БУВИМДАЙБЎЛАЙ ДЕЙМАН

Бу Наманган тиббиёт коллежи ўқувчиси

Зарина АБДУЛЛАЖОНОВАнинг истагидир.

Янгиқўрғон туманининг Мамай қишлоғидагилар бувим Донохон Назарқуловани ҳали ҳануз меҳрибон дўхтир сифатида ёдга олишади. Сабаби, доя бўлиб, юзлаб инсонларни ёруғ дунёга келишига ёрдамлашганлар. Бутун умрлари оналарнинг хизматида кечган. Бувимнинг қўлларида йўргакланган чақалоқлар эндиликда улғайиб, ўзлари ҳам бола-чақали бўлиб юришибди. "Донохон дояни онамиздек суярдик" деганларини эшитганимда кўнглим фахрларга тўлади. Шундай элсевар инсоннинг набираси эканлигимга мингдан-минг шукроналар қиламан. Бувимнинг руҳларини шод айлашни истадимми, уларга ихлос қўйдимми, мактабни тугатгач, ҳамшира бўлишни орзуладим. Бугун эса коллеж талабалари қаторида юрганимдан кўнг­лим бениҳоя таскин топаверади. Ахир "Донохон доянинг набираси ҳам шифокор бўлибди", деган гапларни эшитиш мен учун ёқимли эзгу ниятдир.

Отам - Бахтиёр Дадабоев фермер, онам - Гулчеҳра Каримова биология муаллимаси. Икковлари менинг орзуларим ушалишига гўёки қанот бағишладилар. Наманганда ўқишимга оқ фотиҳа беришди. Ҳозирда биринчи босқич талабасиман. Ҳамширалик гуруҳида 30 нафар ёшлар устозлардан тиббиёт сабоқларини ўзлаштиряпмиз. Баҳодир Ҳамидов, Иброҳим Обидов, Муборакхон Нажмиддинова сингари ўқитувчиларимизнинг машғулотлари айниқса мароқлидир. Коллежимизда яхши ўқишимиз учун зарур шароитлар тўкис, десам ҳеч муболаға эмас. Шинам хоналар, керакли жиҳозлар, кўргазмалар, компьютерлар, кўпсонли китоб фондига эга кутубхона бизларнинг ихтиёримизга бериб қўйилган. Улардан оқилона фойдаланяпмиз. Тенгдошларимдан Зуҳра Абдумажидова, Абдулло Маъруфжонов, Жавлон Ғафуржонов кабиларнинг эришаётган натижалари юқорилиги ана ўшандандир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойишлари айни муддао бўлди. Ўйлаймизки, бундан буён коллежимизда китоб­лар фонди янада кенгаяди. Энг зарур дарсликлар, қўлланмалар таъминотига эътибор кучайтирилади. Фақат шугина эмас, айни вақтда янги-янги адабий-бадиий асарлар кутубхонамиздан ўрин эгаллайди. Бизлар учун энди китоблар оламининг эшиклари бундан-да катта очиб қўйилади. Устозлар билан бирга китобдек буюк тарбиячилар кўмагида, таъсирида онгу шууримиз қанчалик юксалса, элу юртга шунчалик садоқатли кадрлар бўлиб етишсак ажаб эмас.

 

ОРАСТАЛИК ОДАТИМИЗ

Бу ҳамшира қизлар учун жуда зарур, - дейди Наманган тиббиёт коллежи ўқувчиси Мунира УРАИМЖОНОВА.

Ўзбек аёллари азал-азалдан фарзандларини оқ ювиб, оқ тарашга ўрганишган. Оилада тартиб, саранжом-саришталик, покизалик биринчи ўринда туради. Бунинг айниқса қизлар турмуш тарзидаги аҳамияти болаликдан онгимизга сингдирилган. Боғчага кетиш олдидан тортиб, мактабга бориш учун тайёргарлик қилиш одатий ҳолга айланган. Яъни юз-қўлни тоза тутиш, ювиниб-тараниб кўчага чиқиш маданият даражасига кўтарилган. Шунданми, покизалик каттаю кичикнинг ҳурматини оширгани оширган. Қолаверса, озода жойдан микроблар қувилади, саломатликни сақлашга эришилади.

