Президентимизнинг шу йил 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашувида, шунингдек, 7 февралдаги видеоселектор йиғилишида соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар очиқ-ойдин кўрсатилиб, соҳани ривожлантириш истиқболлари белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги, раҳбарлар масъулияти ва шахсий жавобгарлиги хусусида атрофлича тўхталди.

Биз тиббиёт ходимлари олдига қўйилган вазифалар фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишни, тизимнинг барча йўналишларида кескин бурилиш ясаш орқали аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини бугунги кун талаблари асосида юксалтиришни тақозо этмоқда. Чунки, Юртбошимиз таъкидлаганларидак, халқимизнинг ишончига эришишимиз ва оммани ишонтира олишимиз учун жуда кўп ишлар қилиниши керак.

Вилоятимиз аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлашга масъул бўлган соҳа ишини танқидий нуқтаи назардан кўриб чиқиш ва фаолият самарадорлигини ошириш учун зудлик билан чора-тадбирлар кўриш кераклиги инобатга олиниб, мутахассислардан иборат мониторинг гуруҳлари ташкил этилди. Улар шаҳар ва қишлоқлардаги даволаш-профилактика муассасаларига сафарбар қилинди.

Ўтган қисқа вақт ичида шу тариқа тиббиёт муассасаларидаги мавжуд ҳолатни танқидий-таҳлилий жиҳатдан кўриб чиқдик. Аччиқ бўлса ҳам ҳақиқат яхши, деганларидек камчилик ва нуқсонлардан асло кўз юммадик. Қандай қилиб хизмат сифати ва самарадорлигига эришиш мумкин? деган саволга жавоб қидирдик. Натижада тиббий хизматнинг қатор йўналишларида ўзгаришлар қилиш зарурияти ойдинлашди.

Шу ўринда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" моҳиятидан келиб чиқиб, "Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун" деган олижаноб ғояни фаолиятимиз учун асосий мезон қилиб белгиладик. Бинобарин, аҳоли билан доим ҳамнафас бўлиб, одамларнинг дарди билан яшашни бурчимиз, деб ҳисоблаймиз. Бошқармадан бошлаб то қуйи тизимларгача бўлган даражада барча раҳбарларнинг аҳоли орасида бўлишини одат тусига киритиб, фуқароларнинг тиббий хизмат кўрсатиш борасида қийнаётган муаммоларини жойида ҳал этиш чораларини излаяпмиз. Соҳа фаолияти шаффофлигини таъминлашда муҳим омил бўлган виртуал қабулхона ташкил этилди. Бу билан одамларнинг эътирозига сабаб бўлаётган иллатларга барҳам беришга эришилмоқда.

Тиббиёт ходимларининг қонунга зид хатти-ҳаракатларига, лоқайдлик ва бепарволик кўринишларига қарши кескин чоралар кўрилмаса, тиббий хизмат сифатини ошириш ҳақидаги уринишлар бесамар кетиши, муаммолар асло тугамаслиги оддий ҳақиқат. Бу йўналишда ҳам тегишли иш олиб боришга киришилди.

Соҳа ишини яхшилашда, аввало бирламчи тизим, яъни қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолиятини тубдан такомиллаштириш муҳимдир. Айни кунларда вилоятдаги қишлоқ врачлик пункт­лари, 12 та кўп тармоқли марказий полик­линикалар ва 13 та оилавий поликлиниканинг иш тартибларига ўзгартишлар киритилди. Бу кенг қамровли эзгу саъй-ҳаракатларнинг бошланиши, холос. Мазкур бўғин хизматини янада яхшилаш, тиббиёт ходимларининг фуқаролар ва давлат идоралари ўртасида кўприк воситасини ўтовчи вазифасини амалда таъминлаш керак.

Бирламчи тизим ишини тубдан такомиллаштиришни давр тақозо этмоқда. Бугун халқимизга қишлоқ врачлик пунктларининг кўплиги муҳим эмас, уларнинг самарали ишлаши аҳамиятли. Қишлоқ врачлик пунктлари жойлашувини қайта кўриб чиқиш, самарасиз ишлаётган пунктларни оптималлаштириш, уларга сарфланаётган маблағларни талаб юқори бўлган ҚВПларни моддий-техник жиҳатдан мус­таҳкамлаш, мақсадга мувофиқларини поликлиникаларга айлантириш, малакали шифокорларни рағбатлантиришга йўналтириш зарур. Қишлоқ врачлик пунктлари туну кун ишлаши, врач у ерда яшаши учун зарур шароитлар яратиш масалаларига эътибор қаратиляпти.

