Куни кеча навбатдаги ташриф амалга оширилди. ҚВПнинг умумий амалиёт шифокори Г.Жўраева, эмлаш ҳамшираси Н.Қаҳҳорова, патронаж ҳамшираси Р.Шарафиддиновалар синф ўқувчилари ҳолатини бирма-бир кўздан кечиришди. Улар покизаликка қандай риоя этаётганликлари, совуқ кунларда шамоллашдан сақланиш учун нималарга эътиборни кучайтираётганликлари билан қизиқишди. Болаларни озодалик ҳамда иссиқ кийиниб юришнинг фойдалари билан таништиришди.

Мухтасар ва мазмунли суҳбат ғоят мароқли кечди. Буни шундан билиш мумкинки, ўқувчилардан М. Абдулбоқиева, З. Исмоилов ва М. Раҳимбоевалар ўзларида аломатини сезиб, шифокорлар маслаҳати асосида қисқа муддат даволаниб, соғлиқларини тиклаб олганликларини таъкидлаш билан бирга грипп ва сурункали бронхит касаллигига чалинмаслик учун нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида саволлар билан мурожаат этишди. Шифокорларнинг содда ва тушунарли жавоблари болаларда қониқиш ҳосил қилди. Улар опаларига қимматли маслаҳатлари учун миннатдорчилик ҳам изҳорлашди.

- Мен синфимдаги барча ўғил-қизларимнинг соғликларини сақлаш учун врач ва ҳамширалар кўмагидан самарали фойдаланишга одатланганман, - дейди мамнуният билан муаллима Ҳабиба опа. - Улар ҳам ҳеч алоқани узишмайди, вақти-вақти билан синфимизга меҳмон бўлишади. Тиббий билимларимизни биргаликда бойитиб оламиз. Аввалги келишганида болаларда йод етишмаслиги оқибатлари, буқоқ ҳавфининг туғдириши, сариқ касаллигининг олдини олиш учун нималар қилиш лозимлиги, камқонликнинг салбий асоратлари тўғрисида қисқа тушунчалар беришган эди. Энди эса баҳорга тааллуқли тавсияларгача болаларимизни баҳраманд этишди. Кўклам таомлари дармондори эканлигини айтишиб, ота-оналарига бу ҳақда етказишларини тайинлашди ҳам.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашувда билдирган танқидий мулоҳазалари, қимматли йўл-йўриқлари таълим ва тиббиёт тизимида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни тақозо қилаётир. Мактаб ва ҚВП ходимлари соғлом авлод камолоти учун ёнма-ён туриб, фаол иш ташкил этишаётган экан, бу бошқа муассасалар жамоасига ўрнак бўлса арзийди. Ахир бизга инсон манфаатлари ҳар нарсадан устундир.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.