- Албатта, аслида шифокорнинг бахти дарддан фориғ бўлган беморнинг икки оғиз миннатдорона сўзлари-ю, унинг ҳаётга, яшашга бўлган интиқ нигоҳларидаги шодлигидадир. Раҳбарга келсак, унга берилган баҳо ортида жамоасининг катта меҳнати ётади. Эътирофга сазовор бўлишимда туманимиздаги тиббиётчиларнинг аҳоли саломатлигини сақлаш учун сифатли ва малакали хизмат кўрсатишдаги ҳалоллигу фаолликлари сабаб бўлди, десам асло янглишмайман. Бундай шараф бизга жорий йилда янада шижоат, янада куч-қувват билан янада астойдилроқ ишлаш масъулиятини юклади.
- "Соғлом она ва бола йили"нинг якуний кўрсаткичларидан кўнглингиз тўлдими? Камчиликлар ҳам учрадими?
- Ростини айтадиган бўлсам, бундай кайфиятни туюшимга ҳали эрта. Ютуқлар бору, хизматимиз кенг қамровли, камчиликлар ҳам бир талай. Энг муҳими, уларни ўзимиз яхши биламиз. Бартараф этиш чораларини белгилаганмиз.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 5 январь кунги соғлиқни сақлаш соҳасидаги бир гуруҳ ходимлар билан учрашувида тиббиёт йўналишида бажарилиши лозим бўлган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар ҳақида атрофлича тўхталдилар. Шундан келиб чиқиб, тизимга билдирилган эътирозлари ғоят ўринли. Бизнинг туманда ҳам тор доирадаги мутахассисларнинг етишмаслиги оқибатида тиббий кўриклар кўнгилдагидек ўтади, деб айтолмайман. Айрим ҚВПларда УАШ шифокорларининг камлиги туфайли патронаж тизимининг иши ҳам қониқарли бўлмади. Тез тиббий ёрдам хизмати аҳоли эҳтиёжига тўла жавоб бера олмади. Автоуловлар ўта эскирган ва таъмирталаблигидан чақириқлар ўртасида узилиш ҳолатлари ҳам рўй беряпти.
Биз Президентимизнинг соҳа ходимларига билдирган ҳақли эътирозларидан тўғри хулоса чиқариб, мавжуд муаммоларга ечим излаяпмиз.
Аслида якунланган йилдаги натижаларимиз тилга олсак арзигудай. Чунки туман марказий поликлиникаси биноси Инвестиция дастури асосида қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди ва "Саломатлик" лойиҳаси бўйича замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Қолаверса, туманимизнинг энг чекка ҚВПларида ҳам яхши шароитлар яратилган, энг замонавий тиббий жиҳозлару аппаратларгача келтириб ўрнатилган. Фақат улардан оқилона фойдаланишга эришилиши зарур. Саломатлик посбонларидан янада яшироқ ишлашни, эл саломатлиги учун кеча-ю-кундуз жон куйдиришни, ўз устида тинимсиз ишлаб, мукаммал малакага эга бўлишни тақазо этаверади.
"Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури доирасидаги эътиборга молик ишлар натижасида 2015 йилга нисбатан туманимизда оналар ва болалар ўлимининг кескин камайишига эришдик. Ҳомиладорлар, туғиш ёшидага аёллар ва болалар саломатлигини муҳофазаси эса доимий назоратимизда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган "Патронож ойлиги" тадбирларида эса ҳеч бир оила, ҳеч бир инсон эътиборимиздан четда қолмади. Тумандаги барча хонадонларга кириб борилди. Ҳасталиги аниқланган беморларга даволаниш учун имтиёзли йўлланмалар берилди. Шунингдек, пойтахтдаги ихтисослаштирилган марказларнинг таниқли профессорлари, вилоятимиздан ташриф буюрган малакали шифокорлар иштирокида ташкилланган тиббий кўриклар ҳам элимизнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилди. Кўрикларда онкологик, қандли диабед ва бошқа касалликларни барвақт аниқланиши беморларимизнинг тезроқ соғайишларида муҳим омил бўлди.
- Янги йил вазифалари ҳақида ҳам тўхталсангиз.
"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да "Машад" ва "Сой" ҚВПлари бинолари янгитдан қурилиши режалаштирилган. "Чўртук", "Гулистон", "Ғайрат" ва "Жийдакапа" ҚВПлари манзилли дастур асосида капитал реконструкциядан чиқарилади. Шунингдек, тез тиббий ёрдам бўлими шаҳобчалари биноларини таъмирлаш, керакли биринчи ёрдам воситалари билан таъминлаш, автоуловларни соз ҳолатга келтириш лозим. Ана ўшанда чақириқлар ўртасидаги вақтни самарали қисқартириш, аҳоли эҳтиёжини тўла қондиришга эришишимиз мумкин.
- Туман ТТБ тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида касбий бурчига, қасамига ҳамиша садоқат билан хизмат қилаётган, фаолияти бошқаларга ибратли жамоа ва илғорлар ҳақида ҳам гапирсангиз.
- Туманимизда икки юз мингдан ортиқ аҳолига 211 нафар шифокор, 1626 та ҳамшира, 400 дан зиёд кичик тиббиёт ходимлари хизмат кўрсатишади. Имкон бўл- са-ю, уларнинг барча-барчасини тилга олган бўлар эдим. Айниқса, оналик ва болалик бўйича ўринбосарим Р. Ҳамдамова, ташкилий-услубий бўлим мудири Р. Мирзаева, марказий поликлиника мудири А. Дадабоев, шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими мудири А. Қозоқов, жарроҳлик бўлими мудири М. Қурбонбоев, бош ҳамшира Л. Машрабова, ҚВПлар координатори А. Абилов, "Хизробод", "Ёркатай", "Ғайрат", "Гузар" ҚВПлари мудирлари М. Олимова, О. Солиев, Б. Сайфиддинова, М. Ҳотамовалар эл соғлигини сақлаш йўлида ҳеч ҳормай-толмай ишлашяпти.
«Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик - ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак», деди Президентимиз Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаларида бу масалаларга алоҳида урғу бериб. Шунга эришсаккина, ишда кескин ўзгаришлар ясашимиз, хизматимиздан элимизни рози бўлишини таъминлашимиз осон кечади. Буни ҳар бир муассасамиз раҳбари бирор лаҳза унутишига йўл қўймаймиз.
- Демак, Янги йилдаги янги режалар навбатма-навбат натижа касб этиши шубҳасиз. Эзгу мақсадларингизга етаверишингизга биз ҳам тилакдошимиз.
Суҳбатдош Манзура ЭРГАШЕВА.