Тиббиёт фанлари номзодлари - марказ нейроэндокринология бўлими мудири Адлия Ҳолиқова ва нейроэндокринолог Гулчеҳра Наримоваларнинг вилоятимиздаги хизмат сафарлари ғоят самарали кечди. Меҳмонлар "Йод етишмовчилиги муаммолари" ва "Қандли диабет"га оид илмий маърузалар тайёрлаб келишганди. Дастлабки "Маҳорат дарси" вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази мажлислар залида уюштирилди. Унга Наманган шаҳридаги оилавий поликлиникаларнинг умумий амалиёт шифокорлари жалб қилинди.
Тадбирни мазкур тиббиёт маркази бош шифокори Юнусхон Абдупаттоев кириш сўзи билан очди. Вилоят эндокринология диспансери бош шифокори Баҳриддин Сиддиқов муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 5 январь ва 7 февраль кунлари мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашувида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида амалий ишлар қилинаётганлиги, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий - амалий тиббиёт маркази етакчи мутахассисларининг вилоятимизга келиши ҳам бу борадаги изчил саъй-ҳаракатлардан бири эканлигини таъкидлади.
Икки соат давом этган илмий маърузаларда олима-шифокорлар эндокринологик хасталикларнинг олдини олиш борасида умумий амалиёт шифокорлари нималарни билишлари муҳимлигию касаликка чалинган беморларга қандай тиббий хизмат кўрсатиш зарурлигига эътиборни қаратдилар. Чунончи, тиббиёт фанлари номзоди Адлия Ҳолиқова "Йод етишмовчилиги муаммолари"ни изоҳлар экан, унинг эпидемиологияси, клиникаси ва профилактикаси ҳақида батафсил тушунтирди. Тажрибали шифокор Гулчеҳра Наримова эса қандли диабетни аниқлашдан бошлаб беморларни парваришлаш ва самарали даволашгача бўлган жараёнларни батафсил изоҳлаб берди. Савол - жавоблар чоғида амалиётда юзага келаётган кўплаб масалаларга ойдинлик киритилди. Тингловчилар касбий маҳоратларини оширишга доир маслаҳатлар ва тавсиялар олдилар.
- Пойтахтлик ҳамкасбларимиз ўтказган машғулотлар жуда катта таассурот қолдирди. Фаолиятимиз давомида фан ютуқларини, илғор тажрибаларни қўллаш орқали беморларимизнинг тезроқ соғайишларини таъминлаймиз, - дейди 1-оила поликлиникаси умумий амалиёт шифокори Иномиддин Жўраев.
Назарий машғулотдан кейин фаолият вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бўлимларида давом этди. Юқори малакали мутахассислар вилоят эндокринология диспансери шифокорлари ҳамроҳлигида йирингли жарроҳлик ва нефрология бўлимларидаги палаталарга киришиб, оғир хасталик туфайли ётиб қолган беморлар билан дилдан суҳбат қуришди. Жумладан, Адлия Ҳолиқова қандли диабет асоратидан қийналаётган Аъзамжон Низомов, Абдумажид Эргашев ва бошқаларнинг аҳволи билан танишди. Ўрганиш баробарида даволаш жараёнларининг бориши таҳлил этилди. Шифокорларга зарур тавсия ва маслаҳатлар айтилди.
Шундан сўнг пойтахтлик шифокорлар Наманган шаҳридаги "Мажнунтол" маҳалласи томон йўл олишди. Аҳоли вакиллари билан қизиқарли кечган мулоқотда соғлом турмуш тарзининг афзалликлари, фуқароларнинг саломатлик ҳақидаги билимларини бойитиш, эндокринологик касалликларнинг олдини олиш учун оилаларда ва жамоатчилик ўртасида тиббий маданиятни юксалтиришнинг муҳимлиги ва бошқа мавзуларга оид фикрлар айтилди. Одамлар ўзларини қизиқтирган қатор саволларга тегишли жавобларни олдилар.
Меҳмонлар кейинги кунлари Уйчи туманида иш олиб боришди. Дастлаб туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси мажлислар залида туман марказий шифохонаси терапевтлари, эндокринологлари, поликлиника шифокорлари ва қишлоқ врачлик пунктлари мудирлари иштирокида семинар ташкилланди. Уни вилоят эндокринология диспансери бош шифокори Баҳриддин Сиддиқов олиб борди. "Маҳорат дарси" дастурига мувофиқ тиббиёт фанлари номзодлари - Адлия Ҳолиқова ва Гулчеҳра Наримоваларнинг маърузалари тингланди. Нотиқлар эндокринологик касалликлар ва уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида слайдлар воситасида батафсил маълумот беришди. Тадбир қатнашчиларининг мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича саволларига жавоблар қайтарилди.
Аҳоли яшаш жойларидаги мулоқотлар одамларда ғоят қизиқиш уйғотди. Уйчи шаҳарчасидаги 40-умумтаълим мактабида Алишер Навоий номли маҳалла фуқаролар йиғини, Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежида «Шифокор» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси вакиллари билан давра суҳбати ташкил этилди. Соғлиқни сақлаш тизимидаги янгиланишлар баробарида мамлакатимизнинг йирик тиббиёт марказлари малакали шифокорларининг соҳанинг қуйи тизимларидаги ҳамкасблари билан ҳамкорлиги кучайтирилаётганлиги, хусусан Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий - амалий тиббиёт маркази етакчи мутахассисларининг вилоятимиз шаҳар ва қишлоқларида олиб бораётган фаолияти бундан далолат эканлиги таъкидланди. Эндокринологик касалликлар билан оғриган беморларга кўрсатилаётган юқори малакали тиббий хизмат, хасталик профилактикаси йўналишида ўтказилаётган сайёр қабуллар шулар жумласидандир.