ҚВПлар ўрнида вужудга келадиган янги қишлоқ поликлиникаларида тиббий хизмат доираси кескин равишда кенгайтирилади. Натижада хизмат сифати тубдан яхшиланади. Бинобарин, педиатр, акушер-гинеколог, стоматолог, терапевт ва бошқа қатор тор доирадаги мутахассислар беморларга хизмат кўрсатади. Кундузги шифохона фаолияти йўлга қўйилади. Яна бир муҳим жиҳати, ушбу тиббиёт масканларига тез тиббий ёрдам станциялари ҳам жойлаштирилади. Бир сўз билан айтганда, бу муассасалар аввалги ҚВПлардан бутунлай фарқли равишда аҳолининг тиббий хизматга бўлган эҳтиёжини тўла қоплай оладиган даражада энг зарур тиббиёт анжомлари, асбоб-ускуналари, аппаратлари билан таъминланади. Ижтимоий дорихоналар тизими шакллантирилади. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, республика ва вилоят шифохоналаридаги малакали врачлар жадвал асосида қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда қабуллар ўтказадилар.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, янги тузилмалар оналик ва болалик муҳофазаси борасидаги ишларимиз самарадорлигини оширишда ҳам муҳим роль ўйнайди. Илгари тарқоқ ҳолда фаолият кўрсатган қишлоқ врачлик пунктларида аёллар ва қизларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш қониқарли эмасди. Янги ташкил этилаётган масканларда акушер-гинеколог ихтисосидаги врачларнинг иш олиб бориши бўлғуси оналаримиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш имконини беради. Қолаверса, бундай муассасаларнинг илгаригидек фақат туман марказларидагина эмас, балки аҳоли яшаш жойларига яқинлаштирилиши одамларга бағоят қулайлик яратиши шубҳасиз. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 ноябрда қабул қилинган "2016-2020 йилларда Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизими янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2650-сонли қарори талаблари шуни тақазо этади.

Қайд этиш жоизки, аҳолининг, айниқса, ҳақли эътирозларига сабабчи бўлаётган тузилмалардан бири тез тиббий ёрдам хизматидир. Тез тиббий ёрдам тизимининг барча бўғинларида тартиб-интизом ўрнатиш, моддий-техник таъминотни яхшилаш асло кечиктириб бўлмайдиган вазифалар сирасига киради. Белгиланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ вилоятимизга қўшимча санитар автомобиллари олиш, мавжуд диспетчерлик хизматини марказлашган ҳолда компьютерлаштириш, алоқа тизимини замонавий воситаларга алмаштириш, тез тиббий хизмат бригадаларини замонавий тиббий жиҳозлар ва етарли дори-дармонлар билан таъминлаш кўзда тутиляпти. Шунингдек, тузилма ишини ўрганиш мақсадида уюштирилаётган рейдлар баробарида айрим камчиликлар зудлик билан бартараф этиляпти. Шифокору ўрта тиббиёт ходимларининг масъулияти оширилмоқда.

Фуқароларни арзон ва сифатли дори-дармон ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга эришиш бугунги устувор вазифалар сирасига киради. Дори-дармон ва тиббий буюмлар нархи чекланган даражада бўлишини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш зарур. З40 номдаги дори воситалари ва тиббиёт буюмлари чекланган нархда сотилишини йўлга қўйиш жуда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Вилоятда фармацевтика саноатини янада ривожлантириш чораларини кўриш, бунга хорижий сармоядорларни жалб қилиш борасидаги ишларни янада жадаллаштиришимиз лозим. Бой табиий имкониятларимиздан самарали фойдаланиб, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармонга бўлган эҳтиёжини қондиришга астойдил киришганмиз. Жорий йилнинг ўзида кўплаб турдаги дори воситаларининг вилоятимизда ишлаб чиқарилиши кўзда тутилмоқда. Яқинда Ҳиндистондаги MJ Group компанияси билан ҳамкорликда янги корхона очилади.

