Йиғилишни партия вилоят кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Солижон Мўминов қисқача кириш сўзи билан очди. У Президентимизнинг 2017 йил 7 февраль куни эълон қилинган "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар страте­гия­си тўғрисида"ги Фармонининг мазмун-моҳияти, унинг 5 та устувор йўналиши ҳақида тушунча берди.

Музокарада сўзга чиққанлардан партия фаоли, Наманган муҳандислик-педагогика институти профессори Баҳриддин Маҳмудов Ҳаракатлар страте­гия­сининг "Давлат ва жамият  қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш", O'zLiDeP Сиёсий кенгаши аъзолари, Уйчи туманидаги "Ойдина-Маржона-Моҳидил" фермер хўжалиги раҳбари  Барнохон Мирзамова "Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган суд ҳокимиятининг чинакам мус­тақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш", "Афрўз-Камол-Наби" МЧЖнинг савдо масалалари бўйича директори Собитхон Нугмонов "Миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этиш", Наманган санъат коллежи директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, партия вилоят Кенгаши раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари Нортожи Юсупова "Аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш" бўйича устувор йўналишлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Ҳаракатлар стратегияси ва ундан келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олингач, навбатдаги масала - "O'zLiDeP Наманган вилоят Кенгашининг 2016 йилдаги фаолияти якунлари ҳамда 2017 йилдаги  долзарб вазифалари" мавзусида партия вилоят кенгаши аппарат раҳбари Носиржон Абдуллаев маъруза қилди.

Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Муҳаммаджон Усмонов ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан депутатлар ва депутатлик гуруҳлари олдида турган долзарб вазифаларга эътиборни қаратди.  Ҳар бир депутат ҳар ойда ўзи сайланган округда камида 30 та хонадонга, таълим, соғлиқни сақлаш  муассасаларига кириши, мавжуд муаммоларнинг ижобий ечим топишига амалий кўмак бериши зарурлигини таъкидлади.

Йиғилиш якунида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал - демократик партияси Сиёсий Кенгашининг Ўзбекистон тадбиркорлари ва фермерларига мурожаати ўқиб эшиттирилди. Наманганлик партия фаоллари, депутатлар, электорат вакиллари ушбу мурожаатни якдиллик билан қўллаб-қувватладилар ва 2017 - 2021 йилларга мўлжаланган "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси"ни амалга оширишда фаол  иштирок этишга азму қарор қилдилар.

Комилжон ФАЙЗИЕВ.