Бундай шароитда атроф-муҳит озодалигини сақлаш ғоят муҳим. Лекин санитария-эпидемиология ва ветеринария хизматлари фаолиятида ечимини кутаётган муаммолар тўпланиб қолганки, уларга кечиктирмай ечим топиш жуда зарур. Шу боис жорий йилнинг 17 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология ва ветеринария хизматлари фаолиятини танқидий ўрганиш бўйича комиссиянинг ишчи йиғилиши бўлиб ўтган эди. Унда қабул қилинган қарорлар ижросини вилоятда таъминлаш мақсадида "Ёшлар маркази" конференциялар залида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамда Ўзбекистон Экологик Ҳаракати Наманган вилоят бўлинмаси ҳамкорлигида давра суҳбати ташкилланди.
Тадбирни ФЖШМҚМИнинг Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари З. Худойбердиев кириш сўзи билан очди.
Шундан сўнг, вилоят ветеринария бошқармаси бошлиғи Э. Аҳмадалиев, вилоят ДСЭНМ бош врачи ўринбосари А. Раҳимовлар мавзу юзасидан маъруза қилдилар.
Давра суҳбатида вилоятда санитария-эпидемиология ва ветеринария хизматларини янада такомиллаштириш, жойларда аҳолини санитария-эпидемиология осойишталигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш ва бошқа бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Экспертлар ўз соҳалари бўйича қимматли таклиф ва мулоҳазарини билдиришди.
Тадбирда вилоят адлия бошқармаси, ветеринария бошқармаси ва давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг шаҳар ва туманлари ташкилотлари раҳбарлари, соҳага оид нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Манзура ЭРГАШЕВА.