Анжуман аввалида Жамоат фонди директори Абдулазиз Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги Фармонида қайд этилган йўналишлар бўйича "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури доирасида амалга оширилиши белгиланган вазифалар, мазкур дастурнинг ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда ОАВнинг ўрни ва ролини кучайтириш, соҳа ходимларининг ушбу масалаларни ёритишга оид касбий билим ва тажрибаларини оширишга қаратилган ишлар хусусида фикр юритди.
Таъкидландики, Ҳаракатлар стратегиясининг мақсади олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан оширишдан, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишдан, мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётнинг барча соҳаларини эркинлаштиришдан иборатдир.
Хусусан, мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши белгиланган. " Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш", "Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш",
"Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш","Ижтимоий соҳани ривожлантириш", "Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш" йўналишларнинг ҳар бири мамлакатдаги ислоҳотларни ва янгиланишларни янада чуқурлаштиришга оид аниқ бўлимлардан иборат.
Ҳаракатлар стратегиясини беш босқичда амалга ошириш назарда тутилмоқда, бунда йилларга бериладиган номларга мувофиқ ҳар йили уни амалга ошириш бўйича Давлат дастури тасдиқланади.
Тадбирда қайд этилганидек, мамлакатимизда мустақиллик йилларида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, давлатимиз суверенитети, чегараларимиз дахлсизлиги таъминланди, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик мухитини кучайтириш, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини руёбга чиқариш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган ҳаётий ислоҳотлар, уларни амалга ошириш механизмлари мамлакатимизда ислоҳотлар самарадорлигини кескин ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама жадал ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, барча соҳаларни модернизация қилиш ва эркинлаштиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилади.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Андижон ҳудудий бўлинмаси раҳбари в.б. Усмонжон Абдуллаев, Андижон давлат университети илмий ишлар бўйича проректори Бахтиёр Расулов, Андижон машинасозлик институти профессори, иқтисод фанлари доктори Абдурауф Абдуллаев, Наманган вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зиёвиддин Мансуров ва бошқаларнинг чиқишларида Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари мазмун-моҳияти батафсил изоҳлаб берилди.
- Очиқ мулоқот тарзида кечган анжуманда Ҳаракатлар стратегиясидаги устувор йўналишлар аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, уларда белгиланган вазифалар тарғиботи бўйича маслаҳатлар айтилди, оммавий ахборот воситалари олдида турган энг муҳим масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, зарур таклиф ва тавсиялар берилди, - дейди "Янгиқўрғон ҳаёти" газетаси муҳаррири Дилбар Асқарова.
Амалий машғулот чоғида эса "ОАВ ходимларининг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурини ёритишга оид касбий билим ва кўникмаларини ривожлантиришга доир чора-тадбирлар" ҳақида баҳс-мунозаралар бўлди. Ўзбекистон Миллий университети доктаранти Отабек Тиллаев, "Андижоннома"газетаси бўлим мудири, Журналистик маҳорат маркази раҳбари Нажмиддин Эргашевларнинг маърузалари тингланди.
Семинар иштирокчилари фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ амалга ошириш механизмларини жорий этиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлар сифати учун масъулиятини ошириш ҳамда уларнинг самарали фаолият юритишини янада кучайтириш, давлат ҳокимияти органлари фаолиятини жамоатчилик учун янада ошкора форматда ташкил қилиш, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, мамлакатимиз ва хорижда кечаётган воқеа-ҳодисалар хусусида фикрлар хилма-хиллиги ва сиёсий плюрализмни ҳисобга олган ҳолда таъминлаш борасида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Абдулла ҒОЗИЕВ.