- Яхши келдиларингизми, уй-ичларингиз тинчми, қайнота-қайнонангиз, ота-онангиз, фарзандларингиз соғ-саломатмилар?

Бу гаплар опанинг ҳамкасбларига эрталабки сўровномасига айланган. Барчаси билан бир-икки дақиқалик суҳбат қуради. Сал тушкунроқ, оиласида бироз нотинчлик рўй берган қизларига сабрдан сабоқ берса, бирор яқини тоби қочганларнинг кўнглини кўтаради. Меҳрли сўзлари билан таскинлар беради. Иш унумдорлигию муваффақиятларнинг гарови меҳр-муҳаббатга боғлиқлигини бирор кун унутмаган.

Дилором Алимбоева Наманган шаҳрида зиёли ўқитувчилар оиласида туғилган. Пўлатжон ака ва Ўктамхон аяларнинг иккинчи фарзанди. Отаси ўрта мактабни яхши баҳоларга тугатаётган қизида тиббиётга қизиқиш борлигини пайқади. Ўзи ҳам шу касб эгаларини жуда-жуда қадрларди. Боиси синглиси Мадинахон, янгаси Дамира опалар ҳам ҳамшираликдан қадр-қиммат топишаётганини кўриб юрарди. Дилоромни ҳам элга нафи тегадиган инсон бўлишини хоҳлади... Қизини етаклаб Наманган тиббиёт билим юртига ўқишга олиб борди. Синовлардан муваффақиятли ўтган Дилором, талабага айланди...

Билимгоҳдаги барча устозлари, айниқса, Гулчеҳра Алиеванинг сабоқлари унинг танлаган касбида ҳалол ва фаол хизмат қилишида муҳим омил бўлди. Ниҳоят 3-шаҳар шифохонаси (ҳозирги 1-оила поликлиникаси)да патронаж ҳамшира бўлиб иш бошлади. Ўша пайтдаги бош ҳамшира Раъно Гаффаровадан ҳамширалик малакасини ва тажрибаларини ўрганди. Унга муносиб издош бўлишга интилди.

Ҳеч кимга сир эмас истиқлолли йиллар бошланишидаёқ тиббиётда изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатувчи бирламчи бўғин тубдан янгиланди, такомиллашди. Хизмат кўрсатиш сифати ҳам, даражаси ҳам ошди. Илгариги 3-шифохонага, 3-болалар поликлиникаси, кейинчалик 1-оила поликлиникаси мақоми берилди.

Дилором Алимбоева тиришқоқлиги, меҳнатсеварлиги, ўз касбининг фидойиси сифатида раҳбариятнинг назаридан асло четда қолмади. Унга 2000 йилда бош ҳамширалик вазифасини ишониб топширишди.

Мустақиллик даврида ҳамширалик иши ҳам тубдан такомиллашди. Патронаж тизими йўлга қўйилди. Бугунги ҳамширалар ҳар томонлама мукаммал билимга, муайян иш тажриба эгадирлар. Буни яхши англаган Д. Алимбоева 16 йилдан буён ўзи бош бўлган юздан ортиқ ўрта тиббиёт ходимларига ҳар куни, ҳар нафасда соҳадаги янгиликларни ўзлаштиришларини, билимларини тобора мукаммалаштириб боришларини уқтиргани-уқтирган.

- Дилоромхон жуда билимли, тажрибали. Янги иш бошлаган пайтидан хозирга қадар бирга фаолият юритяпмиз, - дейди поликлиника бош врачи Нигора Жўраева. - Унинг саъй-ҳаракатлари туфайли поликлиникамизда устоз-шогирд анъаналари шаклланди. Мўъжазгина кутубхона ҳам ёш мутахассисларимизга жуда асқотяпти. Ҳамшираларни бўш қолди дегунча, ўқишга, изланишга чорлайди. Ўзининг шижоати, ҳали-ҳануз билимга чанқоқлиги билан жамоамизда ўрнак. Маҳалла-мактаб-оила ҳамкорлигини ҳар доим мус­таҳкамлашни ўйлайди.

Дилором Алимбоева 2016 йили "Мустақилликнинг 25 йиллиги" кўкрак нишони билан тақдирлангани бежиз эмас-да. Бу унинг истиқлол ислоҳотлари муваффақиятини таъминлашдаги фаоллигининг муносиб эътирофидир, албатта.

- Меҳнатларим самарасида устозларимнинг ҳиссалари катта. Айниқса, Нигора Жўраева, Гулчеҳра Алиева, Раъно Гаффарова, Маҳмуджон Қодирҳўжаев, Латофат Муқимова ва Ойниса Мақсудовалар номини ҳамиша ҳурмат билан тилга оламан, - дейди мамнуният билан Дилором опа.

Бош ҳамшира айни пайтда намунали хонадон бекаси ҳам. Турмуш ўртоғи Валижон ака билан 3 нафар фарзандни вояга етказишди. Ўғиллари Умиджон тадбиркор, Ойбек вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонасида муҳандис, қизи Дилдора эса онасидек ҳамшира.

Соҳадаги ҳалол ва фаол хизматлари билан эл-юрт саломатлигини сақлашга муносиб улуш қўшаётган Д. Алимбоевани биз ҳам муборак айём билан қутлар эканмиз, бахт боғининг бекасини ғайрат ва шижоат асло тарк этмасин деймиз.

Манзура ЭРГАШЕВА.