Демак, ҳаммасидан боҳабарлик туманларда маҳаллаларга тиббий хизмат қўрсатаётган қишлоқ врачлик пунктлари, шаҳарларда оилавий поликлиника ходимларига бундайларни ҳисобга олиш, тиббий кўрикдан ўтказиш, доимий назоратга тутишдек муҳим вазифалари масъулиятини чуқур ҳис этиб, ўз вақтида тартибли фаолият юритиш имконини беради. Кейин эса беморларини даволаш муассасаларига йўллаш вазифалари ҳам улар зиммасида. Тиббий кўрик, даволаш ва назорат бу борада доимий талабимизга айланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги "Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-911-сонли қарорига мувофиқ изчил ишлар олиб борилмоқда. Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси томонидан белгиланган чора- тадбирлар режаси асосида Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2015 йил 25 августдаги 345-сонли буйруғи доирасида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида тиббий хизматлар йўлга қўйиб келинмоқда.
Сарҳисоб қилинган 2016 йил давомида норасмий ёки узоқ муддат хорижий давлатларда бўлиб қайтганлар сони 122 минг нафарни ташкил этди. Уларнинг аксарияти тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик чоғида уч минг нафардан ортиғида турли касалликлар аниқланди. Ўз вақтида амбулатор шароитида қатнаб даволанишга имконият яратилди. 363 нафари эса шифохоналарга ётқизилди, зарур муолажалар олишди.
Очиғи, четга ишлаш учун норасмий равишда чиқиб кетганларнинг саломатлигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Одам савдосининг қурбонига, жабрдийдасига айланишлари эҳтимолдан холи эмас. Ўтган йили 70 киши одам савдосидан жабр кўрди. Уларнинг деярли барчалари тиббий кўрикдан ўтказилдилар. Соғломлаштириш амалиётига жалб қилиндилар.
Энг ачинарлиси, хорижда бўлиб қайтганларнинг бир нечасида ОИВ инфекцияси аниқланди. Касалликка қарши тиббий муолажалар белгиланди. Оилаларидаги соғлом кишиларга юқтирмаслик чора-тадбирлари яхшилаб тушунтирилди. Оз бўлса-да силга чалинганлар учраяпти. Уларни даволашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Касалликни юқтириб қайтганларни даволаш билангина чекланиб қолишимиз асло мумкин эмас. Одам савдосининг оқибатлари уқубатли эканидан каттаю-кичикни огоҳ қилиш учун тиббиёт ходимларимизни тез-тез халқ билан мулоқотга чиқаряпмиз. Касалликнинг профилактикаси ҳақида маърузалар, давра суҳбатлари уюштирилмоқда. Буклетлар ва варақалар тарқатилаётир.
Шуни маълум қиламизки, вилоятимизда одам савдоси жабрдийдаларига ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган. Вилоят наркология диспансерида наркологик, вилоят руҳий-асаб хасталиклари шифохонаси ва диспансерида психиатрия, вилоят тери-таносил касалликлари диспансерида дермато-венерология, вилоят силга қарши кураш диспансерида фтизиатрия ёрдамлари кўрсатилади. Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиаллари шифокорлари ҳам бу ишга сафарбар этилганлар.
Айни пайтда вилоят даволаш-профилактика муассасалари, шаҳар ва барча туманлар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари зиммасига одам савдоси жабрдийдаларига ҳамиша эътиборли бўлиш, зарур тиббий ёрдам кўрсатишни талаблар даражасида таъминлаш вазифалари юклатилган. Касалларни даволаш учун барча шифохоналаримизда доимий ўринлар ташкил қилинган.
"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да мазкур масалага эътиборни янада кучайтирамиз. Мақсадимиз - халқимиз соғлигини кўз қорачиғидай асрашдан иборат бўлиб қолаверади.