Алишер Навоий номли вилоят мусиқали драма театри саҳнасида намойиш қилинган "Орзумдаги маҳбубам ёки стандарт келин" спектаклини вилоятимиз ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасалари ходимлари ҳам жамоавий тарзда томоша қилдилар. Спектакль олдидан театр директори Санжар Сатторов, Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиевлар санъатсевар мухлисларни ижодий жамоа номидан қутлашди. Бундан роппа-роса ўттиз йил муқаддам ташкил этилган театр санъаткорлари илк ижодий сафарларини айнан Намангандан бошлаганлигини мамнуният билан эътироф этишди. Келажагимиз ворисларининг маънавиятини бойитиш борасидаги изланишлар хусусида сўзлаб беришди.
Саҳна асарида миллий қадриятларимиз, бетакрор урф-одатларимиз улуғланиб, ўзлигимиз бошқа халқларнинг анъаналарига таққосланган ҳолда ифодаланади. Соф муҳаббат ва севгига садоқат, самимият ва оқкўнгиллик тараннум этилган. Ёшларда учраб турадиган айрим салбий кўринишлардан огоҳликка ундалган.
- Спектаклни мириқиб томоша қилдик, - дейди вилоят перинатал маркази маънавий-маърифий ишлар бўйича масъули Райҳон Раҳимова. - Келгусида театрга оммавий ташрифларни мунтазам йўлга қўямиз.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сатира театри спектакли вилоятимиздаги барча шаҳар ва туманлар марказларидаги маданият аҳоли дам олиш масканларида ҳам кўрсатилди. Ҳудудлардаги шифохоналар ва қишлоқ врачлик пунктларида хизмат қилаётган уч минг нафардан ортиқ саломатлик посбонлари театр санъатининг завқидан баҳраманд бўлдилар.