- Қизимиз намунча безовталаняпти?
- Дадаси, мазаси қочганга ўхшайди, - деди у скрининг марказидаги врачларнинг огоҳлантиришгани беихтиёр эсига тушиб. - Сийиши кечадан камайиб кетди, бугун эса...
- Бирор бор ҳам ёзилмадими? - Капалаги учди эрининг.
- Шунақа.
- Ёдгормирзо ака тўғри айтганакан, барибир операциядан бошқа иложи йўқ экан-да.
- Ундай бўлса, нимага қараб ўтирибмиз, кетдик Ирвадонга!
Улар вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази дарвозасидан кириб боришганида тонг ёришиб қолганди. Қабулхонада кўп ушланишмади, навбатчи врач дарров уролог-жарроҳга йўллади.
- Яхшиям вақтида кепсизлар, дўхтир Нурматов ҳам ҳозиргина бўлимига ўтиб кетти, ўзининг касалини ўзи кўргани маъқул...
Аввалроқ ҳам қабулида бўлишгани учун қизининг аҳволидан қаттиқ ташвиш чекиб, ҳузурига ёш эру хотиннинг шошилиб кириб келиши Ёдгормирзони таажжублантирмади. Аксинча, худди кутиб ўтиргандек ўша заҳотиёқ болани кушеткага ётқизишни буюрди. Сўнг фонендоскопини қулоғига илди.
- Қовуғидаги туғма парда ниҳоят сийдик йўлини бутунлай тўсиб қўйибди. Боланинг ранги-рўйиданоқ аниқ. Энди вальвулатомни ишга соламиз.Қани, операция хонасига ўтайлик-чи.
Унинг хулосасини кутиб турган ҳамшира хушини йўқотаётган, лаблари кўкариб бораётган Мухтасарни бағрига олди.
- Йиғига асло хожат йўқ, қизингизни осонгина туғма тўсиғидан халос қиламиз, - деди қатъий ишонч билан далдали оҳангда Ёдгормирзо. - Ҳали бундан кейин яна иккита боланинг урологик нуқсонини бартараф этишни ҳам уддасидан чиқамиз. Фарзанд сизлар учун азиз бўлса, болалар соғлигини сақлаш юрт учун муҳим, биз учун муқаддас бурч!
Декабрнинг ўша кунида уролог-жарроҳ қўлида Мухтасар Олимовадан сўнг, икки ярим ёшли Иброҳим Ғойиббоев, уч ойлик Мубина Самиддиновалар ҳам ўзларини дунёга қайта келгандек ҳис этишди. Улар билан мураккаб реконструктив жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди.
Моҳир мутахассиснинг ўз ибораси билан айтганда: кичик беморларнинг уретра, яъни қовуқдан ташқи сийдик йўлига ўтишдаги парда тўсиқни "осонгина" олиб ташлаш аслида осон иш эмасди. Лекин бу юмушни уддалашда йиллаб тўплаган катта тажриба, ўзи томонидан яратилган янгилик, ўзлаштирилган мукаммал малака унга жуда қўл келади. Эҳ-ҳа, шундай маҳоратли ва журъатли, кўпларнинг ишонч-ихлосини қозонган, назарига тушган, таниқли, довруқли врач мартабаси ҳамда мавқеига эришгунча узоқ йиллик заҳмату машаққатларни чекишига тўғри келганини эслаш бугун унинг ўзи учун ғоят мароқли, ғоят фахрли.
* * *
Уйчи туманининг Ёрқўрғон қишлоғида чорвадор-зоотехник Ҳотаммирза Нурматовнинг оиласида 1970 йили таваллуд топган Ёдгормирзо 1987 йили ўрта мактабни тамомлаб, Андижон давлат тиббиёт институтининг педиатрия факультетига ҳужжат топширди. Омади кулиб, талабалар сафига қабул қилинди. Чунки билимдонлиги туфайли барча имтиҳонлардан юқори балл тўплаганди. Ана энди унинг учун орзулар бекатига етказувчи сабоқ йиллари ва йўллари бошланди. Тиб илмининг заҳматкашларига ҳаваси кучайди. Уларнинг баридан маҳкам ушлади. Айниқса, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Мирзажонович Қиличевнинг меҳрини қозонган шогирдга айланишга астойдил интилди. Институтнинг 3-курсига ўтгач, болалар хирургияси тўгараги машғулотларига фаол қатнашди. Назарий билимларни пухта ўзлаштириш билангина қаноатланмай, қўлга скапель тутиб, жарроҳлик амалиётига енг шимаришгача журъати етди. 1994 йили устозлари унга институтнинг болалар хирургияси кафедрасида клиник-ординатурани ўташига имконият яратишди. Бу Ёдгормирзога бутун умрига татигулик ўрганиш, изланиш ва тажриба орттиришдек толебахшлик насиб айлади. Қўли шифобахш тиғни тутганда сира-сира қалтирамайдиган, кўзи танадаги иллатни тез илғайдиган, юраги кеча-кундуз болаларга нажот бағишлаш ниятида урадиган йигит ҳамюртларига хизмат қилиш учун Наманганга қайтди.
