ҚАНДАЙ ХИЗМАТЛАР БЕПУЛ?
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти ташаббуси билан 1998 йил 10 ноябрда қабул қилинган "Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури"га асосан давлат томонидан аҳолига кафолатланган бепул тиббий хизматлар қуйидаги ҳолларда кўрсатилади:
1. Шошилинч, кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдамнинг барча турлари бепул.
2. Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини ва бир қатор давлат даволаш-профилактика муассасалари, биринчи навбатда қишлоқ жойларидаги тиббиёт муассасаларида, жумладан: қишлоқ ва маҳалла врачлик пунктлари, қишлоқ участка шифохоналари, туман ва шаҳар оилавий поликлиникалари, туман ва шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникалари ҳамда тиббиёт бирлашмалари (хўжалик ҳисобидаги реабилитация ва соғломлаштириш бўлимларидан ташқари).
3. Аҳолини юқумли касалликларга қарши иммунизациялаш ва эмлаш.
4. Ижтимоий аҳамиятга эга ва атрофдагилар соғлиғига хавф туғдирувчи сил, хавфли ўсма, руҳий, наркологик, эндокринологик ҳамда касб касалликларига дучор бўлган шахсларга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш, жумладан: руҳий ва руҳий-асаб, сил, онкологик, тери-таносил (хўжалик ҳисобидаги тери касалликларини даволаш бўлим ва ўринларидан ташқари), эндокринологик, наркологик, касб касалликларини даволаш муассасаларида (диспансерлар, клиникалар, шифохоналар, марказлар, сиҳатгоҳлар ва бўлимлар), лепрозорийлар, ОИТС марказлари.
5. Болаларни текширувдан ўтказиш ва даволаш (пуллик муассасалардан ташқари), жумладан: болалар муассасалари (шифохоналар, сиҳатгоҳлар, поликлиникалар, марказлар, боғчалар ва бўлимлар), туғруқ муассасалари - хўжалик ҳисобидаги гинекологик бўлимлардан ташқари (акушерлик комплекслари, туғруқ бўлимлари, перинатал марказлар), оналик ва болалик муассасалари ("Она ва бола", скрининг марказлари), 15-17 ёшдаги ўсмирлар ҳамда чақирув комиссияларининг йўлланмалари билан чақириқ ёшидаги (18-27 ёш) шахсларни текширувдан ўтказиш ва даволаш.
6. Ҳомиладорларга тиббий хизмат кўрсатиш (пуллик муассасалардан ташқари), жумладан: юқумли касалликлар муассасаларида (клиникалар, шифохоналар, марказлар ва бўлимлар).
7. Беморларнинг имтиёзли тоифаларига (ногиронлар, уруш фахрийлари, чин етимлар ва бошқалар) бепул тиббий хизмат кўрсатилади.
ДОРИ ВОСИТАЛАРИ БЕПУЛ, ФАҚАТ...
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги 204-сонли қарори билан амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифалари рўйхати тасдиқланган, бунга: онкологик, сил, мохов, руҳий, эндокринологик, қандли ва қандсиз диабет касаллигига чалинганлар, ОИВ хасталигини юқтирганлар. Юрак клапанини протезлаш ва органларни кўчириш юзасидан операция қилинган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар, 1941-1945 йиллардаги уруш меҳнат фронти қатнашчилари, Чернобиль атом электростанцияси (АЭС)даги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган - ногиронлар, байналминалчи жангчилар, ҳарбий хизматни ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ўтаган пенсия ёшидаги шахслар.
ЭЪТИБОР БЕРИНГ!
"Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан аҳолини тегишли ахборот ва маълумот билан таъминлаш кўзда тутилган. Шундан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи билан барча тиббиёт муассасаларида пуллик тиббий хизмат кўрсатиш тартиб-қоидалари, хизмат турлари ва нархлари акс эттирилган ахборот бурчаклари ташкил этилган.
Пуллик тиббий хизмат кўрсатувчи барча муассасалар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки ҳудудий бошқармалар томонидан берилган рухсатномаларга эга бўлиши лозим. Пуллик тиббий хизмат кўрсатувчи муассасаларда фуқаролар билан шартнома тузилиши ва уларга пул тўланганлиги тўғрисида квитанция берилиши керак.
КИМЛАР ОВҚАТ ПУЛИ ТЎЛАШДАН ОЗОД ЭТИЛАДИ?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 5 февралдаги 31-сонли қарори билан шахслар (беморлар)ни даволаш-профилактика муассасаларида овқатланиш тўловидан озод қилувчи касалликлар рўйхати ва тиббиёт муассасаларида овқатланиш тўловидан озод қилинадиган шахслар (беморлар) тоифалари тасдиқланган.
А. Стационар шароитда даволаш-профилактика муассасаларида овқатланиш тўловидан озод қилинган касалликлар рўйхатига қуйидагилар киради: ОИВ касаллигини юқтирганлар (ОИТС), онкологик, руҳий, юқумли, гиёҳвандлик, эндокринологик, нурланиш касаллигига чалинганлар, мохов, сифилис, сил касаллиги бор беморлар, шунингдек, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш чоғида беморларнинг шифохонада бўлиши чекланган муддатларининг тасдиқланган стандартлари бўйича реанимация тадбирлари ҳамда интенсив терапияни талаб этувчи касалликлар ва ҳолатлар, даражасидан қатъи назар, камқонлик касаллигига чалинган ҳомиладор ва туққан аёллар.
Изоҳ: ушбу рўйхат тиббий ёрдам пуллик асосда кўрсатиладиган тиббиёт муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари (ўз маблағлари) ҳисобига молиялаштириш шартларида фаолият кўрсатувчи тиббиёт муассасалари, уларнинг бўлимлари ёки палаталарига татбиқ этилмайди.
