Шуниси диққатга сазоворки, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун яратиб берилаётган беқиёс имкониятлар самараси ўлароқ тиббиётнинг мазкур бўғини ҳам жадал ривожланмоқда. Бугун улар сони 250 тадан ошиб кетганлиги қувончлидир. Жумладан, "Falang Oil Servis" хусусий корхонаси қошидаги ANAMED диагностика марказининг вужудга келиши ҳам бу борадаги астойдил саъй-ҳаракатлар самараси, дейиш мумкин. Муассаса амбулатор шароитида неврология ва эндокринология ихтисосликлари бўйича диагностика, маслаҳат ва консерватив даволаш, тиббий радиология, клиник лаборатория диагностикаси йўналишида фаолият кўрсатади.
Тиббиёт маскани тақдимот маросимида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Акмалхон Ортиқов, Москвадаги "Спенной мозг" нейрожарроҳлар ассоциацияси президенти, тиббиёт фанлари доктори, профессор Андрей Басков, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи Марат Содиқов, Москва Марказий клиник шифохонаси орқа мия ва умуртқа бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Владимир Басков, Республика Нейрожарроҳлик илмий маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Ғайрат Қориев, Наманган шаҳар ҳокими Баҳодир Бекхўжаевлар таъкидлашганидек, Биринчи Президентимиз раҳнамолигида истиқлол йилларида Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида кенг қамровли ишлар олиб борилди.
Соҳада изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар баробарида тиббиётнинг барча йўналишлари, хусусан нодавлат муассасалар ҳам тараққиёт сари дадил одимлаяпти. Энг аҳамиятлиси, бугунга келиб мазкур тизимда илғор тажрибалар, янги техника ва технологиялар фаол татбиқ этилмоқда. Пировардида касалликларни барвақт аниқлаш ва даволаш ишлари тобора такомиллаштирилмоқда.
- Қайд этиш жоизки, юртингизда рўёбга чиқарилаётган лойиҳалар натижасида яратилаётган имконияту қулайликларни қўшни давлатлар аҳолиси орзу қилса арзийди. Чунки, мазкур тиббиёт масканига ўрнатилган янги авлод тиббиёт асбоб-ускуналари, диагностика аппаратлари саноқли мамлакатларда бор, холос, - дейди Андрей Басков.
- Жумладан, ультратовуш теширувини ўтказувчи Voluson модели ўта ноёб аппарат ҳисобланади. Унда барча касалликларни, айниқса ҳомиладорликнинг кечиши билан боғлиқ хасталикларни аниқлаш имконияти юқори. Марказдаги магнитли-резонансли тамограф эса янада довруқли. Бундай МРТни МДҲ давлатлари клиникаларида кам учратасиз. Ана шундай ғоят такомиллашган ва ўта нодир, мўъжизавий аппарат илк бор Наманганда ишга солинганлиги ғоят ҳайратланарли.
Дарҳақиқат, диагностика марказида беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун халқаро андозаларга мос равишда шароитлар яратиб қўйилган. Энг сўнгги русумдаги ахборот-коммуникация технологиялари қўлланилган лабораторияда биокимёвий ва бошқа турдаги текширувлар автоматик равишда олиб борилади. Энди мураккаб таҳлилларни ўтказиш учун пойтахтдаги тиббиёт марказларига қатнашга хожат қолмади. Шифокору мутахассислар хориждаги ва мамлакатимиздаги нуфузли тиббиёт марказларида малака оширишган.
Янги муассасада амалга оширилаётган ғоялар бу билан кифояланмайди. Келгусида россиялик шифокорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. Бинобарин, Москвадаги "Спенной мозг" нейрожарроҳлар ассоциацияси президенти, маҳоратли нейрожарроҳ, тиббиёт фанлари доктори, профессор Андрей Владимирович Басков ва Москва Марказий клиник шифохонаси орқа мия ва умуртқа бўлими мудири, Россия Тиббиёт академияси нейрожарроҳлик кафедраси доценти, тиббиёт фанлари номзоди Владимир Андреевич Басковларнинг Наманганга ташрифлари ҳам бежиз эмас.
Тақдимот маросимида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов иштирок этди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.