Оиламизда барчамиз учун ора­с­­­талик муҳим бўлиб келган. Буни қарангки, коллежимизда ҳам худди шу масала долзарблик касб этмоқдаки, гуруҳимиздаги 30 нафар ўқувчиларнинг ҳаммаси ки­йинишда ҳам, юриш-туришда ҳам батартиб эканликларини кўрганлар дарров пайқашади. Аслида, унинг замирида коллежимиздаги "Ораста қизлар" клуби фаолиятининг изчиллиги ётади.

Клубга Матлуба опа Ғаффорова раҳбарлик қиладилар. Улар ҳар бир гуруҳдаги раислар билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатганлар. Маш­­-ғ­улотларда фойдали маърузалар ўқишса, ўтказилаётган тадбирларда тажрибалар оммалаштирилади, танловларда энг фаоллар аниқланади, тенгдошларига ибрат қилиб кўрсатилади. Фақат шу билан чекланиб қолинмайди. Илғорлар ҳам моддий, ҳам маънавий рағбатлантирилади. Гуруҳимиз "Ораста қизлар"и етакчиси Юлдуз Турсунбоева эса барчани бирдай ҳавас қилса арзийдиган батартибу покиза, мулойиму чиройли қизлар бўлишга чорлайди. Бизлар эса унинг бу истагига монанд бўлишга интилганимиз интилган.

Яна бир муҳим омилни эсдан чиқармаслигимиз лозим. Устозларимиз бу борада ҳам бизларга ўрнакдирлар. Масалан, ҳамширалик иши, анатомия ва биология муаллималаримиз - Хуршида Қаюмова, Шоира Исматова, Дилбархон Ғаффоровалардан орасталик сабоқларини тинглаганмиз. Ҳатто баъзида танқид ҳам эшитганмиз. Эндиликда, устозу шогирдлар орасталик бобида бир-биримиздан қолишмаслик учун астойдил ҳаракатдамиз.

ОПА-СИНГИЛЛАРҲАМШИРАЛИКНИТАНЛАГАНМИЗ

Боиси, халқимизнинг "Элга хизмат - олий ҳиммат"деган нақли ҳаётимиз мазмунига айланмоқда, - дейди Чуст тиббиёт коллежи ўқувчиси Машҳура ОХУНЖОНОВА.

Оиламизда уч опа-сингилмиз. Марҳабат ва Азиза опаларим ҳам Чуст тиббиёт коллежини ўқиб тамомлаб, бир неча йилдан буён шифохоналарда беморларга сифатли ва юқори малакали хизмат кўрсатиш билан катта обрў-эътибор қозонишган. "Опаларингизнинг қўллари бирам енгилки, беозор игна санчишнинг ҳадисини олишган" деган эътирофларини кўпчиликдан эшитганман. Кўнглим тоғдек кўтарилган. Шу билан бирга бу касбни олийжаноб одамларгина уддасидан чиқа олишини чуқур ҳис этганман. Натижада, беихтиёр ўзим ҳам улар изидан боряпман. Ҳозирда опаларим сабоқ олган тиббий билимлар масканининг талаба­симан.

Ҳамширалик учун аввало, хушмуомалалик зарур, кейин эса беминнат хизматга шайлик муҳим. Иккисини ўз фаолиятида уйғунлаштира олган қизгина бу касбда ўз ўрнини топишга муяссарланади. Мен буни опаларим тимсолида англаганман.

Истиқлол ислоҳотлари биз ёшлардан янада зукко, янада билимдон бўлишни талаб этади. Чунки, бугунги кунда даволаш-профилактика муассасаларига энг янги, энг замонавий тиббиёт аппаратлари келтирилмоқда. Улар билан "муомала"га киришиш учун билимнинг ўзи етарли эмас. Устозлар ёрдамида, амалиёт жараёнида малака шакллантириш шарт. Ўқитувчиларимиз Бахтиёр Улуғбоев, Фарида Саидқодировалар машғулотлар чоғида буларни уқтиришгани уқтиришган.

Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кейинги пайтдаги маърузаларида ёшлар учун бир неча касбларни эгаллаш ғоят катта аҳамиятга эгалиги алоҳида таъкидлаб ўтиляпти. Оилавий тадбиркорликка кенг йўл очиш масаласи долзарб қилиб қўйиляпти. Ҳатто, ёшларни қўллаб-қувватлаб, имтиёзли кредитлар ажратилаётгани бизларни астойдил ҳаракатга солиб юбор­япти.