Б. Тиббиёт муассасаларида овқатланиш тўловидан озод қилинадиган шахслар (беморлар) тоифаларига қуйидагилар киради: I ва II гуруҳ ногиронлари, болаликдан ногиронлар, 1941 - 1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва меҳнат фронти қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашганлар, чин етимлар, ваколатли органларда ҳисобда турувчи ёлғиз пенсионерлар, 18 ёшгача бўлган болалар, шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари, чақириқ комиссиялари хулосаларига кўра мудофаа ишлари бўлимларининг йўлланмалари бўйича 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган чақириқ ёшидагилар, "Ўзбекистон Республикаси фахрий донори" ("Почетнўй донор Республики Узбекистан") кўкрак нишони билан тақдирланганлар, 1 ёшгача боласи бўлган эмизикли оналар.
Изоҳ: ушбу рўйхат тиббий ёрдам пуллик асосда кўрсатиладиган тиббиёт муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари (ўз маблағлари) ҳисобига молиялаштириш шартларида фаолият кўрсатувчи тиббиёт муассасалари, уларнинг бўлимлари ёки палаталарига татбиқ этилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 31-сонли қарори бўйича даволаш-профилактика муассасаларида овқатга пул тўлаш тартиби қабул қилинган ва бемор ўз хоҳишига биноан овқатланиши учун (нонуштадан ташқари) пул тўлаши ёки овқатланишга пул тўлашдан қисман ёхуд бутунлай бош тортиши мумкин. Беморнинг овқатга пул тўлашдан бош тортиши даволаш муассасасига қабул қилмаслик учун асос бўла олмайди.
ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАНМАРКАЗЛАР КИМЛАРГАБЕПУЛ?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 26 февралдаги ПФ-3214-сонли Фармонига асосан академик В. Воҳидов номидаги Республика хирургия, урология, кўз микрохирургияси ва кардиология ихтисослаштирилган марказларида махсус йўлланмалар (ордерлар)га асосан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул даволанадиган қуйидаги имтиёзли шахслар рўйхати белгиланган: болаликдан ногиронлар; чин етимлар, I ва II гуруҳ ногиронлари, 1941-1945 йиллар уруш ногиронлари ва меҳнат фронти қатнашчилари ҳамда уларга тенглаштирилганлар; ёшга оид ишламайдиган пенсионерлар, Чернобиль АЭС ҳалокатини бартараф этишда қатнашганлар, байналминалчи жангчилар, фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органларидан моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилалар.
Ушбу имтиёзларга эга бўлган беморларга марказларда даволанишлари учун махсус йўлланмалар (ордерлар) ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан берилади.
ИМТИЁЗЛИЛАРРЎЙХАТИ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 18 мартдаги "Ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасаларининг ташкилий тузилмаси ва фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 48-сонли қарорига асосан вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида давлат бюджети маблағлари ҳисобига бепул тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли шахслар рўйхати белгиланган: чин етимлар,
I ва II гуруҳ ногиронлари, болаликдан ногиронлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва меҳнат фронти қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилганлар, ёшга кўра ишламаётган пенсионерлар, Чернобиль АЭСидаги аварияни бартараф этишда ногирон бўлган шахслар, байналминал жангчилар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларидан нафақа олувчи кам таъминланган оила аъзолари, ижтимоий аҳамиятга эга касалликларга чалинганлар, чақирув комиссиялари йўлланмалари бўйича 15-17 ёшдаги ўсмирлар ва чақириқ ёшидаги (18-27 яшар) шахслар.
ИЛМИЙ-АМАЛИЙТИББИЁТ МАРКАЗЛАРИ БЕПУЛМИ?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 21 майдаги 145-сонли "Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида"ги қарорига асосан Республика фтизиатрия ва пульмонология ҳамда педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказларида барча тиббий хизматлар бепул кўрсатилади. Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология ҳамда терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказларида давлат бюджети маблағлари ҳисобига қуйидаги имтиёзли тоифадаги шахсларга бепул тиббий ёрдам кўрсатилади: 15 ёшгача бўлган болалар, чин етимлар, I ва II гуруҳ ногиронлари, болаликдан ногиронлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва меҳнат фронти қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилганлар, ёшига кўра ишламаётган пенсионерлар, Чернобиль АЭСидаги аварияни бартараф этишда қатнашган шахслардан ногиронлар; байналминалчи жангчилар; 15-17 ёшдаги ўсмирлар ва чақирув комиссиялари йўлланмалари бўйича чақириқ ёшидаги (18-27 яшар) шахсларни, текшириш, даволаш, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларидан нафақа оладиган кам таъминланган оилалардаги шахслар.
Республика акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича патологияли ҳомиладор аёллар, 15 ёшгача бўлган болаларга мавжуд ўринлар фонди ва марказ поликлиникаси даволаш қувватининг 20 фоизигача миқдорда, Республика эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича эндокрин касалликлардан азоб чекадиган беморларга мавжуд ўринлар фонди ва марказ поликлиникаси даволаш қувватининг 30 фоизигача миқдорида махсус йўлланма (ордер) асосида бепул хизмат кўрсатилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 февралдаги 55-сонли қарорига асосан даволаш-профилактика муассасаларида кўрсатилаётган сервис хизматларини ривожлантириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирининг 2016 йил 2 августдаги 340-сонли буйруғи билан тизимда қўшимча пуллик сервис хизматлари жорий этилди ва ушбу хизматлар беморларга уларнинг хоҳишига асосан кўрсатилади.
Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
томонидан тайёрланди.