Жумладан, учрашувда жойлардаги патронаж хизмати фаолияти ҳам танқидий баҳоланиб, бунинг натижасида келиб чиқаётган муаммолар очиқ-ойдин тилга олинди. Таъкидлаш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 1 декабрдаги "Қишлоқ врачлик пунктларининг патронаж тиббиёт ҳамшираларини моддий рағбатлантиришни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, патронаж ҳамширасининг иш самарадорлигини рейтинг тизимида баҳолаб, юқори кўрсаткичларга эришган ҳамшираларни моддий рағбатлантириб боришнинг йўлга қўйилгани соҳа ривожига хизмат қилмоқда.
Маълумки, юртимизда замонавий тиббиётнинг аососий йўналишларидан бири бўлган тиббий патронаж тизими яратилди. Афсуски, бу йўналишда тиббий хизмат кўрсатиш сифати мақтанарли даражада эмас. Патронаж ҳамшираси, аввало, алоҳида меҳр-эътибор, кўмак, парвариш, ғамхўрликка муҳтож инсонлар, хусусан, кексалар, беморларга ёрдам кўрсатиши, бир сўз билан айтганда, касалликларнинг олдини олиши даркор. Ҳар бир патронаж ҳамширасига ҚВП хизмат кўрсатадиган худуд ёндашувидан келиб чиқиб, муайян контингент бириктирилган. Юқоридаги қарорга асосан патронаж ҳамшираси бир кунда олтита, бир ойда 144 та хонадонларда тиббий-ижтимоий патронаж ўтказиши белгиланган. Тиббий-ижтимоий патронаж ўтказиш жараёнида нафақат оила-аъзоларининг саломатлиги, балки ушбу хонадонда касаллик келтириб чиқарувчи омиллар бор-йўқлигини аниқлаши ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўриш лозим.
Бироқ, бугунги кунда вилоятимиз қишлоқ врачлик пунктларида фаолият кўрсатаётган 3 мингга яқин патронаж ҳамширалари зиммасига юкланган шу вазифаларни тўлақонли бажара олаяпти, деб бўлмайди. Ислоҳотларни тўлиқ англаб етмайдиган, замон талабига жавоб бера олмайдиган патронаж ҳамшираларининг касбий уқувсизлиги ёки масъулиятсизлиги туфайли кўплаб муаммолар келиб чиқиши мумкин. Мисол учун, бир ёшгача бўлган болаларда учрайдиган хавфли белгилар ва болаларни парвариш қилиш ҳақида етарли тушунча берилмагани оқибатида болаларни оғир ҳолатда шифохоналарга мурожаат қилиши кузатилмоқда. Яна бир муаммо - сурункали касалликлар билан рўйхатга олинган аҳолини патронаж қилиш жуда муҳим аҳамият касб этса-да, ҳудудларга бириктирилган патронаж ҳамширалари томонидан аҳолининг барча қатламларини тиббий хизмат билан қамраб олиш қониқарли даражада эмас.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида аҳолига кўрсатилаётган профилактик йўналишдаги тадбирларни такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруғида оила ҳамширасининг вазифалари белгилаб берилган. Унга кўра, тегишли ҳудуд ҳолатидан келиб чиқиб, ҳамшира ва умумий амалиёт шифокори ўзи учун кунлик, ойлик режаларни шакллантириши лозим.
Патронажнинг тўлиқ қамраб олинмаслигига, ҳудудлардаги оилалар хақидаги маълумотлар жамланмай қолишига яна бир сабаб - умумий амалиёт шифокорлари - кадрлар етишмовчилиги ва ҳамширада тиббий билим ва тажриба камлигидир.
Биз ҳам учрашувдан сўнг ишимизни танқидий кўриб чиқиб, ҳал этиш зарур бўлган вазифаларни белгилаб олдик. Бинобарин, айни кунларда барча қишлоқ врачлик пунктларида фаолият юритаётган патронаж ҳамширалар билан учрашиб, уларнинг масъулиятини ошириш, Юртбошимиз томонидан қўйилган долзарб вазифалар моҳиятини тарғиб этиш борасида изчил иш ташкил этяпмиз.
Райҳона МАНСУРОВА,
вилоят соғлиқни сақлашбошқармасининг
ҳамширалик иши бўйича бош мутахассиси.