Наманган тумани Қоратепа қишлоғидаги кичик футбол ўйингоҳи вилоят асаб-руҳий касалликлари шифохонаси жамоалари, спорт ишқибозлари билан гавжумлашди. Шифохона касаба уюшмаси қўмитаси ҳамда Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси туман кенгаши ҳамкорлигида бўлимлараро футбол мусобақаси ташкилланди.

Тадбирни муассаса бош врачи Сайфиддин Мамадалиев кириш сўзи билан очди. Касаба уюшма қўмитаси раиси Абдураҳим Турсунов, "Адолат" СДП туман кенгаши раиси Ёрқиной Ҳожиматовалар жамоаларга беллашувда омад тилашди.

Шундан сўнг шифохона бешта эркаклар бўлимининг "Бургутлар", "Лочинлар", "Адолат", "Қалдирғоч", "Енгилмаслар" жамоалари навбатма-нав­бат майдонга тушишди. Ўйин давомида тиббиётчилар спорт-соғломлаштириш ишларида ҳам эпчил, чаққонликларини намойиш этдилар. Қизғин беллашувлардан сўнг ғолиблар аниқланди. 3-эркаклар бўлими "Адолат" жамоаси 1-ўринни қўлга киритди. 4- ва 2-эркаклар бўлимларининг "Қалдирғоч" ва "Лочинлар" жамоалари 2 ва 3-ўринларни эгаллашди.

- Бизнинг финал босқичида 1-ўринни қўлга киритишимизда муассасамизда спортга берилаётган эътибор, қулай шароитлардан, деб биламиз. Йил бошидаги бундай спорт мусобақалари мунтазам давом этади. Туман миқёсидагина эмас вилоят, республика босқичларида ҳам қатнашиш ниятларимиз бор, - деди кубок билан тақдирланган "Адолат" жамоаси сардори Баҳодир Низомов. - Бугунги кун келгуси ишларимизни ривожига барчамизни руҳлантирди.

Ғолибларга "Энг яхши жамоа", "Энг кўп голурар", "Энг кекса ва энг кичик ўйинчи" номинациялари бўйича ҳам шифохона маъмурияти, касаба уюшма қўмитаси, "Адолат" СДП туман кенгаши ва ҳомийларининг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.