Биз яқинда Наманган давлат университетининг талабалари даврасида бўлиб, уларни мулоқотга чорладик. Ёшларнинг кўнглидан кечаётган фикрларини ёзиб олдик. Ҳар бирлари бугунги тиббий хизматга муносабат билдиришар экан, мамнунликларини изҳорлаш билан бирга, айрим муаммоларни ҳам куюнчаклик билан тилга олишди. Қуйида шуни эътиборингизга ҳавола этяпмиз.
ЯХШИЯМШИФОКОРЛАР БОР
дейди Манзура АСҚАРОВА мамнуният билан.
Университетимиздаги устозларимиз ҳам, тенгдошларимиз ҳам уларнинг беминнат хизматларидан доимо баҳраманд бўлиб келишмоқда. Қачон зарурати туғилса, шифокорларга мурожаат этамиз. Маҳтал қилмай дарров саломатлигимизни текшириб кўришади. Зарур дори-дармонлар тавсия этиш билангина чекланиб қолишмайди. Шу ернинг ўзида муолажалар ўтказиш учун барча қулайликлар муҳайё. Худди поликлиникадаги сингари шароитлар яратилган. Ҳар биримизнинг алоҳида-алоҳида тиббий картамиз тартиб билан териб қўйилган. Қачон, қай вақтда даволанмайлик, унга қайд этиб боришади. Ҳатто, врачимиз лозим топса, тегишли шифохонага йўлланма битиб берадилар.
Талабанинг соғлиғи - ўқув кўрсаткичлари юқори бўлишининг муҳим омилидир. Шунинг учун тиббий кўриклар ҳар йили мунтазам ташкилланади. Касаллик аломатлари сезилган йигит-қизларни соғломлаштириш чора-тадбирлари белгиланади. Энг муҳими, қачон тиббий хизматга эҳтиёж сезсак, узоққа боришимизга, ёки оилавий поликлиникамизга чопишимизга хожат йўқ. Биз малакали маслаҳатлари, тиббий муолажалари билан ёрдам кўрсатаётган олий тоифали терапевт Муқимахон Ибрагимова, Наргиза Тожибоева, Фотима Муҳиддинова каби врач ва ҳамширалардан беҳад минатдормиз.
ЎЗИМИЗГА ЎЗИМИЗНИКИ КЎПРОҚ МАЪҚУЛ
Чунки, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган дори-дармонлар арзон ва сифатли, - дейдиҲидоят НУРИЛЛАЕВА.
Яқинда Наманган шаҳридаги дорихоналардан бирига кирдим. Кўринарли жойга дори-дармонлар рўйхати ёзиб, илиб қўйилибди. Рўпарасида нархларигача турибди. Буни кўрганлар қизиқиб танишишаётган экан. Мен ҳам беихтиёр уларга кўз югуртирдим. Қон айланиш, асаб, тизими хасталиклари, эндокрин, кўз, ошқозон, нафас йўли касалликларига даъво бўлувчи энг зарур дори-дармонлар рўйхатдан ўрин олибди. Мен улар ичидан ўзимга кераклигини танлаб, нархигача билиб, доришуносга пластик карточкамни узатдим. Зудлик билан ҳисоб-китоб қилишди. Бу гал ҳам ишим тез битди, ҳам пулим оз кетди. Сабаби, дори-дармонлар анчайин арзонлаштирилибди.
Бу, биз каби ҳали ишлаб катта пул топмаётган, стипендия олиб ўқиётган талабалар учун катта ғамхўрликдир. Тўғрисини айтганда, бу ҳақда илгарироқ хабардор эдим. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрда чиқарган "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорини ўқигандим. Энди кўрдимки, мазкур қарорнинг амалдаги ижроси таъминланяпти. Халқимиз ғоят қувоняпти.
Истиқлолли юрт учун истиқболли лойиҳалар асосида турли фармацевтика корхоналари қурилиши, очилиши режалаштирилаётгани, айни маҳалда амалий ҳаракатлар жадаллаштирилаётгани инсон манфаатлари устуворлигидан далолатдир. Ватанимиз равнақи учун аъло ўқишга, келгусида халққа ҳалол хизмат қилишга биз талабалар ҳамиша бурчлимиз.
ШИФОКОРЛИКШАРАФЛИ КАСБ
Буни онам тимсолларида кўраман, - дейди Хурсаной СОБИРОВА.
Гоҳида кўчада нотаниш аёлларга дуч келганимда улар "Сиз Турғуной аяни қизисиз-а, ойингиз мени даволаганлар, салом айтиб қўйинг, хўпми?" дея ўзларини таништирадилар. Шунда шифокорнинг элга нақадар кераклиги, унинг эзгу амаллари одамларнинг кўнглида илиқ туйғулар уйғотишини, хасталикдан қийналаётган бемор танига ором югургач, халоскорини ҳеч унутмаслигини англайман. Беихтиёр онамдан фахрланиб кетаман.
Оиламизда уч фарзандмиз. Ҳозирда акам билан мен олийгоҳ талабасимиз. Биримиз тарихчи, биримиз филолог бўлиш ҳаракатидамиз. Укам Алишер мактаб ўқувчиси. У онам изидан бормоқчи. Ҳозирдан жуда покизалиги, муомаласи мулойимлиги, фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириши орзусига монандлигидан нишонадай кўринади бизга. Онам эса Наманган шаҳридаги 6-оила поликлиникасида акушер-гинеколог бўлиб ишлашлари билан бирга бизларнинг камолимиз учун ҳамиша ўрнаклар. Мен онам қиёфасида мукаммал ўзбек аёли тимсолини кўраман. Одамларга меҳрибонликларига, ёш оналар соғлом гўдакни бағриларига босиш учун фойдали маслаҳатларини ҳеч аямайдиган ғамхўр инсон эканликларига жуда-жуда ҳавасим ва ўхшагим келаверади.
Айтишларича, тиббиётда янги тараққиёт босқичи бошланибди. Бугун халқ манфаатини кўзлаб, аҳоли орасида фаол иш олиб бориш зарурлигини ҳар бир ҳамкасблари янада чуқурроқ ҳис этиш даври келибди. Бу сафнинг пешқадами бўлишга интилиш ғоят масъулиятли ва шарафли деб биладилар. Демак, онамнинг ёнларидаги ҳамкасблари ҳам шундай астойдил ҳаракатга тушишган. Халқимиз соғлиғи ишончли қўлларда дейишимиз мумкин.
Биз юқорида истиқлол даври фарзандларидан интервью олдик. Улар тиббиётимизнинг бугунги кунига назар ташлашди. Эътирофлар ўринли. Ҳозир "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегиясини "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури" қабул қилингани эса айни муддаодир. Мамлакатимиз равнақ-ривожи элнинг соғлиғи мустаҳкамлиги билан барқарордир. Шундай экан, бугунги вазият ва ҳолат тиббиёт соҳаси ходимларидан елкаларига юкланган масъулиятнинг нақадар юксаклигини бирор он, бирор лаҳза унутмасликларини талаб этаётир. Ишонамизки, ҳадемай эшитилаётган баъзи бир эътирозларга ўрин қолмайди. Муаммоларни қадам-бақадам ҳал этиб бориш эса тизимдаги барча катта-кичик муассасалар раҳбарларининг кеча-кундуз астойдил фаолият кўрсатишларига боғлиқ бўлиб қолаверади.
Манзура АБДУЛЛАЕВА,
"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.