Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда ҳамма тармоқлардаги мавжуд ҳолатнинг теран таҳлилини тинглаб, янги йилда олдимизга қўйилган энг муҳим вазифаларни эшитиб, раҳбарлик фақат кўпчиликка бошчилик эмас, айни вақтда катта жавобгарликни зиммага олиш эканини янада чуқурроқ англадик.
Биз меҳнат қилаётган тиббиёт соҳасида ҳам камчиликлар бир талайлигини, инкор этишга ҳеч ҳаққимиз йўқ. Асосли далиллар билан соғлиқни сақлаш вазиримизга берилган олти йўналишдаги саволлар бевосита бизларгаям юз фоиз тегишли. Яширмасдан айтсак, бирламчи бўғинимиз - қишлоқ врачлик пунктларимиздан талаб қилинаётган даражадаги самарага эриша олмаяпмиз. Даволаш-профилактика муассасаларимизда диагностика ҳолати ва врачларимизнинг малакаси паст.
Тез тиббий ёрдам кўрсатиш халқимизни тўла қониқтирмаяпти. Ходимларимиз ўртасида лоқайдлик ва таъмагирлик тугатилмаган. Дорихоналар фаолиятини тартибга солиш билан жиддий шуғулланилмай келинди. Охир-оқибат муаммолар кўпайиб, аҳолининг эътироз ва шикоятлари тўхтамаяпти. Булар бизни ўйлантирмасдан, ташвишлантирмасдан қолмайди, албатта. Энди тармоқдаги кенг кўламли ишларимизни тубдан яхшилаш учун кеча-кундуз тинмай ишлашимиз, хизматимиз беминнатлигидан, давлатимиз ҳар бир фуқароси учун кафолатли тиббий ғамхўрлик кўрсатишни таъминлаб қўяётганидан каттаю-кичик қониқиш ҳосил қилишига эришишимиз шарт.
Президентимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун вазирликка олти йўналишдаги аниқ вазифаларни белгилаб берди. Қишлоқ врачлик пунктлари, ихтисослашган марказлар ва тез тиббий ёрдам станциялари фаолиятини яхшилаш, мутахассислар малакасини ҳам мамлакатимизда, ҳам етакчи хорижий клиникаларда ошириш, 340 номдаги дори воситалари ва тиббиёт буюмлари чегараланган нарх бўйича сотилишини тартибга солиш, экология ҳамда жисмоний тарбия ва спортга боғлиқ ишларни тармоқ мутасаддилари билан ҳамкорликда фаоллаштириш масалалари долзарб қилиб қўйилди.
Биз вазиримиз Адҳам Илҳомович Икромовдан талаб қилинган ғоят масъулиятли вазифаларни бажаришга ҳамиша елкадош бўлишга бурчлимиз. Чунки, Наманган вилояти тиббиётчилари ҳамма вақт республикада ўз ўрни ва ўз мавқеига эга бўлиб келган. Бундан кейин ҳам халқ саломатлигини сақлаш борасида мамлакат тиббиётчиларининг пешқадамлари бўлишга интилаверамиз. Бунга билимимиз ҳам, куч-ғайратимиз ҳам етарли.
Бугун мамнуният билан айта оламизки, 2016 йил соҳадошларимиз учун халққа фаол хизмат қилиш йили бўлди, дейишга ҳақлимиз. Пойтахтдан бир неча бор ташриф буюрган юқори малакали олим-шифокорлар билан биргаликда "Ҳеч ким меҳр-эътибордан четда қолмайди" шиори остида серсамара тадбирлар ўтказдик. "Патронаж ойлиги" доирасидаги ҳаракатларимиз халқимизни янада хурсанд қилди. Ҳар бир оилага кириб борилди. Беморлар даволанди, соғломларига турли касалликларнинг олдини олиш тавсиялари берилди. Тиббий кўрикларнинг муҳим йўриқлилигини халқимиз энди тўла тушуниб етмоқда. Соғлом турмуш тарзига амал қилиш - соғлиқ ва узоқ умр кўриш гарови эканини яхши билиб олишмоқда. "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури доирасида она ва боланинг саломатлигини муҳофаза қилишни кучайтириш, соғлом ва ҳар томонлама ривожланган авлодни шакллантириш учун кенг кўламли чора-тадбирлар комплекси изчил амалга оширилди.
Лекин ҳали навбат кутиб турган вазифалар бир талай. Хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, ҳар бир муассасамизда ўтган йилги ишларни танқидий таҳлилдан ўтказамиз. Камчиликлардан асло кўз юммаймиз. Уларни аниқлаб, тезда бартараф этишга киришамиз. Вазифалар ижроси учун тизимдаги раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини тобора ошириб бораверамиз. Шундагина бугунги режалар - эртага натижа касб этиши мумкинлигини бирор дақиқа унутмаймиз.