- Наврўзолди акцияси бизнинг муассасамиз жамоасига қўшалоқ қувонч ҳадя этмоқда, - деди мамнуният билан директор Иброҳимжон Жакбаров. - 1500 нафардан зиёд талабаларимизнинг узоғи яқин бўлмоқда, вақтлари тежалмоқда. Бугун, шифокорларнинг ўзлари ташриф буюришиб, ўғил-қизларимизни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишмоқчи. Бунинг учун уларга аввалдан қулай шароитларни яратиб қўйганмиз.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов сўзга чиқиб, бу байрамона акцияда барча ўғил-қизларни фаол қатнашишга даъват этди. Бирорта ўқувчи ва талаба эътибордан четда қолмаслиги зарурлигини уқтирди.
Коллеж директори айтганидек, кўрик муваффақиятини таъминловчи тайёргарликлар тўкислиги яққол кўзга ташланиб турарди. Бир неча ёнма-ён хоналарга тиббиёт ходимлари жойлашишди. Улар ўзлари билан УТТ, ЭКГ ва бошқа аппаратларгача олиб келишганди. Кўрик хоналари олдида талабалар сафланишиб, навбатма-навбат шифокорлар қабулига кира бошлашди.
- Ҳар бир талабанинг картасини гуруҳлари бўйича столлар устига батартиб териб қўйганман, - дейди кўп тармоқли шаҳар марказий поликлиникасидан коллежга бириктирилган ҳамшира Дилафруз Матхолиқова. - Кўрик натижаси карталарига қайд этиб бориляпти. Бу акция туфайли ёшларнинг, айниқса қизларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш янада яхшиланади.
- Ҳозиргина кўрикдан ўтиб чиқдим, - дейди 3-босқич талабаси Маҳлиё Абдулазизова. - Кўнглим хотиржам тортди. Соғлигим яхши экан. Врачлар бундан буён яна нималарга эътибор беришимиз кераклиги ҳақида ҳам қимматли маслаҳат ва тавсияларгача беришди. Ғамхўрлик учун тадбир ташкилотчиларига катта раҳмат!
* * *
Худди шу куни Уйчи туманида ҳам юқоридагидек акцияга юксак уюшқоқлик билан киришилди. Ғайрат педагогика коллежидаги тантана ғоят серҳаяжон кечди. Ўқув юрти ҳовлисида устозлару шогирдлар жамулжам бўлишди. Тадбирни коллеж директори Муҳаммаджон Мирзамаҳмудов очар экан, байрамолдидан ёшларнинг соғлиғига кўрсатилаётган юксак эътиборни алоҳида тилга олди. Ўғил-қизларни бугун яратиб берилаётган имкониятлардан фаол фойдаланиб қолишга чақирди.
Сўнгра вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Матлуба Жамилова, туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Насиба Собирова сўзга чиқишиб, бугунги тадбирдан эртанги соғлом авлодни камолга етказишдек ғоят эзгу мақсад кўзланганлигини йиғилганларга тушунтиришди.
- Мана, кўриб турибсизлар, акция доирасидаги юмушларга шифокорларимиз астойдил енг шимаришган, - дейди вилоят онкология диспансери бош врачи Муяссар Эргашева. - Энг аввало, талабаларнинг бўйи, вазни ўлчаняпти. Бу билан уларнинг ривожланиши меъёридами ёки орқада қолганми? - деган саволга жавоб изланмоқда. Кейин эса тиббий аппаратлар текширувига, шифокорлар назоратига киритилаётир. Айниқса, бугунги қизлар эртанги оналар бўлишини назарда тутиб, улар соғлиги турли мутахассислар томонидан кўрикдан ўтказиляпти. Онкогинеколог Хурсаной Маърупова билан УТТчи Дилшодбек Жаннатовлар қабулининг ҳар дақиқаси самарали кечишига интилишяпти.
Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Манзурахон Азизованинг айтишича, уйчида 8 та коллеж бўлиб, уларда 6700 нафардан зиёд ўғил-қизлар таълим олиб, касб-ҳунар эгаллашади. Акция давомида барча коллежлардаги ўқувчилар тўла-тўкис тиббий кўрикка жалб қилиндилар. Вилоят мутахассислари билан биргаликда туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси врачу ҳамширалари бирорта талаба кўрикдан четда қолмаслигига имконият яратиш ҳаракатида бўлишди.
Дарвоқе, ўн кунлик акция вилоятимиз шаҳару туманларидаги ҳамма коллежларнинг ўғил-қизларини қамраб олади.
Содиқ САЙҲУН.
Суратларда: тадбирдан лавҳалар.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ
тасвирга олган.