Билиму малакаси унча-мунча катта ҳамкасбларидан қолишмайдиган ёш кадр тезда тармоқ раҳбарлари назарига тушди. Шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Тоҳиржон Бойдадаев ёш мутахассисни "Электротерм" корхонасининг тиббий-санитария қисмига бежиз юбормади. У ерда бош шифокор Аҳмаджон Мамажонов жамоасига мамнуният билан қабул қилди. Ёши улуғу бағрикенг врачлар Каримжон Тўрабоев, Юсуфжон Дўсанов, Содиқжон Абдуллаев ва Акмалхон Муҳиддиновларнинг қўллашу рағбатлари, тенгдош ҳамкасблар Нурилло Ботиров, Дилфуза Умарова ҳамда Адҳамжон Комиловлар билан биргаликдаги соф рақобат муҳитида нажотталабларнинг меҳру ихлосини ҳалол ва фаол хизмат кўрсатиш билан қозониш учун астойдил интилаверди. Айниқса, бош шифокорнинг ёш кадрга бўлган ишончи, яратиб берган қулай иш шароити, хусусан, республиканинг манаман деган уролог-жарроҳлари билан ҳамкорликни йўлга қўйгани Ёдгормирзога янада куч-қувват ато этарди. Буни Аҳмаджон ака ҳали ҳануз мароқ билан эслайди:
- Ёдгормирзо шогирдларим ичида энг иқтидорлиси, энг изланувчани, энг билимдони эди. Янгиликлар яратишни жуда яхши кўрарди. Бир нарсани ўрганишга киришдими, охирига етмагунча тўхтамасди. Табиатан очиқкўнгил, муомаласи мулойим. Қандай топшириқ олмасин, кўнгилдагидай бажармагунча тиниб-тинчимасди. Бошқалардан алоҳида ажралиб турадиган хислати амалий ишларини илмий асосга қуриш ҳаракати беҳад кучлийди, ёзиб-чизишдан, таққослашдан чарчамасди. Замон билан ҳамнафаслигини айтмайсизми. Кечагидек ёдимда. Кунлардан бирида Наманган давлат университетининг математика кафедраси мудири Маматхон Холмуродов жаҳонда касалликларни даволашнинг математик модели яратилаётганини айтиб қолди. Бу гапни эшитибоқ Ёдгормирзо тадқиқотга шўнғиб кетди. Бир томонда мен, иккинчи томонда домла биргаликда ёрдамимизни аямадик. У ёши катталарда кўп учрайдиган простата бези аденомасининг муолажаси таҳлилига қаттиқ киришди.
Беш йил ичида шифохонага ётиб даволанган беморларнинг "Касаллик тарихи" варақларини эринмай кўтарди. Математик модел ва формулага туширилгач, ғоят қизиқарли ва қимматли мақола яратилди. Математикларнинг илмий-амалий конфенциясида ўқилди, тўпламдан ўрин олди. Ҳам математиклар, ҳам тиббиётчилар учун фойдали мўъжаз илмий иш биз - устозу шогирдга катта обрў келтирди, десам ҳеч муболаға эмас. Худди шундай услубни Ёдгормирзо болалардаги туғма урологик нуқсонларни бартараф этиш борасидаги докторлик ишида янада ривожлантирди. Шундай шогирдим борлигидан, ҳаваслагудай камолотидан ғоят фахрланаман.
