Қирқ тўрт йиллик меҳнати давомида қанчадан-қанча беморларнинг дардига даво бахш этди, уларнинг олқишларидан яйради. Шунданми, ҳали ҳануз чарчоқ нималигини ўйламайди ҳам. Қачон қараманг, «Қуйи­мозор» маҳалласидан Тўрақўрғон туманидаги марказий шифохонага талпингани талпинган. Бу маскандаги ички касалликлар бўлимига кўп йиллар мудирлик қилган. Пенсия ёшига етгандан кейин ҳам даволовчи врач сифатида қадрдон жамоаси билан бирга. Шогирдлари ёнида тажрибаларини ўргатишдан тўхтагани йўқ. Сабаби, уларнинг бир-бирларига меҳрлари зиёда. Устоз шогирдларига, шогирдлар устозига ҳамиша оқибатли. Ўзаро ҳурматларини кўрган беморларгача доимо ҳавас қилишади, ибрат олишади.

"Миржалол аканинг қандай фазилатларини ёқтирасизлар?" - деган саволимизга бўлим ходимларининг бири қўйиб, бири жавоб берганини айтмайсизми.

- Кўп йиллардан буён устознинг ёнларидаман, - дейди бўлим мудири Аъзамжон Қорабоев. - Энг ўрнакли хислатлари оғир ҳолатдаги беморни аҳволини енгиллатмагунча иш вақти тугаса ҳам ташлаб кетолмайдилар. Бутун ўй-фикрлари уни тезда дарддан фориғ этиш билан банд бўлади. Энг зўр устоз, энг зўр тарбиячи деб биламан.

- Меҳрибонликларига сира гап йўқ, - дейди ҳамшира Иқболхон Абдуллаева. - Беморни эринмай тинглайдилар, муолажа буюришга шошилмайдилар. Тўғри ташхис қўйиб, "мўлжал"ни аниқ оладилар. Ҳар доим олқишларга сазоворликлари шундан. Қолаверса, бизларга гўё отадек маслаҳатгўйлар.

Бундай эътирофларни бошқалардан ҳам эшитишингиз мумкин. Барчага бирдай ёқиш толеига мушарраф устоз айни дамда намунали оила соҳиби ҳамдир. Умр йўлдошлари шифокор Клара опа билан беш фарзандни камолга етказишган, эл хизматига йўллашган. Уларнинг уч нафари ота-оналари изидан боришди. Ҳусанбой врач, Зуҳрахон ҳамшира, Киброхон доришунос, Иқболхон ўқитувчи, Мираббосхон ички ишлар ходими.

Меҳнат фахрийси, устоз шифокор "Элга-хизмат-олий ҳиммат" нақлини ҳар вақт ёдидан чиқармайди. Ҳиммат эса бетаъма бўлади. Ортидан обрўйингизга обрў, ҳурматингизга ҳурмат қўшилаверади. Шунинг ўзи Миржалол Мирсаидовга янгидан куч-қувват бағишлайди, кўнглида фахр туйғуларини жўш урдираверади.

Мирзамаҳмуд ПЎЛАТОВ.