- Хўп, кеча иссиқхонани экишга тахт қилиб қўйганмиз,-деди эрталабки йиғилишда вилоят эндокринология диспансерининг хўжалик ишлари бўйича мудири Абдусами Абдуллаев. - Иссиқхона ҳарорати меъёрида, ҳозироқ ишга киришамиз...
Баҳор эшик қоқаётган, қишнинг ҳали "инжиқликлари" давом этаётган бўлса-да, диспансерда кўкламолди ишлари авжида. Муассасанинг ҳар бир ходими ҳашарга баҳоли қудрат ҳисса қўшишга одатланган. Плёнка билан ўралган ихчам ва мўъжаз иссиқхона ери яхшилаб, юмшатилган. Кимдир уруғларни хилларига ажратган, кимдир сепган. Бугун эса меҳнатлари кўзга ташланди. Астра, сервия, қиёқгуллар, райҳон ва бошқа таомларга хушхўрлик бахш этувчи кўкатлар ердан ниш уриб бош кўтарди.
- Уруғларни ҳам ўзимиз етиштирган гуллардан йиғиб олганмиз. Ердан яхши униб чиқиши, ўсиши учун ишловга эътибор бериш, ўз вақтида озиқлантириб, суғориш лозим. Ўтган йили шаҳримиз боғида ўтказиладиган анъанавий "Гул байрами"да фаол иштирок этиб, жамоамиз яхши баҳо олган эди. Бу йил ҳам янада астойдилмиз,-дейди гулчи боғбон Шокиржон Мадраҳимов.
* * *
Вилоят онкология диспансери ҳовлисида ҳам баҳаво жойга иссиқхона қурилган. Ичкарига кирсангиз бегуния, катаракс, бананза каби ўзгача чирой бахш этувчи анвойи гуллар уруғи сепилгани, улар ҳам барқ уриб ўсаётгани, ер юзасини майса ўтлардек қопланаётганига гувоҳ бўласиз. Гулчи Маъруфжон Раҳмонов бизни бажарилган ишлар билан таништириб, помидор, бодринг каби сабзавоту полиз маҳсулотлари қишин-ёзин муассаса ошхонаси таомларидан узилмаётганинг, дармондори кўкатларгача етиштирилаётганини мамнуният билан сўзлади.
Дарҳақиқат, вилоятимиз шаҳар ва туманларидаги деярли барча даволаш-профилактика муассасаларида иссиқхоналар ташкилланиб, ишнинг кўзини биладиган гулсевар шифокорлар, уста боғбонлар меҳнати маҳсули кўзга кўрина бошлади. Бу ишлар айниқса, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, вилоят болалар стоматология поликлиникаси ва бошқа тиббиёт муассасаларида кўнгилдагидек олиб борилмоқда.
Ҳадемай турфа хил гуллар бу иссиқхоналардан ташқарига, очиқ майдончаларга кўчирилади. Табиатга чирой беради, инсонлар дилига меҳр ришталарини боғлашга хизмат қилади. Бу йил ҳам Наманганимиз ўз номи билан гуллар шаҳрига айланади. Анъанавий "Гул байрами"да эса тиббиёт соҳасининг гул шайдолари меҳнатлари муносиб баҳоланишига шубҳа йўқ
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.