- Дилбархон Насриддиновна, янги йилда янгичасига иш ташкил этилаётгани янада қувончли. Шу ҳақда фикр юритсангиз?

- Ҳақиқатан ҳам ҳар йили тиббиёт ходимларини масъулиятли ва шарафли ишлар кутади. Ўтган йил якунларидан бироз бўлса-да кўнгил тўлса ҳам, янги йилни бошқача шижоат, янгича иш усуллари билан бошлаганмиз. Ишимизга танқидий қараб, долзарб вазифалар масъулиятини чуқур ҳис этяпмиз. Бирламчи муассасалар фаолиятини такомиллаштиряпмиз. Даволаш муассасамизда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда ўзимизнинг мутахассисларимиз иштирокида дастлаб ҚВПларнинг географик жойлашуви ўрганиб чиқилди. Бинолар ҳолати, тиббий жиҳозлар, ходимлар сони, малакаси бў­йича йиғилишлар ва жойларда семинарлар ташкилланди. Ходимларга мақсад, вазифалар тушунтирилди. Маълумотномалар бошқармага, вазирликка тақдим этилди.

- Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган "Саломатлик-3" лойиҳасига биноан поликлиникага келтирилган тиббий жиҳозларнинг шифокорлару беморларга қулайлигию, самараси тўғрисида ҳам тўхталсангиз?

- Албатта. Катталар бўлими мисолида айт­сам, 2013 йилдан буён "Саломатлик-3" ло­йиҳаси бўйича келтирилаётган тиббий жиҳозлардан шифокорларимиз ва мутахассисларимиз оқилона фойдаланишмоқда. Муолажа хонасида УТТ, ЭКГ, эмлаш хонасида 2 та совутгич ишлаб турибди. Икки дона кўчма ЭКГ аппарати ҳам бор. Улар мутахассисларга берилган. Томоқ, қулоқ, кўз касалликлари бўйича ишловчи тиббиёт ходимларимиз замонавий отоскоп, офтольмоскоп ва бошқа зарурий жиҳозлар билан таъминланган. Автоматик проектор, чақалоқлар вазни ва бў­йи­­ни ўлчовчи тарозилар, стулчали ростиметр, ёритиш мосламалари умумий амалиёт шифокорлари, мутахассис ва акушер-гинекологларимизнинг тез ва сифатли ишлашларида қўл келмоқда. Бундан беморлар хурсанд.

Шунингдек, таҳлилхона бўлимига 2 дона центрафуга, 2 дона музлатгич ва бир дона сухожар аппарати олган бўлсак, бу йил қуритиш шкафи берилди. Бўлимда 2 нафар врач ва 7 нафар таҳлилчилар меҳнат қилишади. Уларнинг барчаси олий тоифага эга. Врач-лаборантимиз Маликахон Тошбоева, катта таҳлилчи Раҳимахон Раҳимовалар ўз вазифаларини тўкис бажариш учун бор билим ва тажрибаларини тўла ишга солишяпти .

Рентген хонамизга 2015 йилда Японияда ишлаб чиқарилган универсал рентгенография аппарати билан рақамли принтер келтирилиши беморларга янада қулайлик туғдирди. Рақамли принтер орқали фотоплёнкага олинган объектни қисқа муддатда аниқлаш лазерлаш йўли билан амалга оширилади. Бу ускунанинг эскисидан афзаллиги шундаки, плёнканинг ювилмаслиги ва тезкор чиқариши, зарарсизлиги, тежамкорлигидир.

Шу билан бирга Хитой давлатида ишлаб чиқарилган "Рефрактометр" беморга тушадиган кўзойнакни аниқласа, тирқишли лампа кўзнинг шоҳ пардаси, рангдор пардаси, гавҳари касалликларини эрта аниқлаш ва аниқ ташхис қўйишда катта ёрдам беради.

Бундай қулайликлар нафақат беморлар соғлигини тиклаш жараёнини қисқартиради ва сифатини оширади, балки биз шифокорларни ҳам янада унумли меҳнат қилишга доимо руҳлантираверади.

СуҳбатдошРустамали МАМАДАЛИЕВ.