Ташкилотчи ва ташаббускор врач 1998 йилдаёқ тиббий санитария-қисмининг катталар урологияси бўлими мудирлигига лойиқ кўрилганди. 2000 йилнинг май ойида ТСҚ вилоят урология марказига айлантирилгач, ихтисослашган даволаш муассасасига эътибор тубдан кучайтирилди. 20 ўринли болалар ҳамда 40 ўринли аёллар бўлимини бошқариш Ёдгормирзонинг зиммасига юклатилди. Масъулиятли вазифани талаблар даражасида уддалаш билим ва тажрибани тобора бойитиб бориш заруратини тақозо этарди. Шу боис, Ёдгормирзо 2001 йилнинг октябрида Тошкент педиатрия-тиббиёт институтининг болалар жарроҳлиги кафедрасида малака оширишга ошиқди. Нуфузли билим даргоҳининг профессори, тиббиёт фанлари доктори Жуманазар Бекназаровдан сабоқ олар экан, домланинг ғоят самимий муносабати унга кўнглидаги фикрларини тортинмай айтишга имкон туғдирди.
- Устоз, Сиз билим ва малакангизни наманганликлардан аямасангиз, вақтингиз бўлса, вилоят урология марказимизга ташриф буюрсангиз, биз врачларни ҳам, Тошкентга келиб учрашишга эришолмаётган беморларимизни ҳадсиз хурсанд этардингиз, бошларимизни гўё кўкка етказардингиз,-деди у ёқимли лутф билан.
- Таклифингизни қабул қилдим деб ҳисоблайверинг, Ёдгормирзо ука. Ахир бу замон талаби-ку. Кўпчиликни бу ёққа чорлаб, ортиқча оворагарчиликка қўйгандан кўра, бизнинг ўзимиз беморларни ўша ернинг ўзида қабул қилиб, биргаликда муолажа ёки жарроҳлик амалиёти ўтказганимиз яхши. Марказингиз бош врачи Аҳмаджон Мамажонов билан телефонда боғлансак, бошқа масалалар маслаҳатиниям аввалдан пишитиб, расмий ҳамкорликка келишиб қўяқолардик.
Шогирд пойтахтдан хушхабар билан қайтди. Устоз эса унинг таклифини бажонидил қўллаб-қувватлади. Институт ва марказ алоқаси икки томонлама манфаатли бўлгани учун қисқа муддат кифоя қилмасди. Ҳамкорлик 2001 - 2008 йиллар мобайнида, яъни роса саккиз йил изчил ва самарали кечди. Дастлаб расмий тусда бошланган алоқалар кейинчалик норасмий, дўстона руҳга айланиб улгурди. Профессор Жуманазар Бекназаров икки ҳафтада бир бор вилоятга келишга одатланиб қолгач, у киши учун Тошкент билан Наманган ораси гўёки бир қадамдай туюлиб кетди-ёв. Ёдгормирзо домланинг энг суйган шогирдига, Жуманазар ака эса ёш уролог-жарроҳнинг суянган тоғига айланди.
Илм кишиси билан ёнма-ён ишлаш унга чинакамига бахтбахш паллаларни туҳфалади. Катта ва кичик, оғир ва енгил, оддий ва мураккаб операцияларнинг устоз етовида амалга оширилиши шогирд учун маҳорат мактабининг ўзи эди. Болаларда урологик туғма нуқсонлар, катталардаги танг ҳолатларни бартарафлаш амалиётлари вилоят ихтисослашган марказда уддаланаётгани қанчадан-қанча оилаларга хотиржамлик ва ҳузур-ҳаловатни қайтаради. Рақамлар оз эмас: 3000 дан зиёд бемор маслаҳат ва тавсиялар асосида муолажалар олиб соғайди. 1500 дан ортиғида мураккаб реконструктив жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилди.
- Пойтахтда ўтказиладиган муҳим операциялар вилоятингизда ўтказиляпти, энди ўзингизлар бемалол эплайверасизлар, сира бўш келманглар! - деди ниҳоят профессор Жуманазар Бекназаров шогирдига қатъий ишонган ҳолда мамнуният билан. - Энг катта ютуғингиз амалиётни илмий асосда олиб боришга ўргандингиз, тиббиёт ривожига ҳам арзигулик янгилик билан ҳисса қўшишга иштиёқингиз баланд. Энди илмий ишингизга якун ясаш мавриди ҳам келди...
