- Кўп яшанглар, сизлар ҳам савобли юмушларга ҳисса қўшдиларинг, энди бу ерда яшаб-даволанувчилар янги жиҳозлардан фойдаланадиган бўлишди, ёрдамларинг учун катта раҳмат! - деди хуш кайфиятда.
Бу аслида биринчи "юк" эмасди. Шундай замонавий стол-стуллар, жавону диван-кроватлар олдинроқ ҳам олинган эди. Чунки кейинги пайтда "Мурувват уйи" даги шароиту қулайликларни яхшилашга алоҳида эътибор билан қаралмоқда. Эзгу ишларнинг бошида муассаса директори Моҳинисо Маърупова турган бўлса, Фурқатжон Мамажонов унинг гўёки "ўнг қўли"га айланган.
- Сўнгги пайтда вилоят ҳокимлигию, ҳомий ташкилотларнинг беминнат кўмаклари туфайли моддий-техника базамиз тобора бойиб бормоқда, - дейди директор мамнунлик билан. - Тоза ичимлик суви таъминотидаги муаммолар ижобий ечимини топди. Янги 2 та иситиш қозони ўрнатилди. Ҳам совуқ, ҳам иссиқ сув узилмайди. Биноларимиз сифатли таъмирлаб берилди. Барча қулайликлар 300 нафар беморнинг эмин-эркин яшаши, зарур муолажаларни олишига хизмат қилаётир. Бундан уларнинг ўзларию, яқинлари ғоят хурсанддирлар.
Мен 1960 йилда ташкилланган мазкур давогоҳда бундан анча йиллар аввал ҳам бўлгандим. Бугунги қиёфасию, шароитларини илгаригисига беихтиёр таққосладим. Тубдан фарқ қилади. Кўримсиз бинолар, эскирган жиҳозлар, қийин шароитлар қаёқдаю, бугунги обод ва кўркамлик касб этиш, барча зарур шароитларнинг муҳайёлиги, қулай имкониятларнинг яратилганлиги қаёқда. Бундай ғамхўрликка фақат ҳалол ва фаол ишлаш билан жавоб бериш лозим. Худди шундай қилишяпти аҳил жамоанинг меҳридарё ходимлари.
- Биз ўғлимиз Темурбекка кўрсатилаётган ғамхўрликлардан, яратилган шароитлардан жуда хурсандмиз. Оиламиз, барча даволанувчилар номидан давлатимизга, ташкилотчилар ва ҳомийларга катта раҳматлар айтамиз, - дейди фарғоналик Наргиза Маллабоева биз билан суҳбатда.
Дарҳақиқат, ҳар бир даволанувчи наинки шифокорларнинг, уларга қаровчи бошқа тоифадаги касб эгаларининг ҳам доимий эътиборида. Врачлар Ғ. Жалолов, Б. Умаров, ҳамширалар Ш. Зайниддинова, Ҳ. Қодирова, Н. Рисқалиева, Г. Хўжаматова, Ш. Маннонова, кичик тиббий ходимлар С. Валиева, М. Муҳсинова, А. Тўрахонов, Т. Тошматов, ошхона хизматчиларидан Б. Муҳсинов, И. Турдиев ҳамда хўжалик бекаси Ф. Тўхтаеваларнинг ўз вазифаларини ҳамиша сидқидилдан бажаришаётганини директор алоҳида таъкидлаб ўтди.
Жамоа учун 2016 йилги тиббиёт ходимлари байрами унутилмас кунга айланганини яхши биламиз. Чунки, Сайёра Валиева вилоят бошқармаси ташкиллаган танлов ғолиблари сафидан ўрин эгаллади. У "Йилнинг энг яхши кичик тиббий ходими" дея эътироф этилди.
Поп туманидаги "Мурувват уйи"га ҳокимлик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, ҳомий муассасалар вакиллари тез-тез ташриф буюриб туришлари одатий тусга айланган. Меҳрга муҳтож ҳамюртларимиз ҳеч вақт ўзларини ёлғиз ҳис қилмайдилар. Улар аввало давлатимизнинг кучли ижтимоий ҳимоясида яшайдилар. Қолаверса, саховатпеша ҳамюртларимиз мурувватларини ҳеч вақт аяшмайди.
Рустамали Мамадалиев,
Ўзбекистон Журналистлар ижодий
уюшмаси аъзоси.