Чортоқлик 1-гуруҳ ногирони Наргиза Турғунова шундай шароит ва имкониятлардан баҳраманд бўлиб, саломатлигини анча тиклаб олгани учун вилоят тиббиёт тизими раҳбарлари номига, беминнат нажот қўлини чўзган инсонларга миннатдорчилик мактубини йўллайди. Қуйи­да уни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

"Ҳурматли бошқарма бошлиғи Солижон Мўминов!"

Менинг буйрак хасталигидан анча азоб чекканимдан хабардорсиз. 2015 йилда гемодиализга тушадиган бўлиб қолдим. Бу ҳам етмагандай аҳволим янада оғирлашди. Лекин ўзимни бенажот ҳис этмадим. Вилоят ҳокимлиги вакилларининг, ўзингизнинг, биринчи ўринбосарингиз Абдулходи Иминов, мутахассисларингиз Фурқат Раҳматов, Дилшод Ҳошимовларнинг эътибору ёрдамлари катта бўлди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, Республика шошилинч тиббий ёрдам амалий маркази Наманган филиалида даволандим. Ниҳоят, тавсияларингизга кўра, Ҳиндистонга бориб, синглим Нозима билан бирга мураккаб жарроҳлик амалиётидан ўтишимга тўғри келди. 2016 йилнинг июнь ойида синглимнинг битта соғлом буйрагини менга кўчириб ўтқазилди. Бугун аҳволим анча яхши. Ҳечдан кўра кеч бўлсада, кўнглимдаги миннатдорчилик туйғуларимни изҳорлашга ўзимни ғоят бурчли ҳисобладим.

Ҳозирда ота-онаму, фарзандларим ва барча яқинларимиз ҳаётга қайтганлигимдан бениҳоя хурсанд­дирлар. Сизлардек меҳрибон инсонларни кеча-кундуз дуо қиляпмиз. Ўзларингиз ҳам соғу омон юринглар! Дилимдагини имкон қадар шеърга солиб ифодалашга ҳаракат қилдим:

Халқ дардига дармон топганлар

Халқ бахтига кўрмангиз камлик.

Эл дуоси қўллайди сизни

Сиз туфайли соғлик, бардамлик.

Мадҳингизни қўймасдан тилдан

Олқиш айтиб яшайман доим.

Яшаш завқи кетмасин дилдан.

Узоқ умр берсин Худойим!

Наргиза ТУРҒУНОВА,

Чортоқ тумани.