Ихтисослашган тиббиёт марказлари доирасини кенгайтириш устида жиддий бош қотириш лозимдир. Кўплаб хасталикларни даволаш бўйича пойтахтдаги ва хориждаги тиббиёт марказларининг мутахассисларини Наманганга жалб этиш анънасини изчил давом эттириш даркор. Шу билан бирга вилоятдаги даволаш-профилактика муассасалари имкониятларини янада кенгайтириш зарурияти кун тартибидан ўрин олган. Бу йўналишда ҳам амалий ишларга киришилди. Хусусан, Наманган шаҳар ва барча туманлар тиббиёт бирлашмалари таркибида 6 та йўналиш (офтальмология, ЛОР, травматология, кардиология, неврология, эндокринология) бўйича 36 та бўлим очилиб, 740 та янги ўринлар жорий қилинди.

Видеоселектор йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий тузилмалари фаолиятини янада такомиллаштириш, ихтисослаштирилган марказларнинг туман тиббиёт бирлашмалари, бу бирлашмаларнинг қишлоқ врачлик пунктлари ва поликлиникалар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳақида сўз юритилди. Тиббий хизматнинг қайси турлари бепул амалга оширилиши ва қайсиларига пул тўланишини аниқ белгилаш, ҳар бир муассасада кўринарли жойга ёзиб қўйиш зарурлиги қайд этилди. Бу йўналишдаги ишларимизни ҳам тубдан яхшилаш чораларини кўряпмиз. Ўтган йилларда тўпланган тажрибаларга асосланиб, мамлакатимизнинг нуфузли тиббиёт марказлари етакчи мутахассилари билан ҳамкорликни кучайтириш режаси ишлаб чиқилмоқда.

Вилоятимизда ҳам аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш борасида изчил иш олиб борилмоқда. Бу ўринда нодавлат тиббиёт муассасаларида жорий қилинаётган янгиликлар, истиқболли лойиҳалар ҳам эътиборга   молик.

Шуниси диққатга сазоворки, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун яратиб берилаётган беқиёс имкониятлар самараси ўлароқ тиббиётнинг мазкур бўғини ҳам жадал ривожланмоқда. Бугунги кунга келиб улар сони 250 тадан ошиб кетганлиги қувончлидир. Жумладан, яқинда фойдаланишга топширилган ANAMED диагностика марказининг вужудга келиши ҳам бу борадаги астойдил саъй-ҳаракатлар самараси, дейиш мумкин. Муассаса неврология ва нейрохирургия йўналишида фаолият кўрсатади. Келгусида бу ерда россиялик шифокорлар билан нейрохирургия соҳасида ҳамкорлик қилиш мўлжалланмоқда.

Ўз-ўзидан равшанки, аҳоли тиббий маданиятини юксалтирмасдан туриб соғлиқни сақлаш тизими иши самарадорлигини ошириб бўлмайди. Чунки, одамлар тиббий тушунчага, тиббий саводхонликка эга бўлмасалар касалликларни олдини олиш, профилактик тадбирлар натижадорлигини таъминлаш қийинлашади. Шунинг учун ҳам вилоятда барча ёшдаги инсонларнинг соғлом турмуш тарзи ва саломатликка оид билимларини мустаҳкамлашга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Патронаж хизмати орқали хонадонлардаги кишилар билан суҳбатлар олиб бориляпти. Меҳнат жамоалари, таълим масканларида эса саломатлик мавзуларида учрашувлар ташкилланиб, маърузалар ўқилмоқда. Оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан самарали фойдаланиляпти. Наманган телевидениесида "Саломат бўлинг!" ток-шоуси мунтазам эфирга узатилмоқда. "Халқ билан юзма-юз" номли телемулоқот ҳар ҳафтада икки мартадан намойиш қилинмоқда.

Қисқаси, ҳали олдимизда ғоят масъулиятли, талай ишлар турибди. Юртдошларимизнинг тиббий хизматдан қониқиш ҳосил қилишларига эришиш учун астойдил изланаверамиз.