Коллеж талабалиги даврида инсон бутун умри давомидаги камолотига пойдевор қўяди, десам муболаға эмас. Биз фақат тиббий билим олиш билангина кифояланиб қолмаяпмиз. Менинг ўзим яна бир неча касбу ҳунарни эгаллаяпман. Аниқроғи, чустлик устозлардан дўппи тикиш, тўқувчилик сир-асрорларини ўзлаштиряпман. Келгуси ҳаётимда булар иккинчи касбу кор сифатида оила бюджетимни мустаҳкамлашга асқотишига ишончим комил.

СИФАТЛИ ДОРИ-ДАРМОН -ХАЛҚҚА КЕРАК ҲАР ОН

Шунинг учун фармацевт-асистентлик вазифаси ғоят масъулиятли, - дейди Косонсой тиббиёт коллежи ўқувчиси Насиба СОТИБОЛДИЕВА.

Мен врач ва ҳамшираларни худди мерганларга ўхшатаман. Уларнинг нишонида касалликлар туради. Тўғри ташхис қўйиш - нишонни аниқ олиш демакдир. "Танадаги ёвга қарши нима билан курашилади?" - деган савол ўз-ўзидан туғилади. Жавоб эса ягона: дори-дармон билан! Дори-дармонсиз курашга шайланган шифокор милтиқ ва ўқсиз овчидай гап. Ана энди шу жойда фармацевтларнинг маҳсулотларига эҳтиёж туғилади. Сифатсиз дорини халққа беришдан ёмони йўқ. Касаллик вақтида тузалмай, бемор азият чекиши ўз-ўзидан чўзилаверади. Менимча, бунга йўл қўядиган фармацевт шифокорларнинг ҳам обрўйига путур етказади. Бундан хулоса шуки, халққа арзон ва сифатли дори-дармон керак.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябр­даги "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори эълон қилингандан кейин бу борада кескин ижобий ўзгаришлар ясалмоқда. Дори тайёрловчиларнинг ҳам, уларнинг сотуви билан шуғулланувчиларнинг ҳам масъулиятлари ғоят оширилди. Қайси дорихонга кирмайлик, арзонлаштирилган, ўзимизда ишлаб чиқарилган, сифати хорижникидан қолишмайдиган маҳсулотлар муҳайё.

Коллежимиздаги фармацевт асистенти бўлими фаолияти юқоридаги қарор доирасида янада яхшиланмоқда. Аввало, директоримиз Гуллола Бозорова назарий билим билан амалиётни уйғунлаштириш, дорихоналар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътиборни тобора кучайтиряптилар. Мутахассислигимизга оид фанлардан Матлуба Зулфиқорова пухта билим берибгина қолмасдан, бизларни туман марказидаги дорихонада амалиётни муваффақиятли ўтказишимиз учун астойдил жон куйдирадилар. Гуруҳ раҳбаримиз Шоҳмирза Бойбобоев эса аҳиллик, меҳр-оқибат, юртга садоқат туйғулари кўнглимизда барқарор қўним топиши учун тарбиявий тадбирларни изчил ўтказадилар. Муҳсина Мақсудхонова, Мафтуна Нортожиева ва Шоҳида Мелиева сингари дугоналарим ўқишдагинамас, доришуносик амалиётида ҳам юқори натижаларга эришяптилар.

Менинг орзуларим янада юксак. Коллежни келгуси йил битиргач, бу соҳада олий маълумот олмоқчиман. Тошкент Фармацевтика институтига ўқишга кириш учун ҳозирдан барча фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириб боряпман.

 

Ёшлар эртанги кун эгаларидир. Ҳадемай, улар коллежларни тамомлашиб, истиқлолли юртнинг истиқболи учун ҳормай-толмай меҳнат қилаётган фидойи халқимиз хизматига чоғланишади. Қизларнинг орзу-умидлари қанчалар юқори бўлса, шунга яраша шаҳду шижоатлари ҳам баланд бўлиб бораверади. Зеро, бугунги авлоднинг бахти баркамол. Негаки, истиқлолли мамлакатимиз тиббиётидаги кенг қамровли ислоҳотлар шарофати кундан-кунга халқимиз саломатлиги давлат томонидан кафолатли эканидан далолат беради. Ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, инсон учун хизмат қилаётган Ўзбекистонимизда тиббиётни жаҳон андозалари даражасига кўтарилиши шубҳасиз. Бунда тиббий хизматнинг ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланган кўпсонли ҳамширалар меҳнати ҳал қилувчи ва салмоқли ўринга эга бўлиб қолаверади.

Манзура АБДУЛЛАЕВА,

"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.