Бошқарма йиғинлар залида ташкилланган тадбирда бошқарма бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов улуғ йўлбошчимизнинг ҳаёти ва фаолиятлари ҳақида гапириб, у кишининг давлат арбоби сифатидаги ибратли ишларига алоҳида тўхталди. Наманган ва наманганликларга бўлган беқиёс меҳрларию, ғамхўрликларини зўр мамнуният билан ёдга олди.
Вилоят эндокринология диспансерида хотира тадбири ҳам ғоят ҳаяжонли кечди. Унда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев, шоир ва публицист Содиқ Сайҳунлар мамлакатимиз Биринчи Президентининг унутилмас сиймоси миллион-миллион инсонлар қалбига бир умр муҳрланиб қолганини, ўз халқининг бахту саодати, порлоқ келажаги йўлида фидойиларча меҳнат қилган инсоннинг хотираси юксак эҳтиромларга муносиблигини алоҳида таъкидлашди.
Диспансер бош врачи Баҳриддин Сиддиқов Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Биринчи Президентимиз хотирасини абадийлаштириш тўғрисида қабул қилган қарорлари халқимиз учун айни муддао бўлганлигини эътироф этди. Ислом Абдуғаниевич Каримов Истиқлолимиз меъмори сифатида барчамизнинг қалбимизда абадий яшашини, ўлмас ғоялари бизларни янгидан янги марраларга чорлашини мамнуният билан сўзлади.
Худди шундай тадбирлар бошқа тиббиёт муассасаларда ҳам ўтказилди. Юртбошимиз хотираларига чексиз ҳурмат, ғояларига эса садоқат туйғулари изҳорланди.
Ўз мухбиримиз.