Дарвоқе, Ёдгормирзо Нурматов домла раҳбарлигида докторлик иши бўйича тадқиқотларни бошлаб юборганди. У "Болаларда уретра клапанини жарроҳлик даволаш ва ташхисини оптималлаштириш" мавзусини бесабаб танламади. Бу наинки Ўзбекистон, балки бутун дунёда тиббиётидаги долзарб масалалардан бирига айланиб бораётган эди. Изланувчан шифокор яхши билдики, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг болаларда учрайдиган туғма нуқсонларни эрта аниқлаш бўйича ўтказган тадқиқотлари сийдик йўлларидаги барча туғма нуқсонларнинг 8,3 фоизини уретра клапани ташкил этишини кўрсатади. Шу тўсиқ урадинамиканинг бузилиши, пиелонефрит ривожланиши ҳамда 48-70 фоиз ҳолларда буйракнинг сурункали хасталигига олиб келади. Ёдгормирзо болалардаги мавжуд муаммоли ҳолатни ташхислаш ва жарроҳлик усулини оптималлаштириш асосида даволаш самарадорлигини ошириш бўйича қимматли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдек ғоят зарур мақсадни ўз олдига қўйди. Кўп йиллик тажрибасига таяниб, шифохонага шошилинч ва режали мурожаат этган 1162 нафар болани танлаб олди. Айнан қуйи пешоб йўлида тўсиғи бор 122 нафар беморни даволаш билан бирга ўзининг жарроҳлик амалиёти ва самараси устида изчил бош қотирди. Тадқиқотни клиник, биокимёвий, инструментал, яъни ултратовушли, рентгенологик, уродинамик ва статистик усуллар асосида ўтказди.
Илмий-амалий изланишлари унинг учун янгилик яратиш омилига айланди. Дастлаб даволашда қўлланган уч усул уч гуруҳда синовдан ўтказилди. Эндоскопик йўл билан, полиэтиленли ҳамда металл вальвулатомни ишга солиб уретик тўсиқ бартараф этилди ва натижалар таққосланди. Улар ичида учинчи янги усулнинг афзаллиги яққол кўзга ташланди.
Эътиборли жиҳати шундаки, металл вальвулатомни Ёдгормирзонинг ўзи ихтиро қилган эди. Фойдали модел учун 2011 йилнинг 13 июлида № ҒАВ 00642 рақамли патент ҳам олганди. Жарроҳ яратган асбоб билан чақалоқлардан бошлаб катта ёшдаги беморларгача туғма нуқсонлари бартараф этилади. Авторефаратда металл вальвулатом ёрдамида уретра клапанини олиб ташлаш техникаси аниқ шарҳланган: "Бунинг учун ҳосил бўлган йўлак ва уретрада ҳалқали дренажли катетер жойида 0,8 миллиметрли леска қолдирилади. Бу леска вальвулатом дастаси канали ичидан ўтказилади ва у йўлак орқали қовуққа, кейин эса уретратнинг орқа қисмига киритилади. Ана ўшанда мавжуд тўсиқ сезилади. Кесувчи вальвулатом дастасининг каналидан леска ўтказилади, аста-секин клапанни ушлаб турувчи қисмига етиб боради. Бу ҳолда леска таранг тортилганда кесувчи ва ушлаб турувчи қисмлар аниқ бир-бирига мос келишини таъминлайди. Кесувчи қисм ушлаб турувчи қисмга кирганда тўсиқ айлана бўйича бутунлай кесилади, пешоб йўли очилади. Агар зарур бўлса, муолажа такрорланади, кейин мослама асбоб қовуқдан чиқарилади".
Даволаш амалиётида Наманганда яратилган янгилик бутун Ўзбекистонгагина эмас, дунёга ҳам ёйилди. Ёдгормирзо Нурматов 2011 - 2015 йилларда республика ва халқаро илмий анжуманларда бевосита ҳамда сиртдан қатнашди.
