Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари билан учрашиб, тизимдаги ишларни тобора такомиллаштириш, камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ кўрсатмалар бергандилар. Халқимизнинг нафақат бугуни, балки эртасига ҳам тўла дахлдор бўлган тиббиёт тармоғи соҳаси доимий эътиборда туришини алоҳида таъкидлаган эдилар.
Биз кўриб-билиб турибмизки, давлатимиз раҳбари вилоятларга сафарлари чоғида қишлоқ врачлик пунктлари ва клиникаларга кириб, у ерларда халқимиз даволаниши учун яратилган шароитларни шахсан ўзлари кўздан кечирмоқдалар, мавжуд ҳолатларга баҳо бериб, шифокор ва беморлар билан мулоқотлар қилиб, саломатлик посбонлари олдида турган долзарб вазифалар моҳиятини уқтирмоқдалар.
Шу йил 7 февраль куни 5 январдаги учрашув-мажлисида белгиланган вазифалар ижроси, соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ва ривожланиш истиқболларига бағишланган видиоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳам бу масала Президентимизнинг ҳамишалик диққат марказларида эканидан далолат беради. Давлатимиз раҳбари айтганларидай: "Тиббий хизмат инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим омилларидан биридир. Тиббиёт ходимлари уйма-уй юриб, касалликларни профилактика қилиши, соҳадаги ўзгаришларни одамлар сезиши керак. Бунинг учун шифокорларнинг маданияти, маънавиятини, масъулиятини ошириш, ишга ва беморларга муносабатини ўзгартириш зарур". Вилоятимизда бу борадаги кенг қамровли тадбирларни изчил амалга оширишга ўзимизнинг бор билим, куч-қувват ва тажрибаларимизни ишга солишимиз шарт.
Бугун ҳар бир шифокор кўнглида бир савол турмоғи лозим, у ҳам бўлса, "Хизматимиздан одамлар розими?" деган савол. Ана ўшанда врачми, ҳамширами ўзига-ўзи танқидий нигоҳ ташлайди. Масъулияти кучаяди. Шахсий манфаатини бутунлай унутиб, ўзгалар ташвишини астойдил чекади. Беморни кутиб олишдан тортиб, муолажа жараёнида ҳам, кузатиш чоғида ҳам чинакамига халқ хизматкори эканлигини намоён қила олади. Таъмагирликни унутади. Олқиш завқига ҳеч нарсани алишмайди. Беминнат хизматимиздан кўнгли тўлган каттами-кичикми унга ихлос боғлайди, унга талпинади, ундан нажот кутади, унинг ҳурматини жойига қўяди. Агар акси бўлса-чи? Халқда норозилик кайфиятини уйғотган шифокор тубанликка тушади, эл назаридан қолади, атрофидан беморлар қочади. Бора-бора элга кераксиз одамга айланади. Шуни ҳеч бир врачу, ҳеч бир ҳамшира ёки фельдшер ёдидан чиқармаслигини истаймиз ва қатъий талаб этамиз.
Видеоселекторда қишлоқ врачлик пунктлари жойлашувини қайта кўриб чиқиш, самарасиз ишлаётган пунктларни оптималлаштириш, уларга сарфланаётган маблағларни талаб юқори бўлган ҚВПларни моддий-техник жиҳатдан мустаҳкамлаш, мақсадга мувофиқларини поликлиникаларга айлантириш, малакали шифокорларни рағбатлантиришга йўналтириш зарурлиги таъкидланиши ҳам бежизмас. Энди ҳаётнинг ўзидан келиб чиқиб, самарасиз ҚВПлардан кўра, самарали поликлиникалар афзаллигини аҳолига тушунтириш, энг муҳими, барча ўзгаришлар фақат ва фақат халқ манфаати учун қилинаётганини қалбдан ҳис этишларига эришишимиз мақсадга мувофиқ. Ўринсиз англашилмовчиликларга йўл қўйиш кимларнингдир асоссиз ранжишига олиб келмасин.
Ҳозирда видеоселектордаги кўрсатмаларга мувофиқ тиббий хизматнинг қайси турлари бепул амалга оширилиши-ю, қайсилари пуллик экани аниқ белгиланган ёзувларнинг ҳар бир даволаш-профилактика муассасаларида кўринарли жойга туриши таъминланмоқда. Бемор ёки кўрикка келганлар буни аввалдан яхши билишлари таъмагирлик ва ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўймасликка имкон туғдиради, албатта.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасидаги ишлар айни маҳалда янада такомиллаштириляпти. Бу ҳақда илгари ҳам тегишли маълумотлар берган эдик. Тиббиёт муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлашни назорат қилиш бўйича Республика комиссиясининг 2017 йил 7 февралдаги 4-сонли йиғилиш баёни билан 150 та халқаро-патентланмаган (савдо номи кўрсатилган ҳолда) хорижий дори воситалари ва 17 та тиббий буюмга чекланган нархлар белгиланди. Бундан буён ДПМлар беморларни юқоридаги комиссия томонидан тасдиқланган ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббий буюмлар асосида даволаши мақсадгамувофиқ деб топилди.
Ўйлаймизки, инсон саломатлигини мустаҳкамлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бири сифатида ўзининг долзарблигини ҳеч вақт йўқотмайди. Аҳолининг патронаж хизмати билан тўлиқ қамраб олиш тиббий профилактика, бирламчи тиббий санитария ишларини давр талаблари даражасига кўтаришга эришишимиз шак-шубҳасиз.