фаол курашилса, катта-кичик раҳбарлардан тортиб кўп сонли мутахассисларнинг Гиппократ қасамига содиқлигига, виждонан ҳалол хизмат кўрсатишга эришилса, халқнинг ризолигига мушарраф бўлиш мумкин.

Бугунги вазифаларнинг моҳиятини чуқурроқ англашимиз учун кечаги ҳолатни яхшироқ ўрганиш, танқидий таҳлилдан ўтказиш ғоят зарур, деб ўйлайман. Кўп бор такрорланаётган салбий кўринишлардан бири соғлиқни сақлаш ходимлари ўртасида порахўрлик ва таъмагирликнинг авж олганлигидир. Иккинчи ўринда эса давлат пул-маблағларини ноқонуний йўллар билан талон-тарож қилиш, ўзлаштириш турибди. 2016 йилда 30 та ҳолат судларда кўриб чиқилди. Мансабдор шахслар айбларига яраша жазоландилар. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январда қабул қилинган "Коррупцияга қарши кураш тўғрисида"ги Қонунида қайд қилинганидай: "Коррупция - шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш"­дан иборат. Бу каби салбий ҳолатлар вилоятимиздаги даволаш-профилактика муассасаларида илдиз отмаслиги учун кеча-кундуз фаол курашмоғимиз лозим.

"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да ҳар бир раҳбар ўзига ва ўзгаларга танқидий баҳо беришга ўрганиши мақсадга мувофиқ. Агар раҳбарнинг ўзи ҳалол, адолатли ва виждони уйғоқ бўлса, қўл остидаги жамоа аъзолари ҳам ундан намуна олишини унутмасликлари керак. Ўзгалардан тартиб - интизомни талаб қилиши учун аввало раҳбарнинг ўзи шу талабларга қатъий риоя этиши шартдир.

Биз биламизки, доимий назорат ишимизнинг бош мезони, муваффақиятимизнинг етакчи омили бўлиб қолаверади. Жорий йилда қуйидаги масалалар ҳамишалик диққат марказимизда туради:

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасидан келаётган мурожаатларни кўриб чиқилиши устидан назорат олиб бориш;

- Даволаш-профилактика муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги " Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2647-сонли Қарорининг изчил ва тўғри бажарилиши;

- Тизимда порахўрлик ва таъмагирликнинг пайини қирқиш, олдини олиш мақсадида мунтазам равишда беморлар ва тиббиёт ходимлари орасида, аноним ижтимоий сўровлар, муассасаларда қўққисдан тунги рейдлар ўтказиш;

- Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 506-сонли, 101-сонли буйруқлари ижросини ўрганиш;

- Вазирлар Маҳкамасининг 276-сонли Қарори ижросини назорат қилиш;

- Муассасаларда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар муомаласи билан боғлиқ фаолиятга доир барча меъёрий ҳужжатлар ижроси назорати;

- Қурилиш-таъмирлаш ишлари устидан мутахассисларни жалб этган ҳолда мониторинг ўтказиш.

Хуллас, назорат бор жойда қатъий тартиб ва юқори сифат барқарор бўлаверади. 2017 йил февраль ойида ВССБнинг навбатдаги ҳайъат йиғилишида ССВнинг Наманган вилоят Назорат инспекциясининг йиллик ҳисоботи атрофлича муҳокама этилди.

Неъматжон ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Наманган вилоят бўйича

Назорат инспекцияси бошлиғи.