Биз қайси палатага кирмайлик, ким билан мулоқот қилмайлик, мавжуд шароиту имкониятлардан баҳраманд­лик мамнунияти дилларидан тилларига кўчди.

- Болаликдан ревматоид-артрит дардини тортаман, лекин ҳар гал шу ерга келсам, аҳволим анча яхшиланиб, ўзимни енгил ҳис қиламан, - дейди норинлик Ҳаётхон Исмоилова. - Етти кундаёқ елкаму, оёқ-қўлларимдаги оғриқлар анча чекинганини сездим. Руҳим тетиклашиб, кайфиятим кўтариляпти. Айниқса, врачимиз Зоҳидахон Мирзаеванинг меҳрибонликларига гап йўқ. Дори-дармон етарли. Зарур пайтда муолажалар ўзгартирилиб, энг нафдору сифатлиларидан тавсия этишяпти. Ҳаттоки, келгусида Республика миқёсидаги соғломлаштириш муассасаларига юборишларини сўраганимда, албатта, бу борада бамаслаҳат иш кўришларини, пойтахтга йўлланма билан жўнатишларини ваъдалашди. Умидимга умид қўшилди. Шундай давлатда яшаётганимга шукроналар келтирдим.

Зоҳидахон опанинг мазкур марказга ишга ўтганига ҳали унча кўп вақт бўлмабди. Бироқ моҳир терапевт ташкилотчилиги ва ташаббускорлиги учун тезда жамоа пешқадамига айланибди. Шунинг учун вақтинча бош врачлик вазифасини бажариш унинг зиммасига юклатилибди.

- Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил якунларига бағишланган йиғилишда сўзлаган маърузаларида барчамизга амалга ошираётган ишларимизни танқидий таҳлил этиб, керакли сабоқ чиқариб, янги вазифалар масъулиятини чуқур ҳис этиб фаолият юритиш зарурлигини таъкидладилар, - дейди З. Мирзаева. - Биз аввало йиғилиш ўтказиб, маърузанинг мазмун-моҳияти билан врачу ҳамшираларимизни таништирдик. 2017 йилнинг энг муҳим вазифаларига ҳамоҳанг тадбир-режа тузиб олдик. Уларни изчил амалга оширишга фаол киришдик. Кўриб турганингиздек, муассасамизда ногиронларни соғ­ломлаштириш учун қулайликлар етарли. Тўрт қаватли янги биномизнинг хоналари ёруғ ва шинам. Жиҳозлари замонавий ва мукаммал. Беморларимиз шу ердан ҳеч қаёққа чиқмай ҳамма муолажаларини олаверадилар. Нев­ропатолог Шуҳратжон Шодмонов, кардиолог Юсуфжон Асқаров, травматолог Ҳожиакбар Акбаров, психолог Бекмирза Жўраев ва рентгенолог Бахтиёр Ҳожимирзаевлар ногиронларнинг тиббий кўриги ва кунлик назоратига масъуллар. Муолажаларни бажарувчи ҳамшираларимиз ўз вазифаларини ҳамиша сидқидилдан адо этишга одатланишаган. Айниқса, физиотерапия хонамиз жуда гавжум. Нигорахон Минурова билан Эътиборхон Муҳиддиноваларнинг чаққон ҳаракатлари давоталабларни дардлардан таналаридан тезда фориғ этаяпти.

Биз ўзимизнинг жамоамиз хизматчиларини ҳам ҳамиша қадрлаймиз. Яқинда ҳамшира Муқаддасхон Қаюмовани тантанали равишда пенсияга кузатдик. У кишига жамоамиз катта ҳурмат ва эҳтиром кўрсатди.

Марказда тиббий реаблитация талабларига кўра нимаики зарур бўлса, ўша муолажалар йўлга қўйилган. УТТ, ЭКГ, ЭЭГ аппаратларидан кўрик ва ташхислаш жараёнида фойдаланилса, электрофорез ва дарсенвал даволашда ишлатилмоқда. Магнитотерапия ҳам талабга қараб қўлланилмоқда. Иссиқ шам эса оғриқларга малҳам бўлаётир. Энг муҳими, уларнинг барчаси бепул. Ижтимоий таъминот деярли тўкис. Булар инсонпарвар давлатимизнинг ўз фуқароларига беҳад ғамхўрлигидан нишона.

Яна даволанувчиларнинг сўзларига қулоқ тутамиз.

- Юрак-ишемик хасталиги билан ногиронлик гуруҳига ўтказилганман, бу ердаги врачлар назоратида олаётган муолажалар нафини кундан-кунга яхши ҳис қиляпман, - дея таъкидлайди косонсойлик Абдулҳаким Эргашев. - Соғломлаштириш комплекс равишда ташкилланаяпти. Даволаш гимнастикасида ҳам фаол қатнашяпман. Меҳрибон ҳамширалар Муҳаррамхон ва Шоҳидахонларнинг қўллари енгил экан. Укол пайти ҳеч оғриғи сезилмайди. Жисмоний ҳаракат бўйича Фароғат Тўраеванинг айтганларини меъёрида уддалаб, саломатлигим анча тикланди. Ҳаммаларидан хурсандман.

- Врачимиз Шуҳратжон Шодмонов, ҳамшира Мавлудахон Муталиевалар беморларга ғоят эътиборли эканликлари туфайли барчамизнинг ихлосимизни қозонишди, - дейди миннатдорлик билан тўрақўрғонлик Руқияхон Дадабоева. - Бизларга ҳам руҳий, ҳам тиббий ёрдамларини аяшмаяпти. Бош ҳамшира Моҳира Жалолова, ҳамшира Марямхон Ҳамроева, Чиннихон Мақсудоваларнинг худди ўз яқинларидек муносабатларини айтмайсизми. Улар кўнгилларимизни тоғдек кўтариб юборишяпти.

Худди шундай дил сўзларини чустлик Орифжон Эргашев, уйчилик Жалолхон Қосимов, косонсойлик Насимжон Жалиловлар ҳам кўзларида умид чақнаб изҳорлашди.

Истиқлолли юртнинг одамлари шундай сийловларга мушаррафлар. Марказ ногиронларни соғломлаштириш билан нафақат уларнинг ўзига, айни дамда оилаларига ҳам қувонч улашаётир. Халқ учун хизмат қилиб, умрини эзгу ишларга бағишлаб, эндиликда саломатлигини йўқотиб қўйишганида ижтимоий ҳимояда эканликларидан кўнгиллари анча хотиржам тортган эркагу аёллар бу ерга тиббий меҳнат экспертиза ҳайъати йўлланмаси билан келганликлари учун юқоридагидек ғамхўрлик доимо кафолатланганини яхши билишади. Инсон қадр-қиммати юксак мамлакат ривожига имкон қадар куч-қуввату билими, умидбахшликдан туғилган даъваткор сўзлари билан ҳисса қўшишга бурчдорликни чуқур ҳис этишаверади.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.