Шифокорнинг ихтироси, илмий амалий ютуқлари халқаро аҳамият касб этди. Боиси, у шунчаки тор доирада қолиб кетаверадиган янгиликка қўл урмаганди. Тиббиётнинг энг замонавий талабларига жавоб бера оладиган илмий-амалий кашфиёт соҳиби эски усулдан янгисининг қай даражада афзаллигини, янаям аниқроқ айтганда, ишончли, арзон ва қулайлигини математик моделлаштиришга эришди. Наманган давлат университети олими, доцент Маматхон Холмуродовнинг яқиндан берган кўмагига таяниб, даволашнинг ўзига хос формуласини жорий қилишнинг уддасидан чиқди. Математик ҳисоблашлар ва моделлар хулосалари асосида болаларда уретра клапанини оператив даволашда металл вальвулатом усули афзаллигини тўла исботлаб берди.
Илмий-тадқиқот ўтказиш, янгилик яратиш, уни амалиётда қўллаш, самарадорлигию, афзалликларини аниқлаш, энг муҳими, бунга бошқаларни ишонтириш ўта машшаққатли машғулот. Бунда иккиланиш, салгина сусткашлик муваффақиятига путур етказишни чуқур англаган Ёдгормирзо сира бўш келмади. Устозлари далдаси, йўл-йўриқлари, эътирофларию, эътирозлари илмий изланишлари рағбатига айланди. У тадқиқоти натижалари оламшумул аҳамият касб этишига қатъий ишонарди. Ана шу ишонч қўлига гоҳ вальвулатом, гоҳ қалам тутишига сабаб бўлаверди. Омадни қарангки, истиқлол шарофати билан ҳаётимизга кириб келган ахборот комуникацион технологиялари унинг узоғини яқин, мушкулини осон қилди. Докторлик ишига доир мақолалари бирин-кетин хорижий журналлару илмий тўпламларда чоп этилаверди. Улар рус, инглиз, немис тилларида оламга ёйилди. Чунончи, 2012 - 2014 йилларда Америка Қўшма Штатлари, Англия, Германия, Швеция, Канада, Польша ва Россиядаги нашрлар ўзбекистонлик ёш олим-шифокорнинг илмий хулосаларию, амалий натижалари мужассамланган 15 та мақоласини кўп нусхада чоп этди. Айни дамда унинг тиббиёт тараққиётига муносиб ҳисса бўлиб қўшилаётгани алоҳида таъкидланди. Бугун Ёдгормирзо Нурматовнинг ишхонаси деворларини ана шу мамлакатларнинг нуфузли муассасалари томонидан берилган қатор-қатор сертификатлар безаган.
2016 йилнинг 15 апрели унинг ҳаётида бир умр ўчмас саҳифа бўлиб қолади. Тошкент педиатрия тиббиёт институтида докторлик диссертациясининг ҳимоя анжумани ўтказилди. Ҳаяжон ва ғулғулага тўла кўнглидан ўша лаҳзаларда нималар ўтгани фақат ўзигагина аён. Баҳсу мунозара бу қадар авжланишини асло ўйламаган Ёдгормирзо устози Жуманазар Бекназаровга қараб-қараб қўярди. Кўпни кўрган, кўпни билган профессор баъзи асоссиз эътирозларга беписанд тургани, нигоҳларидан "Давом этинг, сиздаги тажриба етарли, аввал ўзингиздан эшитишсин, кейин фикрлар тиниқлашади", деган маънони уққани учун усти-устига ёғилган саволлар олдида эсанкираб ўтирмади.
Ниҳоят анжуман меҳмони, илмий тадқиқотчининг расмий оппонентларидан бири, урология бўйича жаҳонга танилган профессор, Россия Фанлар академиясининг академиги Вадим Георгиевич Гельд минбарга келди. Ўтирганларга разм солганича гапни қисқа қилди:
- Биз Ўзбекистоннинг шундай серҳафсала ва серғайрат шифокорларини қўлламасак, кимни қўллаймиз. Пойтахтдан йироқдаги вилоятда туриб, халққа хизмат қилиб, касбий юмушидан узилмаган ҳолда илмий-тадқиқотнинг уддасидан чиқиш, янгилик яратиш ҳеч муболағасиз ЖАСОРАТ эмасми!
Қарсаклар зални тутди. Академикнинг юзларига табассум ёйилди. Ёдгормирзо шундагина ўзини енгил ҳис этди.
Орадан кўп ўтмади. Йилнинг 8 июнида Олий Аттестация комиссиясининг "Тиббиёт фанлари доктори" деган илмий даража берилгани ҳақидаги дипломини қўлга киритди.
