Вилоят маданият ва аҳоли дам олиш масканида "Ўзфармсаноат" акционерлик компанияси, вилоят "Дори дармон" ОАЖ раҳбарлари, барча даволаш профилактика мауссасаларининг бош шифокорлари, дорихона мудирлари иштирокида "Республика аҳолисини маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашни янада яхшилаш" мавзусида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Дастлаб вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов қарор ижроси бўйича вилоятда олиб борилаётган ишлар билан таништирди.

"Ўзфармсаноат" бошқаруви раисининг маслаҳатчиси Жамолиддин Нажмиддинов ўз маърузасида Ўзбекистонда фармацевтика саноатини ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган, четдан келтирилаётган, рўйхатдан ўтган дори воситалари, уларнинг турлари, нарх­лари, янги қурилаётган корхоналар ва бош­қа шу куннинг мавзусидаги янгиликлар ҳақида слайд орқали маълумот берди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дори воситалари ва тиббий техникалар сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси мутахассиси Адҳамжон Фахриддинов ноқонуний савдога йўл қўймаслик, ҳар бир дори воситасига белгиланган нарх­лар ёзилганлиги тўғрисидаги маълумот дорихоналарнинг кўринарли жойларда бўлишини таъминлаш, қонунбузарликка нисбатан тегишли чоралар кўрилиши ҳусусида гапирди.

Тадбир доирасида компанияга қарашли фирмаларнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Ўндан ортиқ фирмалар маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.