- Маҳалламизга Тошкентдан шифокор олимлар келиб, ҳолимиздан хабар олишаётгани, саломатликка оид тушунчамизни бойитиб, зарур маслаҳатлар беришаётгани, одамларни тиббий кўрикдан ўтказиб, узоғимизни яқин қилишаётгани давлатимизнинг халқ соғлиғини мустаҳкамлаш учун қилаётган ғамхўрлиги, деб биламиз, - дейди меҳнат фахрийси Тожиддин ота Ғозиев. - Шундай элпарвар мамлакатда яшаётганимиздан чексиз фахрландик.
"Гузар" қишлоқ врачлик пунктига ташрифдан мақсад бирламчи тизимда хизмат қилаётган саломатлик посбонларига амалий ёрдам кўрсатиш, уларнинг қандли диабет ва эндемик буқоқ касалликлари профилактикаси бўйича билим савиясини ошириш эди. ҚВП мудираси Мавлуда Ҳотамова билан суҳбат, муассаса ходимларининг мазкур йўналишдаги фаолиятларини ўрганиш жараёнида тегишли тавсия ва маслаҳатлар берилди. «Овчибулоқ» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, қандли диабет касаллигига чалинган Ҳусанбой Абдуллаев билан юзма-юз суҳбатлашилди. Унинг қон босими ўлчанди. Қўшимча дори-дармонлар буюрилди. Пархезга амал қилиш зарурлиги қайд этилган тавсиянома берилди. Муяссар Дадахонова, Дилором Раҳматова, Мавлуда Маллабоева ва бошқалар ҳам кўрсатилган юқори малакали тиббий хизмат учун патронаж ўтказаётган шифокорларга ўз миннатдорчиликларини изҳорлашди.
"Чуртуқ", "Ғалаба" қишлоқ врачлик пунктлари жамоалари ҳам ўқилган илмий маърузалардан бой таассурот олдилар. Амалий машғулотлар чоғида врачларнинг иш режалари кўздан кечирилди, касалликларни барвақт аниқлаш тажрибаси билан ўртоқлашилди. Шу масканларнинг ўзида беморлар тиббий кўрикдан ўтказилди. Куннинг иккинчи ярмида эса Адлия Холиқова ва Гулчеҳра Норимова ҳамда вилоят эндокринология диспансери олий тоифали эндокринологи, олий тоифали шифокор Дилором Эгамбердиева ҳамда Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси эндокринолог-педиатри Муҳаррамхон Ғоиббоевалар ҚВП патронаж ҳамширалари иштирокида Ёрқўрғон қишлоғида истиқомат қилаётган хонадонларда патронаж ишларини олиб боришди. Турли ёшдаги кишилар билан эндокринологик касалликларга қарши курашиш юзасидан тушунтириш тадбирларини ўтказишди.
- Уйимизга келган тажрибали шифокорлар турмуш ўртоғим Абдумутал Ўлжабоевнинг саломатлигини текшириб кўриб, уни даволаш чораларини белгилашди. Соғлиғини тиклаш бўйича зарур маслаҳатлар берилди. Одамлар учун қилинаётган ғамхўрлик учун давлатимиздан миннатдормиз, - дейди уй бекаси Матлубахон севинганидан.
«Мирзаравот» МФЙда яшовчи Маҳмуджон ота Қозоқов кўп йиллардан бери қандли диабетдан азоб чекади. Тиббиёт фанлари номзоди Гулчеҳра Наримова унинг хонадонида бўлиб, бемор аҳволи билан обдон танишди. Тиббий текширувларни амалга оширди. Касалликни самарали даволаш юзасидан тавсиялар берди. «Тошлоқ», «Миришкор» маҳаллаларида истиқомат қилувчи Маҳмуджон Маматхонов ва Жамила Ёқубовалар хонадонларидаги тиббий патронаж ишлари ҳам оила аъзоларини мамнун этди.
Олима-шифокорлар хизмат сафарларининг якунловчи куни Наманган шаҳридаги 1 ва 5-оила поликлиникаларида ҳам сайёр қабуллар уюштиришди. Унда нафақат вилоят маркази аҳолиси, балки Учқўрғон ва Поп туманларидан келган беморларнинг ҳам соғлиғи чуқур тиббий текширувдан ўтказилди. Шунингдек, шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари маҳоратини ўстириш бўйича семинарлар ташкил этилди.
- Тўрт кунлик фаолият давомида эндокринология хизматини янада яхшилаш , қандли диабет ва эндемик буқоқ касалликларига учраган кишилар дардини енгиллатиш, одамларнинг саломатликка оид билимларини мустаҳкамлаш учун ҳаракат қилдик,- дейди тиббиёт фанлари номзоди Адлия Холиқова. - Бу "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"даги кенг қамровли ишларимизнинг бошланиши. Келгусида бундан ҳам кенгроқ доирада фаолият олиб боришни режалаштиряпмиз.
Дарҳақиқат, юртимизда инсон манфаатларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар янада авж олмоқда. Умид қиламизки, мамлакатимизнинг бошқа нуфузли ихтисослашган тиббиёт марказлари вакиллари ҳам вилоятимиз аҳли саломатлигини мустаҳкамлашга ўз ҳиссаларини қўшадилар.
Абдулла ҒОЗИЕВ,
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.