Омадни қарангки, Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигини ҳам ишда, ҳам илмий изланишда муносиб ютуқлар билан кутиб олди. Бунинг учун, аввало устозларидан, сўнгра ҳамкасбларидан, қадрдон жамоасидан бир умрга миннатдор.
Ёдгормирзо Нурматовнинг кўнгли бугунги толеига шукроналикка лиммо-лим. Хусусан, маркази бош врачи Абдумалик Раҳмоновнинг кўмагидан беҳад хурсанд. "Бош врачимиз ҳамма нарсага эътиборли экани бизни доимо фаол ишлашга ундаб туради, - дейди у раҳбаридан мамнунлигини изҳорлаб. - Илмий ишга астойдил берилганимни кўриб, "Сизга қандай шароит зарур бўлса, яратиб берамиз. Мана бу ноутбук ўзингизга, унда тадқиқотингизни бемалол ёзверасиз", дея рағбат берганликларини унутиб бўладими".
Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг болалар урологияси ва ўсмирлар гинекологияси бўлими мудири ҳақида сафдошларидан ҳам яхши фикрлар эшитдик.
Роҳатой Тўраева- болалар урогинекологи:
- Ҳар томонлама ҳурматга сазоворлар. Билим ва тажрибалари шунчалик бойки, бўлимимизга ётган беморлар тўла муолажа топадилар. Пойтахтга боришларига ҳеч ҳожат қолмайди. Жамоамиздагиларни ҳамиша маънавий қўллаб-қувватлайдилар. Оилалари ҳам намунали.
Назира Юсупова- катта ҳамшира:
- Раҳбаримиз ўз ишларига пухта инсон. Касбларига фидойи. Одамгарчиликлари бутун. Ҳеч биримизнинг туғилган кунимизни эсдан чиқармайдилар. Ёши улуғларни янада ардоқлайдилар. У кишининг таклифлари билан ўтган йили ҳамшира ва кичик тиббиёт ходимларимиздан Марғуба Камолова, Маҳпират Маҳмудова ва Малика Ҳакимоваларни тантанали равишда пенсияга кузатдик. Юксак ҳурмат-эҳтиромдан кўнгиллари беҳад яйраган опаларимиз шундай жамоада меҳнат қилишганидан ғоят фахрланишди.
Жасоратли жарроҳ, омадли олимнинг оиласига кўплар ҳавас қилишади. Турмушдошлари Нодирахон ҳамшира. Болалар боғчаси кичкинтойлари саломатлигини сақлаш билан машғуллар. Қизлари Юлдузхон Наманган давлат университети филология факультетининг инглиз тили йўналиши 3-босқич талабаси. Гулрухсор Наманган шаҳридаги 1-академик лицейнинг, Эркинмирзо 48-мактабнинг аълочи ўқувчилари.
Истиқлолли юртнинг чин иқболли олим-шифокори Ёдгормирзо Нурматовнинг кўнглидаги эзгу ниятлари бир талай. Шу азиз юртнинг порлоқ эртаси соҳибларига айланадиган азиз болажонларни соғломлаштиришдан бетиним завқ ва фахр туйиб яшаш унинг учун ҳар доим энг улуғ эзгу мақсад бўлиб қолаверади.
Толмас шифокор-ижодкор айни дамда докторлик мавзусини кенг ва батафсил қамраб олган монография устида бош қотирмоқда. Бу билан у ўз ишининг қимматли тажрибаларидан мамлакатимиздаги барча ҳамкасбларини янада тўлиқроқ баҳраманд этишдек эзгу ниятига эришмоқчи. Дарвоқе, кўнгли тубидаги ҳамиша уйғоқ туйғуларини тиббий китобининг биринчи саҳифаси бошланмасига "Ушбу китобимни ҳаётда борлигим ва камолотимга сабабчи икки табаррук инсоним - Ҳотаммирза ҳожи отам ҳамда Кўпайсин ҳожи онамларнинг руҳи покларига чуқур эҳтиром билан бағишлайман" деган дил изҳорини муҳрлаб қўйган. Тирикликларида уларнинг дуоларини олганидан ҳамиша дили таскин топади. Энди эса, падарибузруквори ва волидаимуҳтарамаси руҳлари садоқатли фарзандни кечаю-кундуз қўллаб, эзгу ниятлари ижобатини тезлаштирса ҳам ажаб эмас.
Содиқ САЙҲУН.